O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида

19.03.2015

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни Олий Мажлис Сенатининг Раиси Н.Йўлдошев бошқарди. 

Сенат Кенгаши мажлисида Олий Мажлис Сенатининг 2015 йил 22 январда ўтказилган биринчи мажлисида, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2015 йил 23 январда бўлиб ўтган қўшма мажлисида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган Олий Мажлис Сенатининг келгуси даврга мўлжалланган фаолиятининг устувор йўналишлари муҳокама этилди. 

Мажлисда таъкидланганидек, қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолиятини чуқур ўрганиб чиқиш асосида ишга янги киришган Сенат томонидан ҳозирги замон талаблари инобатга олинган ҳолда қонун ижодкорлиги ва қонунчилик фаолияти сифатини оширишга қаратилган вазифаларни бажариш бўйича 2015 йилга ва кейинги йилларга мўлжалланган тегишли Ҳаракат дастури тайёрланди. 

Сенат Кенгаши мажлисида сўзга чиққан сенаторлар таъкидлаганларидек, ушбу Ҳаракат дастурида олимлар, юқори малакали мутахассислар, экспертлар, фуқаролик жамияти институтлари вакилларининг кенг доирасини жалб қилган ҳолда қабул қилинаётган қонунларнинг пухта муҳокама этилишини таъминлаш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, бевосита таъсир кўрсатадиган қонунларни, кодификацияланган қонун ҳужжатларини қабул қилиш, янги қабул қилинган қонунлар қоидаларининг тўлиқ рўёбга чиқарилишини таъминлайдиган қонуности ҳужжатларининг ўз вақтида чоп этилишига доир тадбирларнинг амалга оширилиши назарда тутилган. 

Шунингдек, ҳаракат дастурида парламент палаталари, Сенат ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ўзаро ҳамкорлигининг самарадорлигини ошириш, фаолиятни хориж ҳуқуқий амалиёти билан чуқур қиёсий таҳлил қилиш, янги қабул қилинган қонунларнинг тўлиқ рўёбга чиқарилиши учун зарур бўлган қонуности ҳужжатларининг ўз вақтида қабул қилиниши устидан парламент назоратини кучайтириш, Сенат фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, жамоатчиликни унинг қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолиятидан хабардор қилиш чора-тадбирлари назарда тутилган. 

Ҳужжатда мамлакатимизни ва минтақаларни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини инобатга олган ҳолда Сенат қўмиталарининг назорат-таҳлил фаолиятини амалга ошириш ҳамда 2015-2016 йилларда Олий Мажлис палаталарининг ягона ахборот тизимини яратиш бўйича мақсадли дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда рўёбга чиқариш белгилаб олинган. 

Сенаторлар таъкидлаганларидек, келгуси даврга мўлжалланган Ҳаракат дастурининг амалга оширилиши демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан жадал ривожлантириш борасидаги фаолият самарадорлигини ошириш имконини беради. 

Муҳокама давомида Олий Мажлис Сенати Кенгаши аъзолари Сенатнинг кўриб чиқилган Ҳаракат дастурини маъқулладилар. 

Шундан сўнг Сенат Кенгаши аъзолари кун тартибига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссиясининг 2015 йилга мўлжалланган иш режасини тасдиқладилар. 

Сенат Кенгаши ўз ваколатига кирадиган бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқди. 

Кўриб чиқилган масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши тегишли қарорлар қабул қилди. 

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
Матбуот хизмати

O'zbekcha | Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati