O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Демократик ислоҳотларнинг мантиқий давоми

13.06.2015

Юртимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилини ҳаётга изчил татбиқ этиш, давлат ҳокимияти ва бошқарувини янада эркинлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Чунончи, сўнгги йилларда парламентнинг давлат ҳокимияти органлари тизимидаги роли кучайтирилиб, ваколатлари янада кенгайтирилди, ҳокимият вакиллик органларининг назорат функциялари самарадорлигини оширишга қаратилган ислоҳотлар ҳаётга татбиқ этилди. Куни кеча “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳам ушбу мақсадларга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Буни сенаторлар, маҳаллий Кенгашлар депутатларининг фикрлари ҳам тасдиқлайди.

Шарипбой РАЖАБОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси:
— Маълумки, ўтган йили мамлакатимиз Конституциясига киритилган тузатишларга мувофиқ, ижроия ҳокимият органлари, ҳокимларнинг вакиллик органлари олдидаги масъулияти кучайтирилди. Хусусан, Конституциямизнинг 103-моддаси вилоят, туман ва шаҳар ҳокимининг тегишли халқ депутатлари Кенгашига ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботлар тақдим этишини белгилайдиган қоидалар билан тўлдирилди. 
Конституциямизга киритилган мазкур демократик меъёрларни амалга ошириш механизмларини яратиш мақсадида “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунга янги модда киритилди.
Унга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли мажлисидан сўнг ўтказиладиган ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларига бағишланган мажлисларда халқ депутатлари Кенгаши томонидан ҳоким ҳисоботини эшитишнинг ҳуқуқий механизми белгилаб берилган. Бунда вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимининг ҳисоботи Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида берилган баҳо ва белгиланган вазифаларни инобатга олган ҳолда, туман ва шаҳар ҳокимининг ҳисоботи эса Вазирлар Маҳкамасининг, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг мажлисларида берилган баҳо ва белгиланган вазифаларни ҳисобга олган ҳолда муҳокама этилади. 
Мазкур қоидалар, шак-шубҳасиз, маҳаллий Кенгашларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги ролини янада ошириб, ижро органларининг масъулиятини кучайтиради. Қолаверса, ушбу амалиётнинг ҳаётга изчил татбиқ этилиши мамлакатимизда кечаётган демократик ислоҳотларнинг, умумдавлат ва ҳудудлар манфаатларининг уйғунлигини таъминлашга хизмат қилади. Шу сабабли, биз Қонун нормаларини Сенат ялпи мажлиси арафасида, ундан сўнг, аввало, маҳаллий Кенгашлар депутатларига, сайловчиларга кенг тушунтирдик, экспертлар, мутахассислар иштирокида турли учрашувлар ташкил қилдик. Бу борадаги ишларимиз кўламини янада кенгайтирамиз.

Мунира ҚОРИЕВА, 
халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати: 
— Мамлакатимизда кечаётган демократик ўзгаришлар, ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг турли жабҳаларида қўлга киритилаётган натижалар маҳаллий вакиллик органларининг зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартишлар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ваколатларини янада кенгайтириш билан бир қаторда, ҳудудларнинг янада равнақ топишида, гуллаб-яшнашида депутатларни ҳам фидойи, ташаббускор бўлишга ундайди. 
Бинобарин, сўнгги йилларда давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштиришга, давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда. Шу нуқтаи назардан Қонунда вилоят, туман, шаҳар ҳокимининг ҳисоботини эшитишга тегишли ҳудудда жойлашган бошқа давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, шу жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотлари, сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва бошқа шахсларнинг таклиф этилиши мумкинлиги белгилаб қўйилгани диққатга сазовордир. Бу норма ҳудудлардаги бунёдкорлик ишларига, ислоҳотлар жараёнига жамиятнинг барча фаол қатлами саъй-ҳаракатини, кучини жалб қилиш имконини беради.
Вилоят, туман, шаҳар ҳокимининг ҳисоботини муҳокама қилиш якунлари бўйича тегишли халқ депутатлари Кенгашининг қарори ва ҳокимнинг ҳисоботи расмий нашрларда ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг веб-сайтларида эълон қилиниши шартлиги белгилангани ислоҳотларнинг очиқлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларнинг амалий ечими бўлиб хизмат қилади. Зеро, юртимизда олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар ҳақида фуқароларни хабардор қилиб бориш, уларда Ватан тақдирига дахлдорлик туйғусини янада кучайтириш ҳаётий заруратдир.

Қобил ХИДИРОВ

 

O'zbekcha | Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati