O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Замонавий ахборот технологиялари интерактив давлат хизматларини кўрсатишнинг муҳим омилидир

Бугунги кунда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жамият ва давлат бошқаруви фаолиятининг барча соҳаларига кенг жорий этиш ҳамда улардан самарали фойдаланиш, фуқароларнинг ахборот олишга доир конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, давлат бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, “электрон ҳукумат” тизимини жадал татбиқ этиш, телекоммуникация инфратузилмаси, маълумотларни узатиш тармоқларини модернизация қилиш борасида мамлакатимиз барча ҳудудида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 4 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларни янги босқичга кўтаришга қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир. Бинобарин, мамлакатимизда мустақилликнинг илк йиллариданоқ, ахборот-коммуникация технологияларини ҳар томонлама равнақ топтириш, унинг ҳуқуқий-ташкилий ҳамда моддий-техник базасини изчил такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратиб келинаяпти. Ахборот-коммуникация технологиялари замонамиз учун долзарблигига монанд суръатда бошқа соҳаларга нисбатан жадал ривожланаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ушбу хизматлар ҳажми сўнгги беш йилда 3,3 баробар, ўтган йили эса 24,5 фоиз ўсгани бунинг амалий тасдиғидир. Айниқса, “электрон ҳукумат” тизимининг изчил ривожланаётгани ахборот тизимлари ва ахборот муносабатлари субъектлари хавфсизлигининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Фармонда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг асосий вазифалари  ҳамда фаолият йўналишлари белгилаб берилди. Чунончи, ахборот технологиялари ва коммуникациялар соҳасида, “электрон ҳукумат”ни жорий этишда ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаш, алоқа ва телекоммуникациялар соҳасидаги фаолиятни, шунингдек, радиочастотали спектрдан фойдаланишни давлат йўли билан бошқариш, лицензиялаш ва назорат қилиш борасидаги ишларни бажариш, замонавий коммуникация воситалари соҳасига доир илмий тадқиқотлар ҳамда ишланмаларни, кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил қилиш, дастурий маҳсулотлар, ахборот тизимлари, маълумотлар базаларини ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш кабилар шулар жумласидандир.

Сир эмаски, мамлакатимизда интернетдан фойдаланувчилар сони йилдан-йилга кўпайиб бораётир. Бугунги кунда улар 10 миллион 200 минг кишидан ошди ёки юртимиз аҳолисининг учдан бир қисмини ташкил этмоқда. Президентимизнинг мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида қайд этилганидек, республикамизда интернетнинг ўтказувчанлик даражаси 4 баробар ошди, интернетга уланиш тезлиги эса 1,5 марта ортди. Шу билан бирга, ундан фойдаланиш нархи 2013 йилдагига нисбатан 11,6 фоиз камайди.

Буларнинг барчаси ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш борасида кўрилаётган изчил чора-тадбирлар самараси, десак, асло муболаға бўлмайди. Истиқболда интернетнинг миллий сегменти янада шакллантирилишини ҳамда унга кенг полосали уланишни кенгайтириш, телефон алоқаси, телевидение ва радиоэшиттиришнинг рақамли тизимларига тўлиқ ўтишни таъминлаш, аҳолининг, хусусан, ёш авлоднинг ахборотга бўлган ҳамда интеллектуал талаб ва эҳтиёжларини қондириш мақсадида тармоқ ресурсларини ривожлантириш учун зарур техник ҳамда қулай шарт-шароитларни яратиш айни муддаодир.

Шу билан бирга, Фармонда мазкур вазирликнинг ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари вазирликлар, идоралар, компаниялар, уюшмалар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек, хўжалик юритувчи субъектлар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланиши белгилаб қўйилди. Бу, ўз навбатида, барча соҳаларда ахборот коммуникация технологиялари ҳамда интерактив давлат хизматлари янада жонлироқ татбиқ этилишини таъминлашга, пировардида аҳоли, жумладан, мамлакатимизнинг олис ҳудудларида яшаётган фуқароларнинг ахборот-коммуникация технологиялари хизматларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришга хизмат қилади.

Умуман айтганда, давлатимиз раҳбарининг мазкур Фармони давлат бошқаруви тизимига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишни янада такомиллаштириш, иқтисодиётимизнинг барча тармоқлари ва соҳаларида замонавий технологиялар ва коммуникациялар аҳамиятини оширишни тақозо этади. Фармон талабларининг ижросини таъминлаш эса, шубҳасиз, биз, сенаторлар зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Унинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчилик эътиборига етказиш, айниқса, тизим фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш, ҳар томонлама мукаммал қонунлар қабул қилинишига жиддий ёндашиш, улар ижросини назорат қилиб бориш масалалари ҳам, шубҳасиз, Фармонда кўзланган мақсадларга эришиш йўлидаги муҳим амалий қадамлар бўлиб қолади.

Зайниддин НИЗОМХОДЖАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати 
Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси.

Русский | O'zbekcha

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati