O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш — долзарб вазифа

14.11.2015

 

Аҳоли ҳамда ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш Ўзбекистон Республикаси миллий хавфсизлигининг таркибий қисми бўлиб, у инсонлар ҳаёти ва саломатлигини асрашга, атроф табиий муҳитга етказилаётган зарар ҳамда моддий йўқотишлар миқдорини камайтиришга йўналтирилгандир.

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан Навоий вилоятида ташкил этилган “Аҳолини фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш масалаларида давлат органларининг ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлиги” мавзуидаги конференцияда шу ва бошқа масалалар муҳокама этилди.
Тадбирда халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши депутатлари, вилоят давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари раҳбарлари, Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари, “Саноатгеоконтехназорат” давлат инспекцияси, Навоий кон-металлургия комбинати, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда аҳолини фавқулодда вазиятлардан муҳофаза этишга, унинг олдини олиш ҳамда оқибатларини бартараф қилиш соҳасида инсонпарварлик, инсон ҳаёти ва саломатлиги устуворлиги принциплари эътироф этилган қонунчилик базаси шакллантирилган. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил қилинган Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бошқармалари ўз фаолиятини “Фуқаро муҳофазаси тўғрисида”ги, “Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида”ги ҳамда бошқа қонунларга мувофиқ олиб бораяпти. Ушбу ҳужжатларда давлат ҳокимияти маҳаллий органлари билан бир қаторда, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва жамоат бирлашмаларининг ваколатлари ҳам белгилаб берилган. Чунончи, мазкур институтлар тегишли ҳудудлар, сув таъминоти, тураржойлар, таълим муассасалари санитария ҳамда экологик ҳолати устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш учун аҳолини фаол жалб қилиб келмоқда. Айни пайтда ваколатли органларнинг мажбуриятлари ва фуқароларнинг фавқулодда вазиятлар ҳақида ахборот олиш ҳуқуқлари ҳам мустаҳкамлаб қўйилган.
Анжуманда қайд этилганидек, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мутахассислари томонидан ахборот-коммуникация технологиялари, замонавий-авария қутқарув ускуналари, махсус транспорт ҳамда техникадан фойдаланган ҳолда қонун ҳужжатларига мувофиқ, ўқув ва амалий машғулотлар ўтказилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрида қутқарув хизматлари ва қутқарув қисмлари фаолият кўрсатаяпти. Уларнинг ишида фуқаролик жамияти институтлари ҳам фаол қатнашаётир.
Жумладан, “Экосан” жамғармаси томонидан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги органлари билан ҳамкорликда корхоналар ҳамда ташкилотлар, ўқув юртлари, тиббиёт муассасалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари иштирокида аҳолини фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш масалаларига бағишланган тадбирлар мунтазам ўтказилмоқда. Хусусан, ушбу фонд экспертлари томонидан Тошкент давлат педагогика университети олимлари билан ҳамкорликда қўлланмалар тайёрланиб, чоп этилди.
“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва фавқулодда вазиятлар бўйича бошқармалар билан ҳамкорликда ҳар йили тоғли, дашт жойларда яшовчи аҳолига хайрия тиббий ёрдами кўрсатилмоқда, шунингдек, экологик ноқулай минтақаларда истиқомат қилувчи аҳолига тиббий ҳамда ижтимоий ёрдам кўрсатиш учун “Саломатлик” поездлари уюштирилмоқда. “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан фавқулодда вазиятларга тайёрлаш юзасидан катта ишлар амалга оширилаяпти.
Анжуманда фавқулодда вазиятлар хизматининг фуқаролик институтлари билан ҳамкорлигини янада кучайтириш юзасидан фикр алмашилди. Сенаторлар фавқулодда вазиятлар бўйича вилоят бошқармалари фаолияти самарадорлигини ошириш, соҳада қонун ҳужжатлари ижроси устидан депутатлик ва парламент назоратини кучайтиришга қаратилган таклиф ҳамда тавсиялар билдирдилар.
Муҳокама якунларига кўра тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди ҳамда қабул қилинди.

Азамат ЗАРИПОВ,
«Халқ сўзи» мухбири

 

 

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati