O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Оила ва жамият фаровонлигининг муҳим омили

13.12.2015

Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасини чуқур ҳаяжон билан тингладик. Унда тарихан қисқа даврда Ўзбекистон эришаётган ютуқлар эътироф этилгани, энг муҳими, барча эзгу саъй-ҳаракатлар инсон омилига, ёш авлод камолотига йўналтирилаётганини яна бир карра англаб, фахр ҳиссини туйдик.

Дарҳақиқат, ўтган вақт мобайнида юртимизда барча соҳада беқиёс ўзгаришлар, демократик ислоҳотлар амалга оширилди. Бинобарин, Президентимиз таъкидлаганидек, бундан ўн саккиз йил олдин қабул қилинган Кадрлар тайёрлаш ва шунингдек, Мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий дастурлари ҳамда соҳага оид бир қатор қонунлар таълим-тарбия соҳасини янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бунинг натижасида мустақил ва янгича фикрлайдиган, замон талабига жавоб берадиган авлодни шакллантиришга эришдик, Ватанимизнинг эртанги кунини, тақдирини ўз қўлига олишга қодир бўлган фарзандларимиз бугун минбарга чиқмоқда.
Айниқса, юртимизда қиз болаларнинг — бўлғуси оналарнинг ҳам жисмоний, ҳам маънавий соғлом бўлиб вояга етиши, уларнинг ўрта мактабдан сўнг лицей ва коллежларда албатта таълим олишини таъминлаш, замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаши бугунги кунда давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Мустақилликнинг илк йиллариданоқ таълим-тарбия тизими тубдан ислоҳ этилиб, унинг барча босқичида комплекс чора-тадбирлар тизимли равишда рўёбга чиқарилаётир. Бугунги кунда фарзандларимиз янгитдан барпо этилган ва реконструкция қилинган 10 мингга яқин мактабларда, 1 минг 556 та лицей ва коллежда, 70 дан зиёд олий ўқув юртларида янги таълим тизими асосида билим ва тарбия олиб, замонавий касб-ҳунарларни эгаллаб, ҳаётда муносиб ўрнини топмоқда. Давлат бюджетининг 35 фоиздан зиёди таълимга йўналтирилаётгани, ўз навбатида, соҳадаги ислоҳотларнинг миқёси ва кўлами нақадар улкан эканидан далолат беради. Қисқача айтганда, буларнинг барчаси ўсиб келаётган ёш авлоднинг бахтли келажаги, ҳеч кимдан кам бўлмай вояга етишига қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир.
Аслида энг эзгу мақсад ҳам шу: ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, асосийси, қиз болаларни таълимнинг барча босқичига қамраб олиш, уларнинг спорт билан мунтазам шуғулланишларига зарур шарт-шароит яратиш, спортчи қизларни рағбатлантиришга устувор аҳамият қаратишдир. Бунинг натижасида эса қизларимиз илм-фанда, спортда, борингки, барча соҳада улкан муваффақиятларни қўлга киритмоқда.
Шу ўринда қизлар таълим-тарбияси хусусида фикр билдирар эканмиз, қайд этиш жоизки, бу жамият фаровонлиги ва истиқболдаги салоҳиятини белгиловчи омиллардан биридир. Шуни назарда тутган ҳолда мамлакатимизда амалга оширилаётган оналик ва болаликни муҳофаза қилишнинг самарали механизми замирида ҳам қизлар саломатлигига ҳамда камолотига изчил ёндашув мавжуд. Айниқса, қизларнинг барвақт турмушга чиқиши билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олиш, юртимизда навқирон авлод учун яратилган беқиёс имкониятлардан муносиб фойдаланишга қизларимизда рағбат ва интилишни кучайтириш, уларнинг илмий ва ижодий салоҳиятда ҳам, куч ва шижоатда ҳам ҳеч кимдан кам эмаслигини намоён этиши учун кўмаклашиш соғлом авлодни вояга етказишнинг муҳим шартларидан ҳисобланади. Зеро, қиз боланинг касб-ҳунар эгаллаши, ўз фикрига эгалиги, ҳаётни англаши эртанги кунда унинг жамиятда ўз ўрнини топишини кафолатлайди, у қурадиган оила ҳам мустаҳкам бўлади.
Давлатимиз раҳбарининг маърузасини тинглай туриб, аввало, бир она сифатида қизларимизнинг тақдирига куюнчаклик билан қаратилаётган юксак эътибордан, ғамхўрликдан мамнун бўлдим. Айни дамда биз, ота-оналар умумтаълимдан сўнг ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини битириб-битирмаган, ҳали мустақил ҳаётга тўлиқ тайёр бўлмаган қизларимизни турмушга узатиб, қайсидир “мажбурият”ларимиздан халос бўлишга интилишимиз нотўғри эканини яна бир карра чуқур ҳис қилдим. Ахир фарзандимиз оила масъулиятини зиммасига олиши учун ҳар жиҳатдан — ҳам физиологик, ҳам психологик, ҳам маънавий етук бўлмоғи зарур. Чунки оилаларнинг соғлом ва мустаҳкамлиги турмуш қураётган қизларнинг репродуктив саломатлиги ҳамда салоҳиятига ҳам бевосита боғлиқ. Соғлом бола эса соғлом оилада туғилади, камолга етади.
Мана шу оддий ва ниҳоятда долзарб ҳақиқатни фуқароларимиз онгу шуурига теран сингдириш бугун устувор аҳамиятга эга. Қизларимиз бирор бир касб-ҳунарни мукаммал ўзлаштириши, спорт билан мунтазам шуғулланиши, ўз қобилиятини ривожлантириши учун шароит яратиш нафақат ота-оналар, балки жамият ва давлат олдига ҳам қатор вазифаларни қўймоқда.
Шунга кўра, ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга чиқариш, хусусан, касб-ҳунар коллежларини битирган қизларни ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлаштириш ёки таълимнинг кейинги босқичига, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка йўналтириш чора-тадбирларининг самарадорлигини ошириш парламентимиз аъзоларидан янада ташаббускорликни талаб этади. Бу йўналишдаги қонун ҳужжатлари, давлат ва ҳудудий дастурлар ижроси устидан парламент назоратини кучайтириш, маҳаллий ҳокимият ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, таълим муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда аҳоли ўртасида қизларни эрта турмушга беришнинг нохуш оқибатларини кенг кўламда тушунтириш ишларини жадаллаштириш зарур. Асосийси, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш бўйича шаклланган ҳуқуқий-меъёрий базани такомиллаштиришда фаоллик кўрсатишимиз айни муддаодир.

Сайёра АБДИКАРИМОВА,
Олий Мажлис Сенати аъзоси

 

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati