O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Соғлом авлодни тарбиялашнинг муҳим омили

17.09.2015

Пойтахтимизда Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан баркамол авлодни тарбиялашда жисмоний тарбия ва спортнинг аҳамиятига бағишланган семинар ўтказилди.

Сенаторлар, тегишли вазирлик ва идоралар, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси, соҳага ихтисослаштирилган таълим муассасалари, жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашган тадбирда қайд этилганидек, мамлакатимизда мустақилликнинг илк кунлариданоқ болалар спортини ривожлантириш ҳамда ҳар томонлама соғлом авлодни тарбиялаш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг ташкил этилиши, уч босқичли — “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ҳамда Универсиада спорт ўйинларининг ўтказиб келинаётгани бунинг ёрқин тасдиғидир. 
Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш учун тегишли қонунчилик базаси яратилиб, у замонавий талабларни инобатга олган ҳолда такомиллаштириб борилмоқда. Бу борада қонунлар, Президентимиз Фармон ва қарорлари қабул қилинди. Хусусан, яқинда янги таҳрирдаги “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилингани диққатга сазовордир.
Жисмоний соғлом ва маънавий етук авлодни тарбиялаш, ёшлар қалбида соғлом турмуш тарзи кўникмаларини қарор топтириш мақсадида вазирликлар ва идоралар, давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ўқув юртлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан болалар оммавий спортини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Аввало, қишлоқ жойларида болалар спорт мактабларининг моддий базасини мустаҳкамлаш, замонавий болалар спорт комплекслари ва майдончаларини барпо этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар амалга оширилаётир. Маҳаллий корхоналар томонидан 115 турдан ортиқ спорт анжомлари ва асбоб-ускуналари ишлаб чиқарилмоқда.
Муҳокама чоғида таъкидланганидек, бугун спорт иншоотларида 2 миллиондан зиёд ўғил ва қизлар спортнинг 30 тури билан мунтазам шуғулланмоқда.
Шунингдек, таълим муассасаларида жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш учун қулай шарт-шароитлар яратилган. Қайд этиш лозимки, бугун миллионлаб ўсмир ва қизлар таълим олиш билан бир вақтда спорт, бадиий ҳаваскорлик ҳамда чет тилларини ўрганиш билан машғул. Натижада 2004 йил билан таққослаганда, 2014 йилда мактабга борадиган ёшдаги мутлақ соғлом болаларнинг улуши 12,3 фоиз ўсди ва бундай ёшдаги болаларнинг умумий сонига нисбатан 64,5 фоизни ташкил этди.
Шу билан бирга, сенаторлар баркамол авлодни тарбиялашда жисмоний тарбия ва спорт муҳим роль ўйнашига урғу бердилар. Шу муносабат билан тегишли вазирликлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда яқинда кучга кирган янги таҳрирдаги “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги Қонуннинг қоидаларини рўёбга чиқариш бўйича аниқ мақсадга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий ишларни амалга ошириши зарур. Бинобарин, Қонун нормаларига мувофиқ, мутахассислар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда оммавий жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, болалар спортининг самарали инфратузилмасини, спорт захирасини тайёрлаш тизимини яратиш, спортнинг миллий турларини ҳамда халқ ўйинларини ривожлантириш, ўсиб келаётган авлодни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга оммавий тарзда жалб қилиш, жисмоний тарбия ҳамда спортни тарғиб қилишни ва оммалаштиришни давом эттириш талаб қилинади.
Семинарда жисмоний тарбия ҳамда спортни ривожлантириш, бу борада ота-оналар, таълим муассасалари, соғлиқни сақлаш органлари масъулиятини янада ошириш мақсадида амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари ижро этилишини таъминлашга доир бир қатор тавсиялар берилди.


Қобил ХИДИРОВ

 

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati