O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Қонун ижросига масъуллик — фаолият мезони

Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузасида фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, оммавий ахборот воситаларининг мустақиллигини мустаҳкамлашда парламентнинг ўрни алоҳида эътироф этилиб, бу соҳада қабул қилинган бир қатор қонун ҳужжатлари юртимизни ижтимоий-иқтисодий тараққий топтириш, жамиятимизда манфаатлар мувозанатини таъминлашда фуқаролик институтларининг роли ва аҳамиятини янада кучайтиргани қайд этилди. Шунингдек, парламент фаолиятида амалга оширилиши лозим бўлган муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Дарҳақиқат, кейинги йилларда қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилаётган, ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизда муҳим ўрин тутадиган қонунлар фуқароларнинг кундалик турмушида қай тарзда акс этаётганини, аҳоли турли қатламларининг бу ҳақдаги таклиф-мулоҳазаларини ўрганиб бориш зарур. Ана шу ўрганишлар асосида парламент палаталарининг қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил ишлари режаларини замон талабларига ҳамоҳанг равишда такомиллаштириш бугунги кунда долзарб масаладир. Шубҳасиз, шу ўринда парламент аъзолари билан бир қаторда, журналистлар, шарҳловчилар, умуман, оммавий ахборот воситаларининг масъулиятини кучайтириш, ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш муҳим аҳамиятга эга эканини унутмаслик лозим.

Олий Мажлис Сенати аъзолари бу борада ташаббус ҳамда фаоллик кўрсатишлари мақсадга мувофиқ. Сенат маҳаллий Кенгашлар, ҳудудларнинг вакилларидан иборат бўлган парламент палатасидир. Бу билан умумдавлат ва ҳудудий манфаатлар мутаносиблигига эришиш мақсад қилиб қўйилган. Ана шуни эътиборга олсак, қабул қилинаётган қонунларнинг сифати ва таъсирчанлигини ошириш, ижро этувчи ҳокимият органлари фаолияти устидан парламент назоратини таъминлаш, жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳасида демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ушбу мақсадлар рўёбида алоҳида ўрин тутади.

Шу жиҳатдан сенаторлар ва маҳаллий Кенгашларнинг ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлаш жоиз. Бу эса пировардида мамлакатимиздаги янгиланишлар жараёнида парламент иштирокини бундан-да кучайтиришга туртки беради.

Қабул қилинаётган қонунлар ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг жойларда тўлиқ ишлашига эришиш учун, энг аввало, тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш, аҳолини парламент фаолиятидан хабардор этиб бориш зарур. Бу борада Наманган вилоятида ҳам зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Хусусан, ҳудудда фаолият олиб бораётган оммавий ахборот воситалари томонидан Сенат аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатларининг чиқишларини эълон қилиб бориш мунтазамлик касб этиб бормоқда. Чунончи, вилоят телерадиокомпаниясида “Қонун устувор”, “Фуқаролик жамияти”, “Ҳуқуқий маслаҳат” каби кўрсатув ва эшиттиришлар, “Наманган ҳақиқати” газетасида “Қонун ва ижро”, “Наманганская правда” газетасида “Человек и закон”, “Диёнат” ва “Ҳуқуқ оламида” газеталарида “Қонун номи билан”, “Ҳаёт ва қонун”, “Депутат минбари”, “Сўз — сенаторга”, “Қонун шарҳи”, шу билан бирга, барча шаҳар ҳамда туман нашрларида ҳам мавзуга оид махсус рукнлар очилиб, уларда парламент фаолиятини кенг ёритиш йўлга қўйилаяпти.

Вилоятда давлат бошқаруви органлари билан фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ижтимоий шериклик ҳам тобора мустаҳкамланиб бораётир. Хусусан, қонун ижодкорлиги соҳасидаги ишлар очиқлигини таъминлаш, жамоатчиликни парламент палаталарининг қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолиятидан хабардор қилиб бориш масалаларида фуқаролик жамияти институтларининг фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилиб, ушбу мақсадда конференциялар, илмий-амалий семинарлар, давра суҳбатлари ташкил этилиши кўзда тутилмоқда. Бу, ўз навбатида, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва уни жорий қилиш самарадорлигини кучайтиришга ижобий таъсир кўрсатади.

Хулоса ўрнида айтганда, фаолиятимиз давомида қабул қилинадиган қонунларнинг ҳаётга татбиқ этилишини таъминлайдиган процессуал механизмларни янада такомиллаштириш ва амалиётга жорий қилиш, парламент назорати ишларини янги босқичга олиб чиқиш, парламент сўрови ҳамда эшитувлари самарадорлигини ошириш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришга таъсир кўрсатиш шаклларидан унумли фойдаланишимиз долзарб вазифаларимиздандир. Айни чоғда қонунларда белгиланган қоидаларни тўлиқ рўёбга чиқаришга йўналтирилган қонуности ҳужжатлари юзасидан ҳам фаол тушунтириш ишларини олиб бориш ва албатта, жойларда қонунларнинг бир хилда бажарилишини таъминлаш устидан қатъий назорат ўрнатиш доимий эътиборда бўлади.

Муҳаммаджон МАҚСУДОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

O'zbekcha

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati