O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Соғлом авлодни тарбиялашнинг мустаҳкам кафолати

11.12.2015

Аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оила институтини ривожлантириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, пировардида ҳар томонлама соғлом авлодни вояга етказиш мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий сиёсатнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Мустақиллик йилларида айни эзгу мақсад йўлида зарур меъёрий-ҳуқуқий, институционал база яратилди. Парламент томонидан қабул қилинган тегишли қонунлар, Президентимизнинг қатор Фармон ва қарорлари асосида, айниқса, соғлиқни сақлаш тизимидаги кенг кўламли ислоҳотлар давлат ҳамда жамиятнинг бу борадаги саъй-ҳаракатларини уйғунлаштириб, миллат генофондини яхшилашга хизмат қилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида таъкидланганидек, соғлом бола, соғлом авлод орзуси аждодларимиздан бизга ўтиб келаётган, қон-қонимизга сингиб кетган  азалий интилишдир.  Ана шу интилишнинг амалий самарасини республикамизнинг барча ҳудудида энг замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозланган шифо масканлари фаолияти йўлга қўйилиб, юқори технологик даволаш ва диагностика услублари изчил жорий этилаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Ёки болалар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни янада оммалаштиришга қаратилаётган улкан эътибор ҳамда бунинг натижасида эришилаётган залворли ютуқларга бугун барчамиз гувоҳмиз. Хусусан, юртимизда 60 мингга яқин спорт иншооти фаолияти йўлга қўйилгани аҳоли, жумладан, ёшлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга имкон бераяпти. Қайд этиш ўринлики, ҳозирги пайтда икки миллионга яқин ёшларимиз ўттиздан ортиқ спорт турлари билан мунтазам шуғулланаётгани, улар орасида Осиё ва жаҳон чемпионлари сафи кенгайиб бораётгани соҳадаги тизимли ишларнинг яна бир ёрқин самарасидир.
Энг муҳими, ана шундай ҳар томонлама пухта ўйланган ва узоқни кўзлаб олиб борилаётган чора-тадбирлар туфайли бугун юртимизда ўғил-қизларимизнинг 92 фоизи ривожланиш кўрсаткичлари бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига мос келади.
Президентимиз ташаббуси билан 2016 йилнинг “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилиниши эса етук ва баркамол авлодни тарбиялашдек миллат тақдири ҳамда келажагига дахлдор ўта муҳим вазифага янада масъулият билан ёндашишни тақозо қилади. Бинобарин, соғлом миллат буюк давлатни, мукаммал, эркин фуқаролик жамиятини барпо этади.
Шунга кўра, қўмитамиз томонидан Соғлом она ва бола йилидан кўзланган асосий мақсад ва вазифаларни кенг тарғиб қилиш, аҳоли ўртасида тиббий маданиятни ошириш, ҳомиладор ҳамда туғиш ёшидаги аёлларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш, ёш оналар ва болаларни талаб даражасида парваришлаш, уларнинг овқат рационидаги сифат ҳамда калория талаб даражасида бўлишини кафолатлаш каби долзарб масалаларда давлат ва жамоат ташкилотлари билан ижтимоий шериклик асосида самарадор тадбирларни рўёбга чиқариш, ушбу йўналишда давлат дастурлари ва қонун ҳужжатлари ижроси устидан парламент назоратини таъминлаш чораларини кўради.
Мухтасар айтганда, асрлар ва авлодлар оша  давом этиб келаётган муқаддас анъаналаримизга биноан, миллат тарбиячиси — оналарнинг соғлом ҳаёт кечириши учун кўмаклашиш, шу орқали ҳар жиҳатдан соғлом авлод туғилиши ҳамда вояга етишига замин яратиш, барча ёшдаги фуқароларнинг тиббий маданиятини юксалтириш, жамиятнинг бош бўғини бўлган оилаларда соғлом муҳит барқарорлигини сақлаш йўлида куч-ғайратимизни сафарбар этмоғимиз лозим.

Зайниддин НИЗАМХОДЖАЕВ,
Олий Мажлис Сенати Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг раиси

 

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati