O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

ЕХҲТ ДИИҲБ кузатувчилар миссияси учрашувлари

Аввал хабар қилинганидек, мамлакатимизда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси кузатувчилар миссияси ўз фаолиятини амалга оширмоқда.

Айни пайтда ЕХҲТ ДИИҲБнинг узоқ муддатли кузатувчилари Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Фарғона, Бухоро, Тошкент вилоятлари ҳамда юртимизнинг бошқа ҳудудларида иш олиб бораяпти. Улар сиёсий партиялар вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ ва участка сайлов комиссиялари аъзолари, шунингдек, вазирликлар ҳамда ташкилотлар раҳбарлари билан учрашмоқдалар.

Хусусан, 2015 йил 10 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида сенаторларнинг Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг Фавқулодда ва мухтор элчи Каетана де Зулуета раҳбарлигидаги кузатувчилари миссияси вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг ўринбосари Светлана Ортиқова меҳмонларни қутлар экан, мустақиллик йилларида Ўзбекистонда халқаро сайлов стандартларига мувофиқ демократик сайловлар ўтказиш борасида ижобий тажриба тўпланганини алоҳида таъкидлади. Сайлов қонунчилигининг мунтазам такомиллаштириб борилиши фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш, сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича миллий амалиётни яхшилашга хизмат қилаяпти.

Меҳмонлар, шунингдек, жорий йил январь ойида янги таркибда шакллантирилган парламент юқори палатаси фаолияти билан таништирилди.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда ҳокимиятнинг қонунчилик, ижро ва суд тармоқларига бўлиниши конституциявий принципини амалга ошириш механизмлари изчил мустаҳкамланмоқда, ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тизими такомиллаштирилаётир, марказда ҳамда жойларда қонунчилик ва ҳокимият вакиллик органлари ваколатлари ҳамда назорат функциялари кенгайтирилаяпти. Демократик ўзгаришлар пировардида парламентнинг давлат ҳокимияти органлари тизимидаги роли ҳамда аҳамиятини сезиларли даражада оширди.

Ўз навбатида, ЕХҲТ ДИИҲБ кузатувчилар миссияси раҳбари Каетана де Зулуета самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, бўлажак сайловлар мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим сиёсий воқеа эканлигини қайд этди.

Шу куни ЕХҲТ ДИИҲБ кузатувчилар миссияси вакиллари Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси Бахтиёр Мирбобоев билан учрашди.

Учрашув чоғида Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси асосида сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиш ҳамда қўшимчаларнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти ҳақида фикр юритилди. Зеро, уларга биноан, сайловни ташкил этиш ҳамда уни ўтказиш учун масъул конституциявий орган — Марказий сайлов комиссияси мустақиллигининг ҳуқуқий кафолатлари сезиларли равишда мустаҳкамланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қоида ва талабларига тўла мувофиқ ҳолда ўтаётганлиги алоҳида қайд этилди.
Меҳмонлар Конституциявий суд фаолияти билан таништирилди. Шунингдек, юртимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг бориши ҳақида ахборот берилди.

Айни кунларда ЕХҲТ ДИИҲБ кузатувчилар миссияси раҳбари Каетана де Зулуета миссия аъзолари билан биргаликда Бухоро шаҳрида бўлиб, Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеа — Президент сайловига тайёргарлик жараёнининг бориши билан танишди.

Халқаро кузатувчилар сафар доирасида “Шайх ул-олам” маҳалласи фуқаролар йиғинига ташриф буюриб, фуқаролар ўзини ўзи бошқаришнинг ноёб тизими фаолияти, унинг мамлакатда фуқаролик жамиятини шакллантириш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, фуқаролик фаоллигини оширишдаги ролига катта қизиқиш билдирдилар. Меҳмонларга мустақиллик йилларида Бухорода рўёбга чиқарилган улкан бунёдкорлик ишлари ҳақида муфассал маълумот берилди. Улар сиёсий партияларнинг вилоят кенгашлари вакиллари билан ҳам учрашдилар.

Халқаро кузатувчилар 3-Бухоро округ сайлов комиссияси ва вилоятдаги оммавий ахборот воситалари вакиллари фаолияти билан танишди. Округ сайлов комиссияси раиси М. Даминов меҳмонларга Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига ҳудудда кўрилаётган тайёргарликнинг асосий босқичлари, вилоятдаги сайлов участкаларида бажарилган ишлар ҳақида сўзлаб берди. У мазкур жараёнлар мамлакатимиз сайлов қонунчилиги ва Марказий сайлов комиссияси томонидан қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва ўтказишнинг Асосий тадбирлар дастурига қатъий риоя этилган ҳолда олиб борилаётганини таъкидлади. Комиссия фаолиятида аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида тушунтириш ишларига катта эътибор қаратилаяпти. Округ ҳудудида сайловолди ташвиқоти доирасида сайловчиларнинг Президентликка номзодлар билан учрашувлари ўтказилмоқда. Округ сайлов комиссияси аъзолари эса бу каби учрашувларни ташкил этишга фаол кўмаклашаётир.

Қ. ХИДИРОВ,
И. ИБРОҲИМОВ,

O'zbekcha | Русский | English | Français | Español

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati