O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг иккинчи ялпи мажлиси тўғрисида ахборот

16.05.2015

Тошкент шаҳрида 2015 йил 16 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг иккинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди. 

Ялпи мажлиснинг иккинчи кунини сенаторлар конституциявий ваколатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2014 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқишдан бошладилар. Қайд этилдики, ҳокимият ижро этувчи тармоғининг фаолияти, хусусан, Давлат бюджетининг ижро этилиши устидан парламент назорати босқичма-босқич ва тизимли кучайтириб борилаётган шароитда Ҳисоб палатасининг бу борадаги профессионал фаолияти давлат маблағларини мақсадли ва самарали сарфланишини таъминлашнинг таъсирчан механизмларидан бири ҳисобланади. Шу муносабат билан сенаторлар томонидан Ҳисоб палатаси фаолияти якунларини ҳар томонлама ва комплекс таҳлил қилиш, замонавий талаблар асосида унинг фаолияти янада такомиллаштирилиши юзасидан тавсиялар ва таклифлар ишлаб чиқиш Олий Мажлис Сенатининг муҳим вазифасидир. 

Ҳисоб палатасининг 2014 йилдаги фаолияти Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 18 январда бўлиб ўтган мажлисида давлат раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар асосида амалга оширилди. 

Ушбу вазифаларнинг самарали рўёбга чиқарилишини таъминлаш мақсадида Ҳисоб палатасининг 2014 йилдаги фаолиятининг асосий йўналишлари Бюджет кодексига мувофиқ Давлат бюджетини шакллантириш ва ижро этиш устидан назоратни ташкил этишдан, бюджет маблағларидан фойдаланишнинг қонунийлигини, аниқ мақсадга йўналтирилганлигини ва самарадорлигини баҳолашдан, 2015 йилга мўлжалланган солиқ ва бюджет сиёсатининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети лойиҳасининг асосий йўналишларини экспертизадан ўтказишдан, шунингдек, берилган ваколатларга мувофиқ бошқа назорат тадбирларини ўтказишдан иборат бўлди. 

Ҳисобот йилида Ҳисоб палатаси томонидан бюджет маблағларидан фойдаланишга доир 33 та йўналиш бўйича 149 та объектда назорат тадбирлари ўтказилди. 

Минтақаларда аниқланган молиявий қоидабузарликлар ва камчиликларни бартараф этиш ҳамда уларнинг келгусида такрорланишига йўл қўймаслик, бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш устидан назорат қилишда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ролини ошириш мақсадида маҳаллий бюджетларнинг ижро этилишини текшириш натижалари халқ депутатлари Жиззах, Навоий ва Андижон вилоятлари Кенгашларининг сессияларида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари иштирокида, тегишли вазирлик ҳамда идораларнинг масъул ходимлари таклиф этилган ҳолда батафсил муҳокама қилинди. 

Текширувлар якунларига кўра Ҳисоб палатаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига маълумот тариқасидаги хатлар ҳамда тегишли вазирликлар, идоралар ва маҳаллий ҳокимият органларига ижро этилиши шарт бўлган тақдимномалар киритилди. Ушбу маълумот тариқасидаги хатлар ва тақдимномаларда етказилган зарарнинг қайтарилишини ва ўрни қопланишини таъминлаш талаби билан бир қаторда Давлат бюджетининг даромадларини кўпайтириш ва уларни сарф қилиш самарадорлигини ошириш масалаларига эътибор қаратилди. 

Ҳисобот йилида қилинган ишлар натижасида давлатнинг ёки хўжалик юритувчи субъектларнинг манфаатларига етказилган 81,5 миллиард сўмлик зарарнинг ўрни қопланишига эришилди. 

Масалани муҳокама этиш чоғида сенаторлар Ҳисоб палатаси назорат тадбирларини кучайтириш ва самарадорлигини оширишга, молиявий ҳуқуқбузарликлар сонини қисқартириш ва келгусида такрорланишининг олдини олиш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўришга қаратилган ўз таклиф ва тавсияларини билдирдилар. Шунингдек, Давлат бюджетининг ижро этилиши устидан парламент назоратини амалга ошириш соҳасида Ҳисоб палатасининг Олий Мажлис билан ҳамкорлигини кучайтиришга, шунингдек, Олий Мажлис Сенатининг назорат-таҳлил тадбирларига Ҳисоб палатаси вакилларини жалб қилишга доир аниқ таклифлар ҳам ишлаб чиқилди. 

Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг ҳисоботини ҳам тингладилар. Ҳисоботни муҳокама этиш чоғида Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2014 йилдаги фаолияти атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратининг самарадорлигини оширишга, табиатни муҳофаза қилиш фаолияти соҳасида тармоқлараро бошқарувни кучайтиришга, экология тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга қаратилганлиги қайд этилди. 

Олий Мажлис Сенатининг Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2013 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи якунларига доир қарорини бажариш мақсадида қабул қилинган тадбирлар дастурига мувофиқ ушбу дастурнинг 11 та асосий йўналиши бўйича 33 та тадбир бажарилди. 

Экологик назоратни амалга ошириш Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг асосий вазифаларидан бири бўлгани ҳолда 2014 йилда экологик назорат 2013 йилнинг охирида қабул қилинган “Экологик назорат тўғрисида”ги қонунга мувофиқ принципиал жиҳатдан янги шароитларда амалга оширилди. Мазкур қонун, биринчи навбатда, назорат қилиш ва мониторинг қилишнинг замонавий шакллари ва усулларини жорий этиш, жамоатчиликни ушбу жараёнга кенг жалб қилиш, ушбу мақсадларда ижтимоий экологик назорат ўтказилишини аниқ тартибга солиш, давлат органларининг фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлигини кучайтиришга, шунингдек, табиатдан фойдаланувчиларнинг табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш учун жавобгарлигини оширишга доир самарали чора-тадбирлар ҳисобига экологик назорат самарадорлигининг сифати оширилишига кўмаклашди. Сенаторлар ушбу қонуннинг Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан бажарилишининг боришини ҳамда ушбу соҳадаги ҳуқуқни қўллаш амалиёти самарадорлигини батафсил муҳокама этдилар. 

Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ташаббусига кўра 2014 йилда Ҳукуматнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни тиклаш соҳасидаги 10 та қарори қабул қилинди. Ушбу қарорлар манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда жамоатчиликнинг фаол иштирокида ишлаб чиқилди. 

2013-2017 йилларда атроф-муҳит муҳофазаси бўйича ҳаракатлар дастурини, шунингдек, унинг асосида қабул қилинган ҳудудий дастурларни рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратилди. Ҳисобот йили мобайнида 951 та хўжалик юритувчи субъект текширилди, 15 мингдан ортиқ тезкор назорат тадбири ўтказилди. Саноат корхоналарида табиатни муҳофаза қилишга доир тадбирлар ўтказилиши натижасида атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддалар чиқарилиши 7,0 тоннага камайди. 

Шунингдек, энергиянинг қайта тикланадиган манбаларини фаол жорий этиш масалалари ҳам диққат марказида бўлди. Хусусан, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан ижтимоий муҳим объектларда табиатни муҳофаза қилиш маҳаллий фондларининг маблағлари ҳисобидан қуёш батареяларини ўрнатиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. 

Ҳисоботни муҳокама этиш чоғида сенаторлар Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг фаолиятини янада такомиллаштириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича ҳаракат дастурини рўёбга чиқаришга қаратилган қўмита фаолиятининг самарадорлигини ошириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан самарали экологик назоратни амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар кўриш, экологик туризмни ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, шу жумладан, экологик хавфсизликнинг трансчегара таҳдидларига қарши курашиш юзасидан аниқ таклиф ҳамда тавсиялар бердилар. 

Шундан сўнг сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди таркибига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқдилар. 

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ваколатига кирадиган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди. 

Кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати тегишли қарорлар қабул қилди. 

Сенатнинг икки кунлик мажлиси давомида мамлакатимизда демократик, ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ислоҳотларни босқичма-босқич амалга ошириш ва изчил чуқурлаштириш соҳасидаги аниқ вазифаларни ҳал қилишга, Асосий қомусимизнинг низомларини амалда рўёбга чиқаришга, шунингдек, республиканинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга, тадбиркорлик фаолиятини кучайтиришга ва ишчанлик муҳитини оширишга ҳамда инсонларнинг фаровонлигини юксалтиришга қаратилган 17 та масала, шу жумладан, 7 та қонун кўриб чиқилди. 

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг иккинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади. 

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

Ахборот

Давр

Пойтахт

O'zbekcha | Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati