O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

ЖАМОАТЧИЛИКНИНГ ҲАР ТОМОНЛАМА ХАБАРДОР ЭТИЛИШИНИ ТАЪМИНЛАШ – МУҲИМ ВАЗИФА

21.10.2015

2015 йил 21 октябрь куни Олий Мажлис Сенатида «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва маҳаллий Кенгашлар депутатларининг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари билан ўзаро алоқасини ривожлантириш шакллари ва усуллари» мавзусидаги семинар-тренинг бўлиб ўтди. Ушбу семинар-тренинг Сенатнинг Ахборот хизмати томонидан ташкил этилди.

Мазкур тадбир жамоатчиликни парламент юқори палатасининг ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг фаолиятидан хабардор қилиш борасида сенаторларнинг ва маҳаллий Кенгашлар депутатларининг оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда олиб бориладиган ишларини кучайтириш, сенаторларнинг ва маҳаллий Кенгашлар депутатларининг интервью бериш ҳамда омма олдида сўзга чиқиш кўникмаларини шакллантириш, шунингдек улар томонидан ўтказилаётган матбуот-анжуманлари, брифинглар, сайловчилар билан учрашувлар ва бошқа тадбирларнинг сифати ҳамда самарадорлигини ошириш мақсадида ўтказилди.

Семинар-тренинг ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида доимий асосда ишловчи ҳамда Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятларидан ва Тошкент шаҳридан сайланган сенаторлар, Сенат Девони ходимлари, Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳри маҳаллий Кенгашлари доимий комиссияларининг раислари, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, «Халқ сўзи» - «Народное слово» ва «Тошкент оқшоми» - «Вечерний Ташкент» газеталари ҳамда бир қатор бошқа оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Ўзбекистонда мустақиллик йилларида ҳуқуқий демократик давлатни яратишга қаратилган кенг миқёсли ислоҳотлар рўёбга чиқарилганлиги семинар-тренингда таъкидлаб ўтилди. Бозор иқтисодиётига ўтиш, самарали ижтимоий сиёсат олиб борилишини таъминлаш, давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш, мамлакатда кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш бўйича улкан ислоҳотлар амалга оширилди.

Конституциянинг мамлакатимизда ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга эканлиги ҳақидаги қоидаси асосида ушбу кафолатни мустаҳкамловчи ва ривожлантирувчи бир қатор қонунлар қабул қилинди. «Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида»ги, «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонунлар шулар жумласидандир. Ушбу қонунларда ҳар бир фуқаронинг мамлакатимизда ва унинг ташқарисида юз бераётган барча жараёнларни билиш ҳуқуқи мустаҳкамланган. Айнан шу тарзда, яъни аҳолини хабардор қилиш орқали мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларда аҳоли иштирокини фаоллаштириш, фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этишдан иборат конституциявий ҳуқуқи амалга ошишини таъминлаш мумкин.

Қарийб беш йил аввал парламент томонидан қабул қилинган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида таъкидланганидек, фуқароларнинг ахборот соҳасидаги эркинликлари ва ҳуқуқларини таъминлаш масаласи инсоннниг ахборот олиш, ахборотни ва ўз шахсий фикрини тарқатиш ҳуқуқи ва эркинлигини ўзида мужассам этган бўлиб, бу Ўзбекистонда демократик жамият асосларини барпо этишнинг муҳим шарти, таъбир жоиз бўлса, тамал тоши ҳисобланади.

Депутатга ёки сенаторга ўз манфаатларини ифодалашни ишониб топширган сайловчи бу амалда қандай ижро этилаётганлигини билишга ҳақли. Қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳокимиятнинг вакиллик органлари ўз сайловчилари олдида ҳисоб берадилар. Ўтган йили парламент томонидан қабул қилинган «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида ҳам очиқликни, шу жумладан қонун чиқарувчи ҳокимият халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш механизмлари мустаҳкамлаб қўйилган.

Очиқлик замирида энг аввало ҳокимият вакиллик органларининг оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлигига, аҳолини барча даражадаги депутатлар ва сенаторлар томонидан бажарилган ишлардан, қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолиятидан хабардор қилиш ётади.

Президент Ислом Каримов жорий йилнинг 23 январида бўлиб ўтган парламент палаталарининг қўшма мажлисида таъкидлаганидек, қонун лойиҳаларини, айниқса, аҳолининг ҳаётий муҳим манфаатлари, ижтимоий ҳуқуқларига бевосита дахлдор бўлган қонунчилик ҳужжатлари муҳокамасига жамоатчиликни, фуқаролик институтлари вактлларини ҳам жалб этиш лозим. Мазкур вазифани бошқа вазифалар каби оммавий ахборот воситалари билан яқиндан ҳамкорлик қилмай туриб бажариб бўлмайди.

Бу масалада Олий Мажлис Сенатида фаолият олиб бораётган Ахборот хизмати парламентнинг юқори палатаси ва ОАВ ўртасида ўзига хос кўприк бўлиб, у республиканинг етакчи оммавий ахборот воситалари билан яқин алоқани йўлга қўйган. Бугун журналистлар Сенатда ўтказиладиган деярли барча тадбирларда, мажлисларда иштирок этмоқдалар. Жумладан, жорий йилнинг 9 ойи мобайнида Сенатнинг фаолияти ҳақида оммавий ахборот воситаларида 3650 тадан зиёд материал, шу жумладан босма оммавий ахборот воситаларида 1021 та материал чоп этилди ҳамда телевидение ва радио орқали 2760 та кўрсатув ва эшиттириш узатилди. Ушбу давр мобайнида Сенатнинг веб-сайтига 650 дан ортиқ материал жойлаштирилди. Веб-сайтга ташриф буюрувчилар сони 850 минг кишига етди.

Шу билан бирга бугун мамлакатимизнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотларни холис ёритиб бериш, айниқса кенг жамоатчиликка халқнинг ишончли вакилларидан иборат бўлган парламент палаталари қизғин фаолиятининг аҳамиятини, янги қонун ҳужжатларининг, шунингдек Сенат қўмиталари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари томонидан ўтказилаётган ижтимоий-сиёсий тадбирларнинг мазмуни ва аҳамиятини етказиш масалаларига қўйилган талаблар ҳар қачонгидан ҳам кучайиб бормоқда. Мазкур масалалар бўйича юксак самараларга эришишда давлат ва жамият ўртасидаги воситачи бўлган оммавий ахборот воситалари ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Тадбирда жамоатчиликни маҳаллий Кенгашлар депутатлари ва сенаторларнинг фаолиятидан ҳар томонлама хабардор қилиш шакллари ва усулларини такомиллаштиришга қаратилган бир қатор маърузалар тингланди. Малакали мутахассислар ва тажрибали журналистлар томонидан ўтказилган интерактив амалий машғулотлар вақтида семинар-тренинг иштирокчилари ОАВ учун интервью тайёрлаш ҳамда пресс-релизлар чоп этиш, матбуот анжуманлари, брифинглар ва бошқа тадбирлар ўтказиш борасида амалий кўникмаларга эга бўлдилар.

Муҳокама чоғида семинар-тренинг иштирокчилари оммавий ахборот воситалари билан ўзаро алоқани янада ривожлантириш, жамоатчиликни маҳаллий Кенгашлар депутатлари ва сенаторларнинг фаолиятидан ҳар томонлама хабардор қилиш, уларнинг телевидение ва радиода, босма ҳамда электрон оммавий ахборот воситаларида фаол чиқишларини таъминлаш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.

 

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati