O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Ўзбекистон ва Индонезия парламентлари аъзолари учрашуви

22.05.2015

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Индонезия Республикаси парламенти Минтақалар вакиллари кенгаши раиси Ирман Гусман раҳбарлигидаги делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон ва Индонезия ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланиб бораётгани, бунда икки давлат раҳбарларининг олий даражадаги учрашувларида эришилган келишувлар муҳим асос бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди.
Индонезия Республикасининг сиёсий доиралари вакиллари Ўзбекистонда 2014 ва 2015 йилларда бўлиб ўтган парламент ҳамда Президент сайловларини кузатиб борди. 
Кузатувчилар сайлов кампаниясига юксак баҳо бериб, сиёсий тадбир демократик стандартларга мувофиқ ўтказилганини эътироф этишди. Учрашувда парламентлараро алоқалар икки томонлама самарали сиёсий мулоқот учун муҳим омил бўлиб хизмат қилиши таъкидланди. Парламент аъзолари барча йўналишда икки томонлама алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди. 
— Биз Ўзбекистон билан ҳамкорликни, айниқса, парламентлараро алоқалар йўналишида янада мустаҳкамлашни истаймиз, — деди Индонезия Республикаси парламенти Минтақалар вакиллари кенгаши раиси Ирман Гусман. — Ўзбекистон иқтисодиёти жадал ривожланмоқда, аҳолининг фаровонлиги юксалаётир. Индонезия Ўзбекистон билан барча соҳада ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш тарафдоридир.
Томонлар парламент тажрибаси, қонунчилик фаолиятини такомиллаштириш, иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантириш, минтақавий хавфсизлик ҳамда барқарорликни таъминлашга доир долзарб масалалар юзасидан фикр алмашишди.


Қобил ХИДИРОВ

 

O'zbekcha | Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati