O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Жисмоний тарбия ва спорт соҳаси ривожининг муҳим кафолати

19.09.2015

Мамлакатимизда аҳолининг кенг қатламини, айниқса, ўсиб келаётган ўғил-қизларни жисмоний тарбия ва спортга оммавий жалб қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган бўлиб, мазкур соҳани изчил ривожлантиришнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмлари яратилган.

Замонавий спорт инфратузилмаси барпо этилиб, шаҳару қишлоқларда халқаро андозаларга мос спорт иншоотлари фойдаланишга топширилиши,  ёшлар ўртасида уч босқичли спорт ўйинларининг муваффақиятли ўтказиб келинаётгани ўз самарасини бермоқда. 
Бугунги кунда республика бўйича 50 мингдан зиёд спорт иншоотлари фаолият кўрсатаяпти. Жумладан, 270 дан зиёд сузиш ҳавзаси, 40 мингта спорт майдони ва майдончалари, 10 мингга яқин спорт заллари ҳамда бошқа турдаги спорт объектлари минглаб ғайратли, иқтидорли ёшларни ўз бағрига олган. Мазкур спорт иншоотларининг зарур инвентарлар ва малакали мураббийлар билан таъминлангани улардан фойдаланиш самарадорлигини оширмоқда. Айни чоғда юртимизда 2 миллиондан зиёд болалар спортнинг 30 тури билан мунтазам шуғулланаётир. 
Эътироф этиш жоизки, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2002 йилда тузилган Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ёш авлод ўртасида спортни оммалаштиришда муҳим ўрин тутаяпти. Ўтган даврда ушбу жамғарма маблағлари ҳисобидан 1 минг 701 спорт объекти қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Бундай эзгу саъй-ҳаракатлар натижасини мамлакатимизнинг энг олис қишлоқларида қад ростлаган муҳташам спорт мажмуалари мисолида ҳам кўриш мумкин. Ёш иқтидор эгалари аниқланиб, уларга нафақат республика, балки халқаро миқёсдаги спорт мусобақаларида иштирок этиши учун барча шарт-шароит яратиб берилаётгани, қизлар ва аёлларнинг спортга бўлган қизиқиши, интилиши кучайиб бораётгани ниҳоятда қувонарли. Айниқса, спортнинг бадиий гимнастика, сузиш, синхрон сузиш, теннис ҳамда бошқа турлари билан доимий равишда шуғулланаётган қизлар сафи кенгайиб бораётир. Масалан, бадиий гимнастика бўйича маҳорат сирларини эгаллаётган қизлар 2003 йилда 1 минг 700 нафарни ташкил этган бўлса, 2014 йилга келиб уларнинг сони 60 мингтага етди.  
Шунинг баробарида мамлакатда спорт кийимлари ва анжомларини ишлаб чиқариш кенг йўлга қўйилди. Жисмоний тарбия ҳамда спортни оммавий ахборот воситалари орқали тарғиб қилишга ҳам эътибор кучайтирилди. Жумладан, 2004 йил 1 январдан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси таркибида “Спорт” телеканали фаолият кўрсатиб келмоқда.
Юртимизда жисмоний тарбия ва спортни қўллаб-қувватлаш ҳамда ривожлантириш, йирик мусобақаларда спортчиларимиз эришаётган ютуқларни изчил ёритиш қамрови кенгаймоқда. 
2009 йилдан бошлаб Ўзбекистон спортчиларини олимпия ўйинларига тайёрлаш бўйича махсус дастурлар қабул қилина бошлангани жаҳон спорти соҳасида юқори натижаларни қўлга киритиш мақсади сари қўйилган яна бир муҳим қадам бўлди. 
Дарҳақиқат, бугун  юртимиз ёш спортчиларининг нуфузли халқаро мусобақаларда эришаётган ғалабалари мутаносиб равишда кўпайиб бормоқда. Биргина ўтган йили вакилларимиз халқаро ареналарда 849 та медаль, шу жумладан, 266 та олтин медални қўлга киритгани бунинг тасдиғидир. 
Таъкидлаш керакки, жисмоний тарбия ва спорт тўғрисидаги қонунчилик базаси инвентаризация қилинганда, соҳада айрим бўшлиқлар мавжудлиги аниқланди. Ўтган йиллар мобайнида амалда бўлган қонунда асосий тушунчалар, жисмоний тарбия ва спорт соҳаси фаолиятини ташкил этиш, миллий спорт турлари ва ўйинлари, аҳолини жисмоний тарбия ва спортга оммавий жалб қилиш, жисмоний тарбия ва спорт ривожининг давлат томонидан кафолатланишини қонуний мустаҳкамлаш билан боғлиқ жиҳатлар етарли тарзда тартибга солинмагани ойдинлашди. Қисқача айтганда, давр талабларига ҳамоҳанг равишда жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги ҳуқуқий базани қайта кўриб чиқиш зарурати юзага келган эди. 
Шу нуқтаи назардан, янги таҳрирда қабул қилинган “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги Қонунда ушбу соҳадаги асосий тушунчаларнинг таърифи, миллий спорт турлари ва халқ ўйинлари ҳамда аҳолини жисмоний тарбия ва спортга оммавий жалб қилишга доир нормалар, жисмоний тарбия ва спортнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши, Ўзбекистон Республикаси терма жамоаларни шакллантириш ва фаолиятини тартибга солиш, жисмоний тарбия ва спортнинг таълим, соғлиқни сақлаш тизимларида, аҳолининг иш жойи, дам олиш масканларида ҳамда таълим муассасаларида ташкил қилиниши ва ногиронлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш каби масалалар ўзининг аниқ ифодасини топган. Мазкур Қонун мазмун-моҳияти ва аҳамиятига кўра жуда долзарб ҳисобланади. 
Қонунда жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, ушбу соҳанинг давлат томонидан тартибга солиниши,  бу борада тегишли вазирликларнинг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришда  фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда корхоналар, муассаса ва ташкилотларнинг иштирок этиши билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратилган. 
Қонун аҳоли, аввало, ёшлар ва хотин-қизларни спортга кенг жалб этиш, соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги механизмларини яратиш, спорт инфратузилмаси самарадорлигини ошириш, юқори тоифали спортчилар ва спорт захирасини тайёрлашга доир қоидаларни ҳам қамраб олган. Шу билан бирга, унда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг вазифалари аниқ белгилаб берилган. Оммавий спорт тадбирлари ва мусобақаларини ўтказиш, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотлари фаолиятини янада такомиллаштириш, спорт иншоотларининг замон талабларига жавоб беришини таъминлаш, уларни сифатли спорт анжомлари ва воситалари билан жиҳозлашга қаратилган  нормалар киритилган. 
Янги таҳрирдаги “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши миллий спорт турлари ва халқ ўйинларини тиклаш, ривожлантириш ва уларни халқаро спорт аренасига олиб чиқиш каби вазифаларнинг рўёбига имкон яратади. Ушбу ҳужжатда спорт оламидаги энг долзарб масалалардан бири — допингнинг олдини олиш ва унга қарши курашишга қаратилган нормалар ўз ифодасини топгани яна бир аҳамиятли жиҳатдир.
Мухтасар айтганда, яқинда кучга кирган “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги Қонун жамиятда соғлом турмушни қарор топтириш ва навқирон авлодни баркамол қилиб вояга етказишда муҳим ўрин тутувчи ушбу соҳани жадал суръатда тараққий эттиришга хизмат қилади. Ҳар томонлама пухта, халқаро ҳуқуқ нормалари ва принципларига тўла жавоб берадиган ушбу Қонуннинг қабул қилиниши инсон ҳуқуқлари устуворлигининг яна бир тасдиғидир. Унинг ижросига эса барчамиз бирдек дахлдормиз. Зеро, соғлом турмуш спортга ошно бўлиб, уни кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айлантиришни ва фарзандларимизнинг жисмоний тарбиясига масъулият билан муносабатда бўлишни тақозо этади. Айнан жисмоний тарбия ва спорт соғлом ҳаётнинг, соғлом келажакнинг  гарови ҳисобланади.

Зайниддин НИЗАМХОДЖАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт 
масалалари қўмитаси раиси.

 

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati