O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Осуда ҳаёт қадри

12.05.2015

Аждодлар хотирасини ёд этиш, Иккинчи жаҳон урушида жасорат кўрсатган ота-боболаримиз матонатини ёш авлод онгу шуурига теран сингдириш эзгу ишларимиздан биридир. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 1999 йилдан буён умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланиб келинаётган 9 май — Хотира ва Қадрлаш куни урушдан қайтмаганларни эслаш, осмонимиз мусаффолиги, юртимиз равнақи йўлида хизмат қилган фахрийларни эъзозлашга имкон яратди.

Мамлакатимизда “Жасорат, бурч, матонат” шиори остида кенг нишонланган Хотира ва Қадрлаш кунида тинч-осойишта, фаровон ҳаётимиз учун жонини фидо қилган, халқ, Ватан олдидаги бурчини мардона адо этган ўғлонлар хотираси ёдга олинди, фронт ортида ўзини аямасдан меҳнат қилган ватандошларимизга чуқур ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилди.
Президентимиз сана муносабати билан пойтахтимиздаги Хотира майдонида оммавий ахборот воситалари вакилларига берган интервьюсида таъкидлаганидек, ҳеч шубҳасиз, Улуғ Ватан урушида барча халқлар билан бирга бўлиб, фашизм балоси устидан қозонган Fалабамизни, бу урушда халқимиз кўрсатган матонат, мардлик ва қаҳрамонлик намуналарини авлодларимиз асло унутмайди, жанг майдонларида бизнинг ўғлонларимиз нимага қодир эканини доимо ғурур ва ифтихор билан эслайди.
Шу ўринда мамлакатимизда мустақиллик йилларида аҳолининг турли қатлами, жумладан, кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга зарур ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароит яратилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Давлатимиз раҳбарининг жорий йилда имзолаган бир қатор фармонлари ёши улуғ инсонлар, айниқса, уруш ҳамда меҳнат фахрийларига кўрсатилаётган ғамхўрликнинг ёрқин ифодаси бўлди.
Нуронийлар ҳаётини янада яхшилаш, фашизм устидан қозонилган ғалабага муносиб ҳисса қўшган уруш ва меҳнат фронти фахрийларига ижтимоий, пенсия таъминоти ҳамда тиббий хизмат кўрсатишни такомиллаштириш, уларнинг оила ва жамиятдаги ўрнини янада мустаҳкамлашга қаратилган хайрли ташаббуслар бир-бирига уланиб, Кексаларни эъзозлаш йилида янги босқичга кўтарилгани эътиборга молик.
Ўз навбатида, ушбу йўналишдаги ишлар кўламини кенгайтириш, тинч-тотув, осойишта кунларнинг қадрини ёш авлод онг-шуурига сингдириш, бу борада қабул қилинаётган муҳим ҳуқуқий ҳужжатлар аҳамиятини маҳаллий Кенгашлар билан ҳамкорликда кенг жамоатчиликка етказиш, жойларда давлат дастурлари бўйича тарғибот-тушунтириш тадбирларини мунтазам ташкил этиш биз, сенаторларнинг долзарб вазифаларимиздан биридир. Бу саъй-ҳаракатлар бугун ҳал қилувчи кучга айланиб бораётган ёшлар қалбига ота-боболаридан мерос бўлиб қолган ўз юртини севиш, она-Ватанига садоқатли бўлиш, энг муҳими, туғилган тупроғини муқаддас, деб билиш каби фазилатларни сингдиришда катта ўрин тутади.
Мухтасар айтганда, ана шундай дориламон кунларда бахтиёр камолга етаётган ёш ўғил-қизларимизга ҳавас билан боқиб, шу кунларга етганига шукрона айтаётган, ҳаётидан мамнун бўлиб яшаётган кексаларимиз садоқати, жасорати биз учун катта ибратдир.


Сайёра БАРОТОВА,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

 

O'zbekcha | Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati