O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Қонунлар тарғиботи — ижро масъулиятини оширишнинг муҳим шарти

18.12.2015

Шу кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўртинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилган масалалар мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказишга бағишланган семинарлар ташкил этилаяпти.

Уларда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар депутатлари, шаҳар ва туман Кенгашлари қошидаги доимий комиссиялар раислари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, тегишли бошқарма ҳамда ташкилотлар раҳбарлари, шунингдек, сиёсий партияларнинг ҳудудлардаги етакчилари қатнашмоқда.
Анжуманларда сўз олган сенаторлар, тегишли соҳа мутасаддилари парламент юқори палатасининг тўртинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилган масалалар мазмун-моҳияти хусусида атрофлича фикр юритдилар. Шу билан бирга, 2016 йилги Давлат бюджети, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари, келаётган йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ҳақида батафсил ахборот берилди. Тадбирлар иштирокчилари ушбу ҳужжатларнинг аҳамиятини алоҳида қайд этишди.
— Ҳар бир қонун, аввало, жамият ҳамда давлат тараққиёти, халқ фаровонлиги ва бахт-саодатини кўзлаб қабул қилинади, — дейди халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг Ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари бўйича доимий комиссияси раиси Зарифа Эралиева. — Қонунларнинг асл моҳияти жамиятнинг барча қатламига баб-баравар етиб боргандагина, уларда белгиланган қоидалар бекаму кўст ишлайди. Шу маънода, ўтказилаётган бу каби семинар ва мулоқотларнинг аҳамияти жуда каттадир. Одатда, мана шундай тадбирларда илгари суриладиган фикрлар, қабул қилинган қонунларнинг моҳияти ҳамда уларни ҳаётга татбиқ этиш принциплари ҳақида етакчи мутахассислар ва тегишли соҳа мутасаддиларининг маърузалари маҳаллий Кенгашлар депутатларидан тортиб улар қошидаги доимий комиссияларнинг истиқболдаги фаолияти учун зарур йўналишлар беради. Ҳар биримиз ҳудудларда, аҳоли орасига кириб, қонунчилик ва шу йўналишдаги ислоҳотлар тарғиботи билан шуғуллансак, жойларда қонун устуворлигини таъминлаш, демакки, жамиятда адолат муҳитини янада барқарорлаштиришга муносиб ҳисса қўшган бўламиз. Бунинг учун фаолиятимизда ташаббускорлик, изчиллик ҳамда таъсирчанлик бўлиши мақсадга мувофиқдир.
— Тадбирда давлатимиз раҳбарининг тақдимномасига мувофиқ, Сенатнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма уч йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисидаги қарори хусусида батафсил ахборот берилди, — дейди Гулистон шаҳридаги “Маънавият” маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Ойниса Дадабоева.
— Амнистия акти мамлакатимизда рўёбга чиқарилаётган бағрикенглик ва миллий қадриятларга ҳурмат сиёсатининг яққол ифодасидир. Зотан, билиб-билмасдан жиноят йўлига кириб қолганларни кечириш, уларга инсонпарварлик актини қўллаш бундай шахснинг ҳар қандай қилмиши учун жазонинг муқаррарлигини англаб етишида жуда муҳимдир. Амнистия актининг ижросини қатъий таъминлаш, бунда жамоатчилик, айниқса, маҳаллаларнинг иштироки алоҳида ўринга эга. Чунки амнистия акти қўлланилган фуқароларни ижтимоий мослаштириш, уларнинг бандлигини таъминлашда давлат ва бошқа жамоат ташкилотлари билан фаол иш олиб боришимиз керак.
— Асли касбим шифокор, ўн йилдан буён тадбиркорлик билан шуғулланиб келаман. Туманимизда шифохона очиб, аҳолига тиббий хизмат кўрсатаяпмиз. Давлатимиз томонидан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар фаолиятимизни янада ривожлантиришга, аниқ мақсад сари интилишимизга хизмат қилмоқда, — дейди асакалик тадбиркор Замирахон Бўтаева. — Шифохонамиз яқингача ижара асосида фаолият кўрсатарди. Жорий йилда бизга инвестиция олиб кириш ва иш ўринларини яратиш шарти билан “ноль” қийматида бино ажратилди. Икки йил ичида 500 миллион сўм сарфлаб, 20 та иш ўрни ташкил этишни режалаштирганмиз. Ҳозирги вақтда бинони таъмирлаб, давлат стандартларига жавоб берадиган ҳолатга келтирмоқдамиз. Зарур тиббий воситалар, ташхис ва даволаш ускуналарини олиб келдик. Семинарда айтилганидек, 2016 йилда ягона солиқ ставкасининг биз каби тадбиркорларга 6 фоиздан 5 фоизга туширилиши ҳам фаолиятимизга сезиларли молиявий мадад бўлади. Умуман, сўнгги пайтларда қабул қилинаётган қонунлар, Президентимиз Фармон ва қарорлари бизга қанот бўлаётир.
Иштирокчилар бундай учрашув ва мулоқотларни барча туман ҳамда шаҳарлардаги корхона ва ташкилотлар, фуқаролар йиғинлари, таълим муассасаларида мунтазам ўтказиб бориш зарурлигини қайд этишди.
— Яқинда матбуотда эълон қилинган “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги Қонун мамлакатимизда кенг жорий этилаётган электрон ҳукумат тизимини янада ривожлантириш истиқболларини очади, — дейди Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси бўлим бошлиғи Обидхон Парпиев. — Бунда, аввало, аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун кўрсатилаётган давлат интерактив хизматлари сифати ва улардан фойдаланиш қулайликлари сифати ошади. Бинобарин, ушбу ҳуқуқий ҳужжат амалиётга татбиқ этилиши натижасида бизнес соҳаси, ҳужжат айланиш механизмлари такомиллаштирилади, фуқароларга уйи ёки ишхонасидан туриб, электрон шаклда мурожаат қилиш, маълумотнома ҳамда бошқа ҳужжатларни олиш ёки тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш имконияти кенгаяди.
Мулоқотлар давомида депутатлар, жамоатчилик вакиллари қонунларни қўллаш механизмларини янада такомиллаштириш, кундалик ҳаётда юзага келаётган баъзи масалалар юзасидан ҳам фикр алмашди.
— Тадбирда Сенат ялпи мажлисида кўриб чиқилган масалаларнинг ҳаётий аҳамияти ҳамда аҳоли турмуш фаровонлигини оширишда тутган ўрни хусусида атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирилди, — дейди Каттақўрғон туманидаги “Кумуш тола” хусусий корхонаси раҳбари М. Ниёзова. — Айниқса, юртимизда иқтисодиётнинг тобора ривожланиб бораётгани, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал суръатларда юксалаётгани айни қонунларимизда белгиланган қоидалар, имтиёз ва преференциялар билан боғлиқдир. Негаки, биргина кичик корхона ҳамда микрофирмаларга берилаётган солиқ имтиёзларини оладиган бўлсак, бу бизнинг ресурс ва имкониятларимизни янада оширишга хизмат қилаяпти. Ваҳолонки, ривожланган давлатларда ҳам солиқ юки борган сайин ортиб бормоқда, бизда эса аксинча, камайтириб борилаётир.
Бундай тадбирлар республикамизнинг барча ҳудудида давом этмоқда.

«Халқ сўзи» мухбирлари хабарлари асосида тайёрланди

 

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati