O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Электрон тижорат — иқтисодий тараққиёт гарови

14.05.2015

Мамлакатимизда ишлаб чиқаришни изчил диверсификация қилиш, ички ва ташқи бозорда рақобатдош маҳсулотларни кўпайтириш, кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик субъектларига бизнес юритиш учун қулайликлар яратиш, юқори технологияларга асосланган янги ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, иқтисодиётнинг барча жабҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бозор иқтисодиёти шароитида электрон тижоратнинг жадал ривожланиши юқори иқтисодий самарадорликни таъминлашга, инновацион тадбиркорлик фаолиятининг янада тараққий этишига хизмат қилади.
Бугунги кунда бизнесда ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланилаётгани натижасида соҳанинг электрон кўриниши шаклланмоқда, масофалар қисқариб, вақт тежалаяпти. Кундалик турмушимиздаги турли юмушларни интернет орқали бажариш, хат-хабарлар, тўловларни электрон тарзда амалга ошириш амалиёти тобора кенгайиб бораётир. Пировардида замонавий ахборот технологиялари асосида янги турдаги банк хизматларини кўрсатиш, электрон тижорат, электрон тўловлар тизими ва хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида ўзаро ҳисоб-китоблар самарадорлигини ошириш учун кенг шарт-шароитлар яратилмоқда. Биргина жорий йил бошидан буён кичик бизнес субъектларидан давлат харидлари ҳажми 77,9 миллиард сўмни ёки электрон савдолар орқали амалга ошириладиган давлат харидлари умумий ҳажмининг 99,6 фоизини ташкил қилди. Айни пайтда давлат харидлари бўйича электрон савдоларнинг жорий этилиши ҳисобидан 22 миллиард сўмлик ёки шу мақсадга мўлжалланган 21,9 фоиз бюджет маблағлари иқтисод қилинди.
Юртимизда электрон тижорат соҳасидаги муносабатларнинг норматив-ҳуқуқий асослари яратилган. “Ахборотлаштириш тўғрисида”, “Электрон тўловлар тўғрисида”, “Автоматлаштирилган банк тизимида ахборотни муҳофаза қилиш тўғрисида”, “Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида”, “Электрон тижорат тўғрисида”ги ва бошқа қонунлар ана шулар жумласидандир. Ушбу ҳуқуқий ҳужжатлар асосида электрон банк ҳужжат айланиши, электрон пластик карточкалар каби тизимлар амалиётга изчил жорий этилаяпти.
Барчага аёнки, кейинги йилларда юртимизда иқтисодиётнинг жадал ривожланиши кузатилмоқда. Натижада электрон тижоратнинг аҳамияти тобора ошиб, аҳолининг ушбу соҳа хизматларига бўлган талаб ва эҳтиёжлари юксалиб бораяпти. Шак-шубҳасиз, электрон тижорат бозорини тараққий топтириш ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан самарали фойдаланиб, тегишли механизмларни кенгроқ жорий қилиш, энг аввало, электрон тижорат соҳасининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш заруратини кун тартибига олиб чиқди. Олий Мажлис Сенатининг иккинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилиши кутилаётган янги таҳрирдаги “Электрон тижорат тўғрисида”ги Қонун ҳам ана шу талаб ва эҳтиёжларни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилгани билан аҳамиятлидир. Мазкур ҳуқуқий ҳужжат Президентимизнинг мамлакатимизни 2013 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган вазифалар доирасида тайёрланган.
Қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кенг жамоатчилик, соҳа мутахассислари, сиёсий партияларнинг фаол иштирокида, халқаро ва хориж тажрибаси чуқур ўрганилиб, илғор ютуқ ҳамда тажрибалар ҳисобга олинган ҳолда қабул қилинган. Сенат томонидан ушбу ҳужжатнинг кенг муҳокамаси ташкил этилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Қонун электрон тижоратни ривожлантириш учун янги ҳуқуқий, иқтисодий, ташкилий ва техник шароитлар яратади. У тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш учун қўшимча шароитлар яратиш имконини беради. Электрон тижоратни янада ривожлантиришга, электрон савдода замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилишга, битимларни тузиш тартиб-таомилларини соддалаштиришга, электрон тижорат иштирокчилари ҳуқуқларини рўёбга чиқаришнинг ҳуқуқий механизмларини ўрнатиш ва муҳофаза этишга хизмат қилади.
Мазкур Қонун республикада электрон тижоратни янада кенг жорий этишга ҳуқуқий замин яратиб, савдо операцияларини амалга ошириш бўйича харажатлар (транзакция харажатлари)ни камайтиради. Электрон тижорат субъектларининг бири-биридан географик узоқлиги билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилади. Сотувчилар ва харидорлар ўртасида тўғридан-тўғри тезкор равишда шартномавий муносабатларни ўрнатиш учун шароит туғдиради. Жумладан, бозорда янги иштирокчиларнинг пайдо бўлишида муҳим омилга айланади. Қолаверса, у тадбиркорлик ва ишбилармонлик муҳити янада яхшиланиши, халқаро стандартларга жавоб берадиган технологик бозор инфратузилмасини яратишга қўшимча имкон беради.
Умуман, Қонунда кўзда тутилаётган қоидалар умумдавлат ва ҳудудлар манфаатларига уйғун бўлиб, улар мамлакатда кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик субъектларининг молиявий барқарорлиги, инвестиция фаоллигини юксалтириб, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳамда кўрсатилаётган хизматларнинг жаҳон бозоридаги рақобатдошлиги ва сифати ошишида айни муддао бўлади.

Эгамберган РЎЗМЕТОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

 

O'zbekcha | Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati