O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг учинчи ялпи мажлиси тўғрисида ахборот

07.08.2015

2015 йил 7 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг учинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди. 

Сенаторлар ялпи мажлиснинг иккинчи кунини «Ўзбекистон Республикаси ва Германия Федератив Республикаси ўртасида даромад ва мол-мулк солиқлари юзасидан икки ёқлама солиққа тортишнинг олдини олиш тўғрисида 1999 йил 7 сентябрдаги Битимга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Баённомани (Берлин, 2014 йил 14 октябрь) ратификация қилиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни тўғрисидаги масалани кўриб чиқишдан бошладилар. Баённомада амалдаги Битимга солиқ соҳасида ахборот алмашиш ва ўзаро ёрдам кўрсатиш бўйича икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган тузатишлар киритилиши назарда тутилаётганлиги таъкидланди. 

Сенаторларнинг фикрича, ушбу Баённоманинг қабул қилиниши икки мамлакат ўртасида солиққа доир ахборот алмашиш жараёнини тезлаштиришга, солиқлар тўлашдаги турли суиистеъмолликларга қарши курашишга, шунингдек, резидентлар томонидан тўланмаган солиқларнинг томонлар бюджетларига ўз вақтида келиб тушишига кўмаклашади. 

Шундан сўнг сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 80-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2014 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни эшитдилар. Таъкидландики, ўтган йилда Марказий банкнинг фаолияти «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ амалга оширилди ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларига ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг «Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2013 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳақида»ги қарорида белгиланган вазифаларни сўзсиз бажаришга қаратилди. 

Ҳисоботни эшитиш чоғида қайд этилганидек, ҳисобот йилида банк тизими капиталининг етарлилик даражаси 23,8 фоизни ташкил этди, бу эса банк назорати бўйича Базель қўмитаси томонидан белгиланган норматив талаблардан 3 баравар ортиқдир. Банк тизими барқарорлигини баҳолаш омилларидан бири ҳисобланган жорий ликвидлик даражаси бир неча йил давомида 64,62 фоиздан ортиқ бўлмоқда, бу эса халқаро кўламда белгиланган энг кам даражадан 2 баравар юқоридир. Ҳисобот йилида банк активлари 28,2 фоизга ошди ва 56,2 триллион сўмни ташкил этди. 

Шу билан бирга сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Марказий банки фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш юзасидан таклиф ва тавсияларни билдирдилар. 

Жумладан, сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига банкларнинг ресурс базасини такомиллаштиришга ва янада мустаҳкамлашга, банк хизматларини диверсификациялашга, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожини рағбатлантиришни давом эттиришга, шунингдек, минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларида назарда тутилган лойиҳаларни ўз вақтида молиялаштиришга, иш ўринларини ташкил этишга ва аҳолининг бандлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларнинг изчил рўёбга чиқарилишини давом эттиришни тавсия этдилар. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2014 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисобот Сенат томонидан маъқулланди. 

Шундан сўнг сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркибига ўзгартиш киритиш тўғрисидаги ҳамда қатор хорижий давлатлардаги Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари раҳбарларини тайинлаш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқдилар. 

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ваколатига кирадиган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди. Барча кўриб чиқилган масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тегишли қарорлари қабул қилинди. 

Сенатнинг икки кун давом этган мажлиси якунларига кўра ҳаммаси бўлиб 11 та масала, шу жумладан, 6 та қонун кўриб чиқилди. 

Хусусий мулкнинг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга, тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ва ғовларни бартараф этишга, тадбиркорлик субъектларига берилган имтиёзлар ҳамда преференциялар сўзсиз қўлланилишига, тадбиркорларнинг фаолиятига тўсқинлик қилганлик ва қонунга хилоф равишда аралашганлик учун давлат органлари мансабдор шахсларининг жавобгарлигини кучайтиришга қаратилган қонунларнинг қабул қилиниши Сенатнинг бўлиб ўтган ялпи мажлисидаги катта аҳамиятга эга воқеа бўлди. Бу эса, шак-шубҳасиз, мамлакатимиздаги инвестиция муҳитининг яхшиланишига, тадбиркорлар фаоллигининг ошишига, ижтимоий-иқтисодий бозор ислоҳотларининг чуқурлашишига ва ўз навбатида, аҳоли фаровонлигининг юксалишига, мамлакатимиз гуллаб-яшнашига кўмаклашади. 

Сенат томонидан маъқулланган ҳамда суд-ҳуқуқ соҳасини янада демократлаштириш, жиноий жазолар тизимини эркинлаштириш ва инсонпарварлик руҳи билан йўғиришга қаратилган қонунларга мувофиқ амалдаги қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар мамлакатда қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни, хавфсизликни таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш тизимининг самарадорлигини оширишга кўмаклашади. 

Сенаторлар жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришни, ушбу соҳадаги давлат томонидан қўллаб-қувватлаш самарадорлигини оширишни, шунингдек, мамлакатимизда санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлашни давом эттиришни, касалликларнинг олдини олиш тизимини ривожлантиришни назарда тутувчи қонунларни ҳам маъқулладилар. 

Маъқулланган қонунлар ҳамда қабул қилинган қарорлар демократик, социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга ҳамда фуқаролик жамиятини шакллантиришга, аҳолининг турмуш даражасини, мамлакатимиз фаровонлигини оширишга кўмаклашади. 

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг учинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади. 

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
Матбуот хизмати
 

O'zbekcha | Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati