O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси тўғрисида
АХБОРОТ

20.07.2015

2015 йил 20 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисни Олий Мажлис Сенатининг Раиси Н.Йўлдошев олиб борди.

Кенгаш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг учинчи ялпи мажлисини шу йилнинг 6 август куни Тошкент шаҳрида чақириш тўғрисида қарор қабул қилди.        

Сенатнинг ялпи мажлиси кун тартибига мамлакат сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг барча соҳаларини изчил ислоҳ қилишга ҳамда либераллаштиришга, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини рўёбга чиқаришга, аҳолининг фаровонлигини оширишга ва ижтимоий муҳофаза қилинишини кучайтиришга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг бир қатор қонунлари киритилмоқда.  «Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида»ги, «Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида»ги (янги таҳрири), «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасини ратификация қилиш ҳақидаги    Ўзбекистон Республикаси   қонунлари   шулар жумласидандир.  

Бўлғуси ялпи мажлисда сенаторлар конституциявий ваколатларига мувофиқ   Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2014 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни муҳокама қиладилар.      

Олий Мажлис Сенати қўмиталари ва Девонининг учинчи ялпи мажлисга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир фаолиятини мувофиқлаштириб бориш учун Кенгаш томонидан  ишчи гуруҳ тузилди.

Кенгаш мажлисида шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2015 йилга ва келгуси йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурида назарда тутилган тадбирларнинг 2015 йил биринчи ярмидаги ижроси тўғрисидаги масала ҳам муҳокама этилди.

Ушбу масала сенаторлар томонидан ҳар томонлама кўриб чиқилиб, Ҳаракат дастурининг тўлиқ ижро этилишига эришиш, бу соҳадаги ишларнинг самарадорлигини ошириш учун зарур бўлган қатор  таклифлар киритилди. Муҳокама якунларига кўра Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг  тегишли Қарори қабул қилинди.

Сенат Кенгаши ўз ваколатига кирадиган бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati