O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти

16.04.2015

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан “Янги ижтимоий-сиёсий шароитларда парламент ва депутатлик назорати самарадорлигини оширишнинг долзарб масалалари: қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти” мавзуида семинар ўтказилди.

Тадбирда Сенат аъзолари, халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутатлари, Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, вилоятлар таълим, соғлиқни сақлаш, қишлоқ ва сув хўжалиги, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бошқармалари вакиллари, олимлар ҳамда журналистлар қатнашди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистонда янги ижтимоий-сиёсий шароитларда давлат ҳокимияти органлари тизимида парламентнинг ўрни янада мустаҳкамланди. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш ваколати сезиларли даражада кенгайтирилди. Зеро, буларнинг барчаси қонунларнинг жойлардаги ижросини таъминлаш, истиқболда қонунчиликни янада такомиллаштириш мақсадида уларни амалиётга татбиқ этишда учраётган муаммоларни аниқлашнинг таъсирчан воситаси ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2015 йил 22 январда ўтказилган биринчи мажлисида таъкидланганидек, қонун чиқарувчи органда, энг аввало, минтақаларнинг манфаатларини ифода этувчи сенаторлар жойларда қонунларнинг, социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ривожлантиришга доир энг муҳим давлат дастурларининг ижро этилишини ўрганишда, ҳудудлардаги муаммоларни аниқлашда, қонунлар устида ишлаётганда ҳудудлар манфаатларини ҳар томонлама ҳисобга олиш учун халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари билан ҳамкорликнинг самарадорлигини оширишлари зарур. Бинобарин, Сенат қўмиталарининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари комиссиялари билан ўзаро ҳамкорлигига оид аниқ механизмлар, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти, хусусан, қонунчилик ижроси устидан назорат самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Маҳаллий Кенгашлар депутатлари учун минтақавий семинарлар ўтказилгани ана шулар жумласидандир.
Семинар доирасида қонунларни ижрочиларга етказиб бериш, назорат-таҳлил тадбирларига соҳа мутахассислари ва фуқаролик жамияти институтларини жалб этишнинг аҳамиятига доир масалалар кўриб чиқилди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2015 йил 23 январдаги қўшма мажлисида қайд этилганидек, янги конституциявий шароитда парламент эшитувлари, ҳукумат аъзолари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг қонунчилик талабларининг ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги ҳисоботларини тизимли равишда эшитиб бориш, депутатларнинг сўровларига атрофлича жавоб қайтаришни таъминлаш парламентнинг кундалик иши бўлмоғи зарур.
Тадбир қатнашчилари халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва уларнинг доимий комиссияларининг парламент ҳамда депутатлик назорати самарадорлигини юксалтириш, қонунлар ва давлат дастурларининг бажарилишини ўрганиш, бу борада йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш, қонунчилик соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан таклифларини билдиришди.
Тўхталиб ўтилганидек, ҳар бир депутат бугунги кунда ўзининг аниқ ҳаракат дастурига эга бўлиши мақсадга мувофиқдир. Шубҳасиз, унда қабул қилинган қонунлар ва муҳим давлат дастурлари устидан назоратни амалга ошириш алоҳида ўрин эгаллайди. Бу эса демократик ислоҳотларни янада муваффақиятли давом эттиришнинг кафолатидир.

Зиёда АШУРОВА,
Халқ сўзи газетаси


O'zbekcha | Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati