O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Юрт равнақига дахлдорлик туйғуси

08.07.2015

Ҳадемай мустақиллигимизнинг 24 йиллигини кенг нишонлаймиз. Бугун мамлакатимизнинг қай бир гўшасига борманг, кенг кўламли бунёдкорлик, ободонлаштириш ишларининг гувоҳи бўласиз.

Бинобарин, янги ижтимоий инфратузилма объектлари фойдаланишга топширилаётир, одамларнинг турмуш даражасини юксалтиришга қаратилган лойиҳалар изчил рўёбга чиқарилаётир.
Пировардида ҳаёт даражаси янада яхшиланиб, юртдошларимиз дунёқараши, атроф-муҳитга муносабати тубдан ўзгармоқда. Эътиборлиси, улар бугунги кунидан рози бўлиб яшашаяпти.
Зеро, Президентимиз Ислом Каримов Қашқадарё вилоятида ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш асносида таъкидлаганидек, “Инсон бахт учун дунёга келади, деган ибора халқимиз орасида эзгу даъватга айланди. Одамлар ҳаётнинг маъносини тушуниб етмоқда, дунёқараши ўзгармоқда. Бугунги авлод билан саксонинчи йиллардаги одамлар ўртасида осмон билан ерча фарқ бор”.
Дарҳақиқат, истиқлол одамларни нафақат ўз тақдири, балки юрт келажаги, равнақи тўғрисида чуқур ўйлашга, мушоҳада юритишга зарур шарт-шароит яратди, десак, асло муболаға эмас. Дориламон кунлар шунчаки қўлга киритилмаганини бугун халқимиз шукроналик ҳисси билан яшаётгани, оиласи тинч, фарзандлари баркамол инсонлар бўлиб вояга етаётгани мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Буларнинг барчаси — ҳаётимизнинг турли жабҳаларида бири-бирини тўлдирадиган, босқичма-босқич амалга оширилган, ҳавойилик кайфиятидан холи бўлган ислоҳотлар стратегик мақсадларимизга хизмат қилиб, маънавий асослари мустаҳкам бўлган қудратли давлат барпо этиш имконини бермоқда.
Буни нуфузли халқаро ташкилотлар, хорижлик экспертлар, сайёҳлар ҳам ҳақли равишда эътироф этишмоқда. Яқинда Швейцарияда Жаҳон иқтисодий форуми иқтисодиёти энг тез ривожланаётган мамлакатлар рейтингини эълон қилди. Ўзбекистон мазкур рейтингда 5-ўринни эгаллади. Халқимизнинг залворли меҳнати, босқичма-босқич олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида эришилаётган бундай улкан ютуқлардан ҳар биримиз фахрланиб, бошимизни баланд кўтариб яшашга ҳақлимиз. Зотан, форум экспертлари яқин истиқболда ҳам Ўзбекистон иқтисодиёти 8 фоизлик ўсишда давом этишини, мамлакат бозор муносабатларига жадал ўтаётганини таъкидлашган. Эътиборли жиҳати, Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси сингари молия муассасалари ҳам бундай ижобий ўсиш тенденцияси сақланиб қолинишини прогноз қилишмоқда.
Шак-шубҳасиз, бу марралар ўз-ўзидан қўлга киритилаётгани йўқ. Юртбошимиз томонидан узоқни кўзлаб ишлаб чиқилган тараққиётнинг “ўзбек модели” асосида давлат ва жамият ишларини бошқариш, иқтисодиётни либераллаштиришнинг ҳуқуқий асослари яратилгани, хусусий мулк ва мулкдорлар ҳуқуқлари конституциявий кафолати кучайтирилгани, имкониятлар ҳамда ресурслар чекланган бир шароитда бозор ислоҳотлари қатъий ва дадил амалга оширилаётгани, энг муҳими, халқимизнинг фидокорона меҳнати юксак муваффақиятларга эришиш имконини бермоқда. Фуқароларни яратувчанлик ташаббусларига жалб қилиш, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорликни турли имтиёз ҳамда преференциялар бериш орқали қўллаб-қувватлаш, давлат интерактив хизматлари кўламини кенгайтириш эвазига мансабдор шахслар ва фуқаролар, тадбиркорлар муносабатларининг шаффоф, самарали тизими яратилди. Бу борадаги қонун ҳужжатлари изчил такомиллаштириб борилаётгани ҳам мамлакатимиз равнақининг муҳим омили бўлаётир. Давлатимиз раҳбарининг шу йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ушбу йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтаришга қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир.
Бугун мамлакатимизда иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизация қилиш ва ривожлантириш, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини юксалтиришда уларнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда, аниқ чора-тадбирлар белгилаб олингани диққатга сазовордир. Бу саъй-ҳаракатлар юртимизда иқтисодиётнинг барқарор ўсиш суръатларини таъминлаш, жойларда аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, бандлик имкониятларини кенгайтириш, ҳудудларнинг меъморий ва табиий қиёфасини тубдан ўзгартиришда ҳал этувчи ўрин тутади.
Шу боис халқ вакиллари, хусусан, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, сенаторлар ҳудудий дастурлар ижросига эътиборни кучайтириши, бу борада қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиши, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари билан биргаликда жамоатчилик назоратининг самарали механизмларини қўллаши тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Чунки юрт тараққиётига дахлдорлик туйғуси ҳар биримиздан жонбозлик ва фидойилик кўрсатишни, эзгу саъй-ҳаракатларимизни ушбу мақсадларга сафарбар қилишни талаб этади.

Суюн АБДИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

 

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati