O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Ўзбекистонда икки палатали парламент тизимини янада мустаҳкамлаш ва маҳаллий Кенгашлар билан алоқаларни ривожлантириш

Шу йилнинг 18 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Европа Иттифоқи Комиссиясининг DCI дастури доирасидаги «Ўзбекистонда икки палатали парламент тизимини янада мустаҳкамлаш ва маҳаллий Кенгашлар билан алоқаларни ривожлантириш» лойиҳаси Бошқарув қўмитасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда парламент лойиҳасига оид бўлган ва 2014 йилгача амалга оширилган тадбирларнинг якунлари кўриб чиқилди, 2015 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги ишларнинг асосий йўналишлари муҳокама қилинди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Сенат Девони ходимлари, Европа Иттифоқи мазкур лойиҳасининг раҳбарлари ва менеджерлари, мутахассислар ва таклиф этилган меҳмонлар иштирок этдилар.

Мажлисда сўзга чиққан лойиҳа Бошқарув қўмитасининг мажлисини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси ўринбосари С.Б.Артикова, Ўзбекистон Республикасидаги Европа Иттифоқи делегациясининг раҳбари, Элчи Ю.Штерк, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Девонининг раҳбари А.К.Иркахўжаевлар табрик сўзлари билан очдилар.

Лойиҳа гуруҳи раҳбари Р.Ролла (Германия) ўз нутқида техник вазифаларга биноан асосий даврда бажарилган муҳим вазифалар, лойиҳа командасининг методологияси ва стратегияси ҳақида ахборот берди.   Парламент лойиҳасининг консультанти Қ.Расулов мажлис иштирокчилари олдида сўзга чиқар экан, лойиҳага киритилган янгиликлар келгусида ҳам самарали ишлаши учун қолган давр ичида бенефициарлар томонидан билдирилган янги ва бир мунча муҳим таклифларни амалга ошириш борасидаги қарашларни баён этди. У таъкидлаб ўтганидек, лойиҳа муддати узайтирилган давр ичида парламент палаталарининг порталларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш борасидаги асосий вазифалар ҳал этилишига, улар яратилажак тизимлар билан, жумладан электрон ҳужжат алмашинувини (қонунчилик жараёни сегменти), электрон архивлар, “Қонун” ахборот-излаш тизими билан уйғун ишлаб кетишига боғлиқ масалалар ҳал этилишига алоҳида эътибор қаратилади. Ана шу фикрларни ривожлантириш асносида лойиҳа эксперти Н.Парпиева долзарб ахборотни иштирокчилар эътиборига етказди. Шунга кўра, барча янги ахборот тизимларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш “ORACLE” маълумотлар базаларини бошқариш саноат тизими асосида амалга оширилади. Бундан ташқари, Олий Мажлиснинг ҳар икки палатасида очиқ калитлар инфратузилмаси яратилиши, улар эса норматив талабларга ҳамда Ўзбекистон Республикаси давлат стандартларига мувофиқ электрон рақамли имзо тизимида тўлиқ ишлаш имконини беради.

Бенефициарлар ҳамда мажлиснинг бошқа иштирокчилари ўз сўзларида қайд этганларидек, лойиҳа мақсадларига ҳамкорликда эришилса, бу ҳол икки палатали парламент тизимининг мустаҳкамланишига ҳамда уни техник модернизациялашга кўмаклашади, парламентларнинг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари ва электорат билан ўзаро алоқаларининг шакллари ҳамда усулларини такомиллаштиришга ёрдам беради.

Бошқарув қўмитаси бешинчи мажлисининг кун тартибидаги масалаларни муҳокама қилиш якунлари бўйича қатнашчилар тегишли қарорлар қабул қилдилар.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

Русский | O'zbekcha | English

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati