O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Ҳокимият вакиллик органлари фаолияти очиқлигининг муҳим омили

18.04.2015

Пойтахтимизда “Давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш борасида оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик самарадорлигини оширишнинг долзарб масалалари” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан ташкил қилинган мазкур тадбирда сенаторлар, халқ депутатлари Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг депутатлари, вазирликлар, идоралар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Давра суҳбатида таъкидланганидек, мустақиллик йилларида мамлакатимизда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги ҳамда ошкоралигини таъминлаш, жамоатчиликни юртимизда кечаётган кенг кўламли сиёсий, иқтисодий ва ҳуқуқий ислоҳотлардан хабардор этиш мақсадида улкан ишлар олиб борилди. Ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, сўз эркинлигини таъминлаш бўйича ҳаётга татбиқ этилган демократик ўзгаришлар фуқароларнинг ахборот олиш ва уни тарқатиш борасидаги ҳуқуқ ҳамда эркинликларини, шунингдек, оммавий ахборот воситаларининг мустақиллигини мустаҳкамлашга, мамлакатни демократлаштириш жараёнида уларнинг ролини оширишга хизмат қилмоқда.
Ўтган йили қабул қилинган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятининг очиқлигини ҳамда уларнинг оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлиги самарадорлигининг оширилишини таъминлаш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлди. Бугунги кунда мазкур ҳуқуқий ҳужжат жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотдан фойдаланишини, шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни олишдан иборат ҳуқуқий кафолатларини таъминлаб келмоқда.
— Ушбу Қонун давлат ҳокимияти вакиллик органлари, яъни парламентимиз палаталари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари, уларнинг қўмиталари (доимий комиссиялари) фаолиятига оид ахборотнинг, шу жумладан, режалаштирилаётган мажлислар ва тадбирлар, кўриб чиқилиши кўзда тутилаётган масалалар, қабул қилинган қарорлар тўғрисидаги ахборотнинг ўз вақтида эълон қилинишини таъминламоқда, — деди Сенатнинг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Гавҳар Алимова. — Ҳозирги вақтда давлат ҳокимияти вакиллик органлари билан мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари ўртасида ўрнатилган мустаҳкам ҳамкорлик алоқалари натижасида парламент юқори палатасининг қонунчилик, назорат-таҳлил фаолияти, қолаверса, маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари фаолияти кенг ва самарали ёритиб борилмоқда.
Давра суҳбатида иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ҳамда жамиятни демократлаштириш билан боғлиқ янги ижтимоий-сиёсий шароитларда давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолияти очиқлигини таъминлашнинг роли ва аҳамияти тобора ортиб бораётгани қайд этилди. Бу саъй-ҳаракатларни изчил давом эттириш, фуқароларнинг ахборот соҳасидаги ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш, шунингдек, давлат ҳокимияти вакиллик органларининг оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлиги самарадорлигини ошириш зарурлиги муҳокама қилинди.
Тадбирда давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш борасида ўзаро тажриба ва фикр алмашилди. Сенат, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар ва уларнинг доимий комиссияларининг ушбу йўналишдаги фаолиятини янада такомиллаштириш, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонуннинг жойлардаги ижросини таъминлаш масалалари юзасидан таклифлар билдирилди, тегишли тавсиялар қабул қилинди.

Қобил ХИДИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири


O'zbekcha | Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati