O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий юксалтиришнинг муҳим шарти

18.09.2015

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасига тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини жалб қилиш ҳақидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш мавзуига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда сенаторлар, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, вазирликлар ҳамда идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари вакиллари, кичик бизнес ҳамда тадбиркорлик субъектлари, шунингдек, илмий доиралар, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Тадбирда қайд этилганидек, мустақиллик йилларида Ўзбекистонда чет эл хусусий инвестицияларини тўғридан-тўғри жалб қилишни ҳар томонлама рағбатлантиришга ҳамда уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган норматив-ҳуқуқий ва институционал база яратилди. Иқтисодиётни либераллаштириш, бошқарувнинг бозор принциплари ҳамда механизмларини жорий этиш, қулай тадбиркорлик муҳитини яратиш, хусусий мулкчилик ва тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги ортиқча маъмурий-буйруқбозлик билан боғлиқ тўсиқ ҳамда ғовларни бартараф қилиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Биргина 2012 — 2014 йилларнинг ўзида хусусий мулк ролини ошириш ва уни ҳимоя қилиш, тадбиркорлик муҳитини ҳамда бизнес юритиш шарт-шароитларини янада яхшилашга қаратилган 15 дан зиёд қонунлар қабул қилинди.
Яқинда кучга кирган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, айниқса, бу борада муҳим аҳамиятга эга. Мазкур ҳуқуқий ҳужжат иқтисодиётдаги хусусий мулкнинг ролини тубдан ошириш учун янада қулай ҳуқуқий шарт-шароитлар ҳамда преференциялар тизимини яратишга, тадбиркорлик фаолиятини юритиш борасидаги мавжуд тўсиқ ва чекловларни бартараф этишга қаратилгандир.
Тадбирда ушбу саъй-ҳаракатлар, шубҳасиз, тадбиркорлик субъектларининг халқаро бозорлардаги рақобатбардошлигини оширишга, уларнинг экспорт имкониятларини янада кенгайтиришга, хорижлик инвесторларнинг ўз капиталини мамлакатимиз иқтисодиётига киритишдан манфаатдорлигини бундан-да кучайтиришга хизмат қилиши қайд этилди.
Давра суҳбатида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда хорижлик инвесторларни жалб қилиш ва ишлаб чиқаришни янада диверсификациялашнинг муҳимлиги таъкидланди. Шу жиҳатдан қараганда, бугунги кунда жойларда вазирлик ҳамда идоралар, маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари билан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик вакиллари иштирокида турли тадбирлар, учрашувлар ўтказилаётганлиги ўз самарасини бермоқда. Негаки, бундай тадбирларда инвестиция лойиҳаларининг ҳаётга жорий этилиши атрофлича кўриб чиқилади, аниқланган муаммоларни бартараф қилиш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланади. Шу билан бирга, жойларда хорижлик инвесторларга мунтазам ахборот ҳамда маслаҳатлар бериб борилмоқда.
Тадбирда чет эл инвестициялари ҳимоясини янада кучайтириш ва қулай инвестиция муҳитини яратишнинг ҳуқуқий ҳамда институционал асосларини такомиллаштиришга қаратилган бир қатор таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Қобил ХИДИРОВ

 

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati