O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Фаровон ҳаётимиз кафолати

21.07.2015

Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида шу давр мобайнида босиб ўтган оғир ва машаққатли, айни вақтда шарафли йўлимиз, кенг кўламли ислоҳотларимиз, қўлга киритган улкан ютуқларимизнинг туб моҳияти ҳамда аҳамиятини юртимиз ва жаҳон жамоатчилигига етказиш, биз кеча ким эдигу бугун ким бўлганимизни англаш, ватандошларимизни янги марралар сари руҳлантириш, энг улуғ, энг азиз айёмимиз бўлмиш Мустақиллик байрамини юксак даражада ўтказиш бўйича бир қатор вазифалар белгилаб берилди.

Дарҳақиқат, мамлакатимиз мустақилликка эришганига, ҳадемай, 24 йил тўлади. Ана шу қисқа муддат ичида Ўзбекистон Республикаси мустақил давлат сифатида дунё харитасидан мустаҳкам ўрнини топди, барча соҳада улкан ютуқларга эришди, халқаро ҳамжамият эътирофига сазовор бўлди. Бундай кенг кўламли ислоҳотлар инсон манфаатларини таъминлаш, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган бўлиб, бу, аввало, юртдошларимизнинг эртанги кунга ишончи тобора ортиб, айниқса, ёшларнинг Ватан тақдирига, тараққиётига дахлдорлик туйғуси кучайиб бораётганида янада яққол намоён бўлмоқда. Албатта, бу Истиқлол шарофати, яратиб берилаётган шарт-шароит ҳамда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар самараси, десак, асло муболаға бўлмайди.
Шу нуқтаи назардан айтганда, мустақилликнинг илк йиллариданоқ аҳоли, биринчи навбатда, кекса авлод вакиллари, хотин-қизлар ва ёшларга доимий эътибор ҳамда ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оила, оналик ҳамда болаликни ҳимоя қилиш мамлакат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бинобарин, давлатимиз томонидан аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишга сарфланаётган мабағ йилдан-йилга ошиб бораётгани эътиборга молик. Ҳозирги вақтда Давлат бюджетининг 60 фоизидан кўпи соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа соҳаларни ривожлантириш, болалар, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга йўналтирилаётгани социал соҳани мустаҳкамлаш, пировардида халқимизнинг  турмуш фаровонлигини янада юксалтиришда катта ўрин тутмоқда.
Фаровонлик ҳақида сўз кетганда, таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий имкониятларини яхшилаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳар бир оила даромадини юксалтириш, унда фарзандларимизни баркамол вояга етказиш, интилишларини қўллаб-қувватлаш, пухта билим ҳамда касб-ҳунарга эга бўлишларини таъминлаш ҳаётий заруратга айланди. Ўтган давр мобайнида бу борада қабул қилинган бир қатор қонунлар ушбу йўналишдаги ишларни изчил давом эттиришда ҳуқуқий асос бўлаётир.
Бугун аҳолининг аксарият қисми кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, уй меҳнати билан самарали шуғулланиб келмоқда. Ўзбекистон Республикасининг “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонуни аҳолига, оилаларга, айниқса, оналарга қўшимча имкониятларни яратиб берди. Эндиликда аёллар оиладан ажралмаган, энг асосийси, фарзандлар тарбияси билан қатъий шуғулланган ҳолда ўз фаолиятини йўлга қўйишаяпти. Бу каби фаолият билан шуғулланиш истагидаги оилаларга республикамиздаги тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитлар ажратилаётгани, уларнинг ташаббуслари ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани эса диққатга сазовордир.
Умуман айтганда, мамлакатимизда мустақиллик йилларида барча соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мазмун-моҳиятини аҳолига тушунтиришда биз, сенаторлар ҳам фаоллик кўрсатишимиз мақсадга мувофиқдир. Фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини таъминлашга оид қонунлар, айниқса, Президентимизнинг мазкур қарори аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш, бу бўйича жойларда учрашувлар, жонли мулоқотлар ташкил этиш айни муддаодир. Зеро, мазкур саъй-ҳаракатлар жамиятда соғлом ва барқарор муҳитни қарор топтиришга, шу билан бирга, мустақиллигимизнинг 24 йиллигини муносиб кутиб олишга қизғин ҳозирлик кўраётган мамлакатимизни янада тараққий эттиришга, унинг гуллаб-яшнашига хизмат қилади.

Шоҳида АРИПОВА,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati