O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИДА

20.08.2015

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 24 йиллигига бағишлаб “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним – Ўзбекистоним!” шиори остида 19-21 август кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилаётган “Истиқлол фарзандлари” ёшлар фестивали доирасида жорий йилнинг 20 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида сенаторларнинг ушбу фестивал иштирокчилари билан учрашуви бўлиб ўтди.     

Учрашув чоғида “Камолот” ЁИҲ Марказий Кенгаши вакиллари фестивал ва тадбирларда Зулфия номидаги давлат мукофоти, “Ниҳол” мукофоти, “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони соҳиблари, халқаро олимпиадалар, танловлар ва спорт мусобақаларида, шунингдек “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг йирик лойиҳаларида ғолибликни қўлга киритган 300 нафарга яқин ёшлар иштирок этаётганлигидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоларини хабардор қилдилар.

Фестивални ташкил этишдан мақсад – ёшларни миллий истиқлол ғояларига садоқат, она Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш, ўсиб келаётган авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш борасида юртимизда олиб борилаётган давлат сиёсатидан уларни хабардор қилиш, ёш авлодда мамлакатимизда амалга оширилаёган демократик ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини шакллантириш, уларни юртимиз равнақи учун хизмат қиладиган фидойи ёшлар сифатида камол топтиришдан иборат.

Фестивалнинг биринчи икки куни мобайнида унинг иштирокчилари “Мустақиллик ва эзгулик” монументи пойига гулчамбарлар қўйиш маросимида, “Ватаним тараққиётига менинг ҳиссам!” мавзусида ижодий ишлар, инновацион ва бизнес ғоялар тақдимотида, “Ватанимга дил изҳори!” номли кўргазмада, “Ўзбекистон ёшларининг рекордлари” мавзусидаги тақдимотда қатнашдилар, турли йўналишлардаги ёш рекордчилар билан учрашдилар, шунингдек Москва давлат университетининг Тошкент шаҳридаги филиали билан танишдилар. Бундан ташқари, фестиваль доирасида Тошкент шаҳридаги Инха университети билан ҳамкорликда “АКТ + хорижий тил = Замонавий кадр!” мавзусида учрашув ўтказилди.

Фестивал иштирокчилари олдида сўзга чиққан сенаторлар парламент юқори палатасининг фаолияти, яқинда ўтказилган учинчи ялпи мажлисда маъқулланган қонун ҳужжатлари ва қабул қилинган қарорларнинг мазмун-моҳияти ҳақида сўзлаб бердилар. Ўзаро ишонч руҳида кечган суҳбат чоғида сенаторлар фестивал иштирокчиларининг кўплаб саволларига жавоб бердилар, уларни Сенатнинг Ҳуқуқий билимлар маркази билан таништирдилар. Учрашув якунлангач, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати биносининг катта холида фестивал иштирокчилари ва сенаторлар хотира учун суратга тушдилар.

Фотолавҳалар

Видеолавҳалар

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati