O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг биринчи мажлиси тўғрисида ахборот

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг биринчи мажлисиТошкентда 22 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди. 

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов иштирок этди. 

Йиғилишда давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. 

Мамлакатимиз қонунчилигига мувофиқ мажлисни Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов очди. Сенаторлар Сенат биринчи мажлисининг котибиятини, электрон тизимдан фойдаланиш бўйича назорат гуруҳини сайлади, кун тартибини тасдиқлади. 

Мажлисда Сенатни шакллантириш очиқлик ва транспарентлик каби демократик принциплар асосида, миллий сайлов қонунчилигимиз талабларига тўла мувофиқ ўтгани таъкидланди. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоят, туман ва шаҳар кенгашларининг қўшма мажлисларида 84 сенатор сайланди. Президентимиз томонидан 16 нафар Сенат аъзоси тайинланди. 

Сенат давлат ва жамият фаолиятининг фан, санъат, адабиёт, ишлаб чиқариш ва бошқа соҳаларида алоҳида хизмат кўрсатган, катта ҳаётий тажриба ва обрў-эътиборга эга фуқаролардан шакллантирилгани қайд этилди. 

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов нутқ сўзлади. 

Мажлис иштирокчилари Сенат фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқди. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг биринчи мажлисиПрезидент Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси ва унинг ўринбосарлари лавозимларига номзодларни тақдим этди. 

Сенат аъзолари яширин овоз бериш йўли билан Сенат Раиси лавозимига Ниғматилла Йўлдошевни, Раис ўринбосарлари этиб Светлана Ортиқова ва Муса Ерниязовни сайлади. 

Мажлисда сенаторлар Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари, Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари, Мудофаа ва хавфсизлик масалалари, Ташқи сиёсат масалалари, Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари, Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмиталарини ташкил этди ҳамда уларнинг раисларини сайлади. Сенатнинг Регламент ва одоб комиссияси ҳам тузилди. 

Мажлисда кўрилган барча масалалар юзасидан Сенат қарорлари қабул қилинди. 

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг биринчи мажлиси ниҳоясига етди. 


Русский | O'zbekcha

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati