O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчи

19.12.2015

Жиззахда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан “Ватан ҳимояси — Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг конституциявий бурчидир” мавзуида семинар бўлиб ўтди.

Унда сенаторлар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарлари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари қатнашди.
Қайд этилганидек, мамлакатимиз хавфсизлигини, фуқароларнинг тинч ва осуда ҳаётини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади. Мустақиллик йилларида жаҳондаги ҳамда минтақадаги вазиятни, хавфсизликка таҳдид солиши мумкин бўлган сабабларни чуқур таҳлил қилиш асосида юртимиз мудофаа соҳасининг ҳуқуқий асослари яратилди. “Мудофаа тўғрисида”ги, “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди, шунингдек, мамлакат суверенитетини, ҳудудий яхлитлигини, юртимиз тинчлигини мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилди.
Сенаторлар таъкидлаганидек, мамлакатимизда замон талаблари ва стандартларига жавоб берадиган, давлатимиз мустақиллиги, хавфсизлиги ҳамда ҳудудий яхлитлигининг, барқарор демократик тараққиётининг ишончли гарови бўлган Қуролли Кучларни шакллантириш борасида улкан ишлар бажарилди.
Армиямиз моҳияти, мазмуни ва ҳарбий имкониятлари ўзгарди. Фуқароларнинг ҳарбий хизматни ўташ тизими тубдан ислоҳ қилинди. Натижада ҳарбий хизматнинг нуфузи ошиб, мамлакатимиз мудофаа қобилияти янада мустаҳкамланди.
Тадбирда жамоат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари томонидан мудофаа ишлари бошқармалари ва бўлимлари, ҳарбий қисмлар билан ҳамкорликда олиб борилаётган ишлар ҳам алоҳида айтиб ўтилди.
Семинарда ёшларни ватанпарварлик руҳида, маънавий ҳамда жисмонан етук, мустақил фикрлайдиган, миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қиладиган шахс сифатида тарбиялашда вакиллик органлари, давлат тузилмалари, ҳарбий қисмлар, жамоат ташкилотлари ҳамкорлигининг самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф ҳамда тавсиялар билдирилди.

Тожиддин ҚАМАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири

 

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati