O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Ибратли ҳаёт йўли

Шу кунларда мамлакатимизда Президентимизнинг “Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида жойларда шоира ҳаёти ва ижодига бағишланган турли адабий-бадиий кечалар, тадбирлар ўтказилмоқда. Мазкур қарор Зулфиянинг ҳаёт ва ижод йўлини ёш авлод ўртасида кенг тарғиб этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Зулфиянинг ижоди, жамоатчилик фаолияти энг нозик қалб туғёнлари, юксак маънавий фазилатларни ўзида мужассам этган. Ўзбек шоирасининг қудратли ва теран сўзи, мана, неча йилдирки, ўз таъсир кучини йўқотмасдан келаяпти. Севимли шоирамиз ижоди бугун замондошларимизни нафақат яхши она ва рафиқа, балки беқиёс янгиланишлар, улкан бунёдкорликларнинг фаол иштирокчиси бўлишга руҳлантирмоқда. 

Шоира ижоди, унинг ҳаёт йўли ҳозирги вақтда Ўзбекистонда аёллар ҳаракатини ривожлантиришнинг тимсолига айланди. Мустақиллик йилларида мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқларини муҳофаза қилиш, уларнинг давлат ва жамият қурилишидаги ролини кучайтириш борасида бир қатор комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 46-моддасида хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилиги белгилаб қўйилди. Ушбу қоида республикамизнинг барча ҳуқуқий ҳужжатларида ўз ифодасини топган. Ҳар йили юртимизда муайян ижтимоий йўналишда эълон қилинадиган Давлат дастурида аёлларнинг жамиятдаги ролини мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар муҳим ўрин эгаллайди. Хусусан, 1999 йилга Ўзбекистонда, “Аёллар йили” деб ном берилди. Хотин-қизларнинг сиёсий, иқтисодий фаоллигини оширишга йўналтирилган кенг миқёсли ишлар қаторида уларнинг ижтимоий ҳимоясига эътибор янада кучайтирилди. Ўша йили Президент Фармони билан аёлни ардоқлаш, унга алоҳида эҳтиром кўрсатиш, озод ва обод юртимиз келажаги бўлган ҳар томонлама етук ёшларни тарбиялашдаги беқиёс ўрнини яна бир бор эътироф этиш, баркамол, оқила хотин-қизлар авлодини вояга етказиш, улар орасидаги иқтидорли ёшларнинг адабиёт, санъат, фан ва маданиятни ривожлантиришдаги ютуқлари, миллий истиқлол ғоялари ва маданий-маънавий қадриятларга эътиқодининг юксалиши йўлидаги ибратли фаолияти, кенг кўламли ислоҳотларни жадаллаштиришдаги фаол иштирокини рағбатлантириш мақсадида Зулфия номидаги Давлат мукофоти таъсис этилди.  

Мазкур мукофот аъло хулқи, зукколиги, ўқишдаги муваффақиятлари, ташаббускорлиги билан ажралиб турадиган, мустақиллик ғояларини амалга ошириш йўлида бор куч-ғайрати билан ҳаракат қиладиган, истеъдодли қизларга адабиёт, маданият, санъат, таълим ва спорт соҳаларидаги катта ютуқлари учун берилади. Бугунги кунда унга сазовор бўлган 200 нафардан зиёд қиз нафақат танлаган соҳаларида фаол меҳнат қилаяпти, балки тенгдошларига ўқишда, ишда, фанда, таълимда муваффақият қозонишларига ёрдам бермоқда.

2004 йилда Президентимизнинг “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилиниши бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтирди. Унга мувофиқ, хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, хотин-қизларни касбий, жисмоний, маънавий ва интеллектуал жиҳатдан ўстириш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, давлат қурилишида фаол қатнашишлари соҳасидаги умуммиллий сиёсатни амалга ошириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва уни ҳаётга татбиқ қилиш, хотин-қизларнинг соғлиғини сақлаш, соғлом оилани шакллантириш, аёллар ва оила спортини ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича чора-тадбирлар мажмуини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш қўмита ва унинг жойлардаги бўлинмалари фаолиятининг энг муҳим вазифалари сифатида белгиланди. 

Ўтган йиллар давомида Хотин-қизлар қўмитаси аёллар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида фаолият юритаётган юзлаб нодавлат нотижорат ташкилотларини ўз атрофига бирлаштирди. Ҳозирги кунда улар нафақат жойларда муҳим лойиҳаларини рўёбга чиқараётир, балки ҳудудларни ижтимоий ривожлантириш дастурларини амалга оширишда давлат органлари билан самарали ҳамкорлик қилиб келаяпти.

Аёл — энг аввало, она. У саломат экан, фарзанд ҳам соғ бўлади.  Бинобарин, мамлакатимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш учун барча зарур шарт-шароит яратилган. “Соғлом она — соғлом бола” тамойили асосида ишлаб чиқилган ўзига хос тизим бугун салмоқли натижалар бераяпти. 2011 йилда Ўзбекистон ўсиб келаётган ёш авлод саломатлиги ҳақида энг кўп ғамхўрлик кўрсатаётган давлатлар ўнталигига киритилгани бунинг ёрқин далилидир.

Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози пайтида кўпгина мамлакатларда аёллар жамиятнинг энг кўп ижтимоий кўмакка муҳтож қатламига айланди, ишсиз, ижтимоий кафолатларсиз, давлат ёрдамисиз қолиб кетишди. Юртимизда эса Инқирозга қарши чоралар дастурига аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, айниқса, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш муҳим вазифалардан бири сифатида киритилган.
Пировардида аёлларнинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий фаоллиги янада ошди. Давлат томонидан хотин-қизларга имтиёзли кредит ажратиш, бизнес-таълим йўналишида турли институтлар, жумладан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қошида маслаҳат марказларини ташкил этиш қўллаб-қувватланиши натижасида тадбиркор аёллар сони сезиларли даражада ўсди. Уларнинг даромадлари, ўз навбатида, оилалар фаровонлигини янада юксалтиришнинг муҳим асосига айланди. Шулар қаторида аёлларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш ва уларни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида камида 50 фоиз ишчи-хизматчилари хотин-қизлардан иборат бўлган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига тижорат банклари томонидан 770 миллиард сўмлик кредитлар ажратилгани 2014 йилда амалга оширилган муҳим ишлардан бири бўлди.

Янгидан сайланган мамлакат парламентида айни пайтда 41 нафар, жумладан, Олий Мажлис Сенатида 17 нафар аёл фаолият юритмоқда. Зеро, замонавий мустақил Ўзбекистонда хотин-қизларнинг роли тобора юксалиб бораяпти, десак, асло муболаға бўлмайди.

Бугунги кунда аёллар — иқтидорли раҳбар, уддабурон тадбиркор, аҳоли манфаатларини муҳофаза қиладиган ижтимоий ва сиёсий давлат арбобидир. Шунга мос равишда “Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарор нафақат аёлларнинг жамиятдаги ролини оширишда навбатдаги қадам бўлди, айни чоғда севимли шоирамизнинг ёш авлодни ўз Ватанини жондан ортиқ кўрадиган, замонавий фикрлайдиган инсонлар сифатида тарбиялашга қўшган бебаҳо улуши эътирофи ҳамдир.

Гавҳар АЛИМОВА,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

O'zbekcha | Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati