O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Барқарор ривожланиш ва фаровон ҳаётимиз ифодаси

08.08.2015

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг учинчи ялпи мажлисида мамлакатимизда демократик бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, молия бозорини барқарорлаштиришга қаратилган долзарб масалалар кўриб чиқилди.

Ҳар бир масала сенаторлар томонидан атрофлича, ҳудудлар ва умумдавлат манфаатлари уйғунлиги нуқтаи назаридан кенг муҳокама қилинди. Буни сенаторларнинг фикр-мулоҳазалари ҳам тасдиқлайди.

Гавҳар АЛИМОВА,
Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари:
— Сенатнинг учинчи ялпи мажлиси энг улуғ, энг азиз байрамимиз — Истиқлолнинг 24 йиллигига қизғин ҳозирлик кўрилаётган айни кунларда ўтказилгани замирида ҳам катта маъно 
бор. Зотан, истиқлол, Президентимизнинг шу йил 17 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида қайд этилганидек, халқимиз асрлар давомида интилиб яшаган ҳамда курашган, мустақиллик деган бебаҳо неъматнинг қадр-қимматини теран идрок этиш имконини беради. Дарҳақиқат, ўтган давр мобайнида парламентимиз томонидан пишиқ-пухта қонунлар қабул қилингани, давр талабидан келиб чиқиб, амалдаги қонунчилик изчил такомиллаштириб борилгани кенг кўламли ислоҳотларимиз, қўлга киритган улкан ютуқларимизнинг муҳим омили бўлди.
Ялпи мажлисда ҳам мамлакатимизда демократик ислоҳотларнинг бугунги талабларидан келиб чиқиб, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва қонуний манфаатларининг кафолатларини янада кучайтиришга қаратилган қонунлар кўриб чиқилди.
Сенаторлар қонунлар муҳокамаси жараёнида қўлга киритган улкан ютуқларимизнинг туб моҳияти ҳамда аҳамиятини юртимиз ва жаҳон жамоатчилигига етказиш, кеча ким эдигу бугун ким бўлганимизни чуқур англаш, ватандошларимизни янги марралар сари руҳлантириш зарур эканини алоҳида таъкидлашди. Албатта, маъқулланган қонунларнинг жойлардаги тарғиботи самарадорлигини ошириш, бунда экспертлар ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари салоҳиятидан унумли фойдаланиш айни муддаодир.

Икрам КАРАТАЕВ,
Олий Мажлис Сенати аъзоси:
— Бугун бутун юртимиз, одамларимиз, шаҳару қишлоқларимиз байрам шукуҳи билан яшамоқда. Республикамизнинг барча ҳудудида “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним — Ўзбекистоним!” деган эзгу ғоя остида янгидан-янги ташаббуслар рўёбга чиқарилмоқда, ижтимоий объектлар фойдаланишга топширилаяпти. Юртдошларимиз қалбида ўз ҳаётидан, турмушидан қониқиш, эртанги кунига ишонч мужассам. Чунки ўз вақтида оқилона танлаб олинган тараққиётнинг “ўзбек модели” асосидаги ривожланиш йўли бугун юксак самараларини бермоқда. Биргина ўтган даврда харид қобилияти паритети бўйича ялпи ички маҳсулот ҳажми аҳоли жон бошига нисбатан 4 марта ўсгани ва ҳозирги кунда мазкур кўрсаткич 6,5 минг АҚШ долларидан зиёдни ташкил этаётгани бу борадаги амалий ишларнинг яққол натижаси, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Сенат ялпи мажлисида кўриб чиқилган масалалар ҳам ушбу ютуқ ва марраларни, юртимизда кечаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосини янада мустаҳкамлаб, уларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилгани билан, айниқса, аҳамиятлидир.
Хусусан, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 15 майдаги Фармони асосида амалдаги бир қатор қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни кучайтириш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритишни назарда тутувчи Қонунни алоҳида эътироф этишни истардим. Негаки, ушбу ўзгартишлар иқтисодиётимизни ривожлантириш, аҳоли бандлиги ва фаровонлигини юксалтиришда хусусий секторнинг ролини ошириш, пировардида ютуқларимиз кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилади.

Толибжон МАДУМАРОВ,
Олий Мажлис Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари:
— Шуни алоҳида қайд этиш керакки, кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликни ривожлантириш аҳолини иш билан таъминлаш ва унинг даромадларини оширишнинг муҳим манбаларидан бирига айланмоқда. Шу боисдан ҳам юртимизда тадбиркорлик субъектлари ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб келинаяпти.
Сенат ялпи мажлисида кўриб чиқилган, яъни амалдаги қонунларга киритилган хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ҳамда қўшимчалар ана шу нуқтаи назардан жуда муҳимдир.
Бу Қонун, аввало, тадбиркорларнинг фаолият эркинлигини янада кенгайтиради, ортиқча харажатларни камайтиради ва пировардида бор кучини бизнесни ривожлантиришга йўналтириш имконини беради.

Камила КАВЛАНОВА,
Олий Мажлис Сенати аъзоси:
— Мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ Президентимизнинг бевосита ташаббуси билан мустақил суд ҳокимиятини шакллантириш йўлида тарихий аҳамиятга эга ислоҳотлар изчил амалга ошириб келинаётир. Буларнинг туб замирида, аввало, жамиятимизда тинчлик ҳамда осойишталикни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилиш каби эзгу мақсадлар мужассамдир.
Эътиборлиси, жиноий жазоларни либераллаштириш билан боғлиқ кенг кўламли ислоҳотлар боис ҳозирги пайтда қамоқдагилар сони бўйича Ўзбекистон жаҳон миқёсида энг паст кўрсаткичга эга бўлиб турибди.
Сенат ялпи мажлисида кўриб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун ҳам мамлакатимиз суд-ҳуқуқ соҳасида рўёбга чиқарилаётган ислоҳотларга янгича мазмун бағишлайди.
Умуман, юртимиз суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган бу каби ислоҳотлар инсонпарварлик ҳамда бағрикенглик тамойиллари билан уйғун равишда амалга оширилаяпти. Мамлакатимиз жиноят қонунчилигига киритилаётган озодликни чеклаш тариқасидаги жазо тури билиб-билмай жиноят йўлига кириб қолган, ўз ноқонуний хатти-ҳаракатларидан қаттиқ пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган шахсларга нисбатан беқиёс имкониятдир. Энг муҳими, мазкур жазо тури инсонпарварлик тамойилига тўла мос бўлиб, катта тарбиявий аҳамиятга ҳам эгадир.

Фахритдин УМАРОВ,
Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси:
— Сенаторлар “Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида”ги Қонунни атрофлича муҳокама қилишди. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, инвестиция ҳамда пай фондлари жаҳон амалиётида кенг тарқалган. Қонунни сифатли тайёрлаш мақсадида АҚШ, Германия, Жанубий Корея ҳамда бошқа мамлакатларнинг ушбу соҳадаги қонун ҳужжатлари чуқур таҳлил қилинди.
Инвестиция ва пай фондлари ўзига хос механизм бўлиб, фуқаролар шу механизм ёрдамида пул маблағи ҳамда бошқа активларини бошқариш учун профессионал менежерларга топширади. Натижада жамоавий инвестициялаш тизими ишга тушади. Бу эса бўш турган маблағларни ҳаракатга келтириш, уларни миллий иқтисодиётнинг турли соҳаларини молиялаштиришга йўналтириш имконини беради. Сир эмаски, бугун мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг турли жабҳаларида манзилли дастурлар рўёбга чиқарилмоқда. Хусусан, 2015 — 2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастури доирасида кўплаб инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Янги Қонуннинг амалиётга жорий этилиши ушбу лойиҳаларни молиялаштириш имкониятини янада кенгайтириб, юртимиз, айниқса, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга хизмат қилади. Албатта, Қонуннинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш ҳамда аҳолига тушунтириш сенаторлар ва маҳаллий Кенгашлар депутатларидан катта масъулият талаб қилади.

Халиджан КАМИЛОВ,
Олий Мажлис Сенати аъзоси:
— Маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳолини вирусли ва юқумли касалликлардан муҳофаза этишнинг профилактик тадбирларини кучайтириш, сил ҳамда бошқа касалликларга қарши хизмат кўрсатадиган муассасаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, профилактика ишларининг, ижтимоий аҳамиятга молик касалликларни барвақт аниқлаш ва даволашнинг самарали тизимини шакллантириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди.
Сенаторлар томонидан маъқулланган “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонун ҳам соҳанинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, профилактик тадбирларни ўтказишда санитария нормалари ҳамда қоидаларини ҳаётга янада изчил татбиқ этишга хизмат қилади. Айни пайтда унда гигиена қоидаларига риоя этишнинг барқарор тизимини яратиш, аҳолининг санитария-эпидемиологик барқарорлигини таъминлаш устидан давлат назоратини йўлга қўйиш баробарида, ушбу жараёнда фуқаролик жамияти институтлари иштирокини кучайтириш ва аҳолининг масъулиятини ошириш билан боғлиқ устувор вазифалар қамраб олинган.

Қобил ХИДИРОВ

 

 

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati