O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Парламент назорати самарадорлигини ошириш — давр талаби

23.04.2015

Самарқанд вилоятида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан “Янги ижтимоий-сиёсий шароитларда парламент ва депутатлик назорати самарадорлигини оширишнинг долзарб масалалари: қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти” мавзуида минтақавий семинар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2015 йилга ва келгуси йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастури ижроси доирасида ташкил этилган мазкур тадбирда сенаторлар, халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши депутатлари ва доимий комиссиялари раислари, давлат ҳамда жамоат ташкилотлари раҳбарлари, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Таъкидланганидек, бугун мамлакатимизда иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ҳамда жамиятни демократлаштириш борасида изчил ислоҳотлар ҳаётга татбиқ қилинмоқда. Айниқса, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти устидан парламент назоратини амалга оширишнинг аҳамияти тобора ортиб бораяпти. Бу эса қонунлар қандай ижро этилаётганлигини ўрганиш ҳамда уларнинг амалиётдаги самарасини аниқлашнинг таъсирчан воситаси бўлиб хизмат қилаётир.

Маълумки, парламент юқори палатасининг 2015 йил 22 январда ўтказилган биринчи мажлисида қонун чиқарувчи органда, энг аввало, минтақаларнинг манфаатларини ифода этувчи сенаторлар жойларда қонунларнинг, социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ривожлантиришга доир энг муҳим давлат дастурларининг ижросини ўрганишда, ҳудудлар муаммоларини аниқлашда, қонунлар устида ишлаётганда минтақалар манфаатларини ҳар томонлама ҳисобга олиш учун халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари билан ҳамкорлик самарадорлигини оширишлари зарурлиги таъкидланган эди.

Шу сабабли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг қонунлар ҳамда энг муҳим давлат дастурлари ижросини таъминлаш борасидаги фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш бўйича вилоят, туман ҳамда шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари, уларнинг доимий комиссиялари билан ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш зарур. Бунда жойлардаги сенаторлар салоҳиятидан кенг фойдаланиш талаб қилинади.

— Семинарда парламент назорати, хусусан, сенаторлик ва депутатлик сўровидан самарали фойдаланиш борасида ўзаро тажриба алмашилди, — деди сенатор Зайнаб Бердиева. — Парламент назорати самарадорлигини ошириш, қонунлар ҳамда давлат дастурларининг бажарилишини ўрганиш, назорат-таҳлил тадбирлари натижалари бўйича жойларда қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, қонунларни ижро этишда йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф қилиш бўйича аниқ, ҳар томонлама маромига етказилган таклифларни ишлаб чиқиш юзасидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва уларнинг доимий комиссиялари фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган устувор вазифалар белгилаб олинди.

Семинарда жойларда ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида парламент назоратини кучайтириш ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамда бошқа давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятида қонунийлик, очиқлик ҳамда ошкораликни таъминлаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Бунда сенаторлар ва депутатлар ўз фаолиятлари давомида парламент назоратининг сенатор ҳамда депутат сўровини юбориш туридан кенг фойдаланиб, мансабдор шахсларнинг муайян масалалар юзасидан ҳисоботларини мунтазам эшитиб бориши муҳимлиги ҳам таъкидланди.
Семинарда тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

М. ЗИЁДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

O'zbekcha | Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati