O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Кадрлар тайёрлаш тизими самарадорлигини оширишнинг муҳим омили

18.06.2015

Ҳар бир халқ, ҳар бир миллатнинг эртанги куни бугун вояга етаётган авлод тақдири билан узвий боғлиқдир. Шу нуқтаи назардан айтганда, мамлакатимизда ўтган давр мобайнида таълим тизимини ривожлантиришга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилиб, ўғил-қизларимизнинг жаҳон андозаларига мос шароитларда билим олишини, жисмоний ва маънавий жиҳатдан етук инсонлар бўлиб улғайишини таъминлаш, қобилият ҳамда иқтидорини, интеллектуал салоҳиятини юзага чиқариш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Энг аввало, Конституциямизда фуқароларимизнинг сифатли таълим олишига оид ҳуқуқлари мустаҳкамлаб қўйилди. Ана шундан келиб чиқиб, ўтган йиллар давомида таълим тизимини ислоҳ қилишга қаратилган бир қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. “Таълим тўғрисида”ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг ҳаётга изчил татбиқ этилиши натижасида таълим муассасаларининг қиёфаси кўркамлашиб, уларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланди.
Чунончи, Президентимизнинг 2011 йил 20 майдаги “Олий таълим муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори олий таълим муассасаларини модернизациялаш, уларни замонавий ўқув ва илмий лаборатория жиҳозлари билан таъминлаш, таълим жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, илғор педагогик технологиялар ҳамда ўқитиш шаклларини жорий этишга йўналтирилган саъй-ҳаракатларни рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда.
Олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини модернизация қилиш ва мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш бўйича 2011 — 2016 йилларга мўлжалланган дастур ижроси айни чоғда изчиллик билан бажарилаётгани тизим ривожида муҳим омил бўлаяпти. Буларнинг барчаси Юртбошимизнинг “Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта, бахтли бўлишлари шарт!” деган эзгу мақсадининг ҳаётий ифодаларидир.
Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 12 июндаги “Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришга, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчиларининг касб даражаси ва малакасини муттасил ошириб бориш, уларни замонавий талабларга мувофиқ мунтазам қайта тайёрлашнинг такомиллаштирилган тизимини жорий этиш асосида юқори малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан юксалтиришни кўзда тутгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир.
Фармонда олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштиришнинг муҳим йўналишлари белгилаб берилди.
Жумладан, юқори самарали замонавий таълим ва инновация технологиялари, илғор хорижий тажрибани кенг жорий этган ҳолда, олий ўқув юртларининг педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича малака талаблари, ўқув режалари, дастур ҳамда услубларини тубдан янгилашга оид чора-тадбирлар ўз ифодасини топди. Бу, ўз навбатида, олий ўқув юртларида талабаларга сабоқ бераётган профессор-ўқитувчиларнинг замон билан ҳамнафас бўлишларига, ўқув жараёнига фанлар бўйича инновациялар, шунингдек, илғор услубларни кенг жорий этишга зарур шарт-шароит яратади, шу билан бирга, касб маҳорати, педагогик ва илмий фаолиятини муттасил ривожлантириб боришини талаб этади. Негаки, бугун вояга етаётган навқирон авлодни интеллектуал салоҳиятли, зукко қилиб тарбиялаш, уларга пухта билим бериш мутахассисларнинг юксак билим даражасига бевосита боғлиқдир. 
Фармонда қайта тайёрлашнинг тегишли йўналишлари бўйича доимий фаолият кўрсатадиган олий ўқув юртларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш курсларини ташкил этиш, ушбу курсларда машғулотларни сифат жиҳатидан юқори ташкилий ва профессионал даражада ўтказиш учун зарур ўқув-услубий ҳамда моддий-техник базани шакллантириш лозимлиги қайд этилди. Бу саъй-ҳаракатлар, албатта, бугунги бозор иқтисодиёти шароитида юксак малакали ва етук мутахассисларни етиштириб бериш, олий таълим тизимини том маънода мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги муҳим омилга айлантириш, қолаверса, кадрлар тайёрлаш тизимининг сифати ва самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Шу ўринда барча соҳаларга ахборот-коммуникация технологиялари жадал кириб бораётганини қайд этиш жоиз. Мазкур ҳужжатда ҳам олий ўқув юртлари ўқитувчиларининг глобал интернет тармоғи, мультимедиа тизимлари ва масофадан ўқитиш усулларидан фойдаланган ҳолда, замонавий инновацион педагогика, ахборот-коммуникация технологияларини эгаллаши ва уларни ўқув жараёнига фаол татбиқ этиши зарурлиги кўзда тутилди. Шубҳасиз, бу мамлакатимиз таълим тизими ривожини янада юқори босқичга кўтаришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Олий Мажлис Сенати, хусусан, қўмитамиз қонунчилик, назорат-таҳлил фаолиятида Фармонда белгилаб берилган вазифаларнинг ижросига алоҳида эътибор қаратади. Бинобарин, ушбу ҳуқуқий ҳужжатда белгилаб берилган чора-тадбирларнинг сўзсиз рўёбга чиқарилишида парламент аъзолари ҳам фаол иштирок этиши, бугунги кунда кенг қўлланилаётган парламент назорати тадбирларида олий таълим сифатини ошириш масаласига эътиборни кучайтириш айни заруратдир.
Мухтасар айтганда, олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштиришга оид чора-тадбирларнинг ҳаётга татбиқ этилиши келажак авлоднинг ҳеч кимдан кам бўлмай вояга етишига, илғор фан ва техника ютуқларимиз, илмий лойиҳаларимиз дунёда эътироф этилишига замин яратади. Зеро, таълим ва тарбия устувор мамлакатда беқиёс янгиланишлар тобора юксак бўй чўзади.

Зайниддин НИЗАМХОДЖАЕВ,
Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси.

 

 

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati