O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Қимматли қоғозлар бозорининг ҳуқуқий асоси такомиллаштирилди

12.06.2015

Маълумки, яқинда янги таҳрирдаги “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кучга кирди. Қонунни қабул қилишдан кўзланган мақсад қимматли қоғозлар чиқариш ва уларни жойлаштириш, қимматли қоғозлар билан боғлиқ  битимларни тузиш ва рўйхатга олиш, қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга ошириш шартларини соддалаштиришдан иборатдир.

Дарҳақиқат, мустақилликнинг дастлабки йилларидан мамлакатимизда бозор иқтисодиётининг асосларини, авваламбор, қонунчилик базасини шакллантириб, уни изчил такомиллаштириб боришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, давлатимиз молия бозори самарали ишлашини таъминлаш мақсадида қимматли қоғозлар бозори жадал ривожлантирилаяпти.
Ушбу соҳада кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди. Чунончи, қимматли қоғозлар билан боғлиқ битимлар тузиш электрон шаклга ўтказилди, Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси ва савдолар ташкилотчилари хизматлари тарифлари туширилди, нархлар шаклланиши механизми ва ахборотлар ошкор этиш тартиби такомиллаштирилди. Натижада фақат уюшган қимматли қоғозлар бозорида тузилган битимларнинг умумий қиймати 4,2 баравар ошди.
Янги таҳрирдаги “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги Қонун соҳани янада тараққий эттиришга қаратилгани, ислоҳотларнинг бугунги босқичи талаблари асосида ишлаб чиқилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир. Зеро, ушбу ҳуқуқий ҳужжат асосида қимматли қоғозлар билан боғлиқ тартиб ва тамойиллар соддалаштирилди, шу жумладан, янги молиявий инструментлар жорий этилди ва уларни чиқариш, жойлаштириш тартиб ва шартлари белгиланди.
Шунингдек, қимматли қоғозлар битимларини замонавий электрон технологияларни кенг жорий этиш ҳисобига тузиш, қимматли қоғозлар профессионал иштирокчиларига ўрнатилган талабларни қайта кўриб чиқишга оид нормалар қонунда ўз аксини топди.
Қонунда кўзда тутилган барча янгиликлар, шубҳасиз, қимматли қоғозлар бозоридаги инвестиция ҳамда рақобат муҳитини яхшилаш, инвестиция ва инновация лойиҳаларини молиялаштириш учун корхоналарнинг акция ҳамда корпоратив облигациялардан унумли фойдаланишига хизмат қилади. Экспертларнинг фикрича, Қонуннинг амалиётга татбиқ этилиши молия бозорини ҳаракатлантирувчи асосий инструмент бўлган қимматли қоғозларнинг янги турларини муомалага киритиш, қимматли қоғозларнинг муомаласи ҳамда қимматли қоғозлар чиқариш йўли билан хорижий инвесторлар ва аҳолининг бўш турган маблағларини жалб қилиш имкониятини кенгайтиради.
Жумладан, Қонунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 7 январдаги қарори билан тасдиқланган дастурга мувофиқ, инвестиция лойиҳаларига капитал киритиш, ишлаб чиқариш қувватини модернизация қилиш, инфратузилма лойиҳаларини самарали бажариш ва саноатда инвестицияни ошириш заруратидан келиб чиқиб, қимматли қоғозларнинг янги турини — инфратузилма облигацияларини чиқариш жорий этилмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, бу давлат корхоналари ҳамда хўжалик жамиятларига ишлаб чиқариш ва бошқа инфратузилмаларни барпо этиш ҳамда қайта тиклашни молиялаштириш учун пул маблағларини жалб этиш учун қулай шарт-шароитларни юзага келтиради.
Қонунга биноан, инвестиция воситачиси томонидан инвесторга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш учун қимматли қоғозлар савдосининг ташкилотчиси ҳар бир инвестиция воситачисига тегадиган воситачилик ҳақининг чегириб қолинадиган қисми ҳисобидан кафолат фондини шакллантиради. Кафолат фондининг маблағлари инвестиция воситачиларига тегишли бўлиб, ҳар бир инвестиция воситачиси бўйича алоҳида шакллантирилади ва ҳисобга олинади. Кафолат фондининг маблағларидан бошқа мақсадларда фойдаланиш мумкин эмас ва ушбу маблағлар инвестиция воситачисига у инвестиция воситачиси сифатидаги фаолиятини тугатган тақдирда қайтарилиши керак. Шак-шубҳасиз, қонунчиликдаги ушбу янги норма инвесторлар учун қўшимча кафолатлар механизмини яратиб, инвестиция воситачиларининг масъулиятини оширади. Натижада иқтисодиётга жалб этилаётган инвестиция оқими кўпайиб, ижтимоий инфратузилма, иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизация қилиш борасидаги лойиҳаларнинг ҳаётга муваффақиятли татбиқ қилинишига замин яратади.
Хулоса ўрнида айтганда, қимматли қоғозлар бозорининг янада такомиллаштирилиши мамлакатимизнинг барқарор иқтисодий ўсишига хизмат қилади. Қимматли қоғозлар бозори иштирокчилари томонидан ахборотларни замонавий АКТдан фойдаланган ҳолда ошкор этиш тартибининг аниқлаштирилиши акциядорлар ва потенциал инвесторларга, жумладан, чет эл инвесторларига республикамиз қимматли қоғозлар бозори фаолияти тўғрисидаги аниқ, тезкор ахборотни олиш имконини беради.

Шукуржон МАМАТҚУЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Сенати аъзоси

 

O'zbekcha

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati