O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Ишбилармонлик муҳитини яхшилашнинг муҳим шарти

22.04.2015

Фарғона вилоятида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси томонидан “Назорат қилувчи органлар фаолиятидаги қонунийлик, холислик ва ошкоралик — ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг муҳим шарти” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда Сенат аъзолари, халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгаши депутатлари ва доимий комиссиялари раислари, маҳаллий давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари раҳбарлари, кичик бизнес вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда олиб борилаётган демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини тубдан такомиллаштириш, янги ижтимоий-сиёсий шароитларда эркин бозор иқтисодиёти талаблари ҳамда тамойилларига ва умумэътироф этилган халқаро нормаларга мувофиқ бизнес юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасида фаол иш олиб борилмоқда.

Айни пайтда Юртбошимизнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқида таъкидлаб ўтилганидек, “Эртанги кунни, келажак истиқболимизни ўйлайдиган бўлсак, бугун иқтисодиётимизда амалга ошираётган кенг кўламли ислоҳотларни, авваламбор, таркибий ўзгаришларни янада чуқурлаштириш, янги, замон талаб қиладиган даражага кўтариш масаласини ҳал қилмасдан туриб, очиқ айтишимиз керак, биз ўз мақсадларимизга — тараққий топган демократик давлатлар қаторига кўтарилишимиз ҳақида гапиришнинг ҳожати қолмайди.

Биринчи навбатда Конституциямизда муҳрлаб қўйилган кўп тармоқли иқтисодиётимизнинг устувор соҳаси бўлмиш хусусий мулк ва хусусий тадбиркорлик йўлидан барча ғов ва тўсиқларни йўқ қилиш — биз учун ҳал қилувчи, устувор вазифага айланиши даркор”.

Давра суҳбатида ушбу вазифаларни рўёбга чиқаришда назорат қилувчи органлар фаолиятида қонунийлик, холислик ва ошкоралик принципларига риоя қилинишини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди. Зеро, ушбу идоралар фаолияти хўжалик юритувчи субъектлар, кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга, қонунларнинг рўёбга чиқарилишига кўмаклашиш ҳамда тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилгандир.

Бугунги кунда назорат органлари томонидан ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш бўйича муайян чора-тадбирлар амалга оширилаётгани, тадбиркорларга ҳар томонлама ҳуқуқий ва бошқа ёрдам кўрсатилаётгани айтиб ўтилди.

Йиғилишда сенаторлар айрим назорат қилувчи органлар, шу жумладан, маҳаллий давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органларининг фаолиятида қонунийлик, холислик ва ошкоралик тамойилларини таъминлаш масалаларида мавжуд бўлган баъзи хато ҳамда камчиликларни ҳам кўрсатиб ўтдилар. Назорат қилувчи органлар томонидан хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текшириш натижалари оммавий ахборот воситаларида етарлича ёритиб берилмаётгани таъкидлаб ўтилди.

Сўзга чиққанлар назорат қилувчи органлар фаолиятини оммавий ахборот воситаларида мунтазам ёритиб бориш, доимий комиссиялар мажлисларида ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларида мансабдор шахсларнинг қонунлар ҳамда давлат дастурлари ижро этилиши ҳақидаги ахборотларини эшитиш ҳам муҳим аҳамият касб этишини қайд этишди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2015 йил ва ундан кейинги йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурида бу борада аниқ вазифалар белгилаб олингани, хусусан, қонунлар, давлат ҳамда ҳудудий дастурлар ижроси устидан парламент назоратини кучайтириш, бу борада халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши кўзда тутилган.

Тадбирда иштирокчилар ўзаро фикр ва тажриба алмашдилар, хусусий мулкчилик ҳамда хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги барча ғов ва тўсиқларни бартараф этишда, мамлакатимизда ишбилармонлик муҳити ҳамда инвестиция шароитларини яхшилашда, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш ҳамда соддалаштиришда, кўрсатилаётган замонавий банк-молия хизматлари турларини кенгайтириш ва сифатини оширишда назорат органларининг роли ҳамда аҳамиятини янада кучайтириш масалалари юзасидан айрим таклиф ва тавсияларни билдирдилар. Бунда маҳаллий Кенгашлар депутатлари ҳамда улар доимий комиссияларининг назорат қилувчи органлар билан ўзаро ҳамкорлиги самарадорлигини ошириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Давра суҳбати иштирокчилари томонидан тегишли тавсиялар қабул қилинди.


Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати.


O'zbekcha | Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati