O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Юксак ғамхўрлик ва эҳтиром

07.05.2015

Андижон шаҳрида “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини эъзозлаш — Ўзбекистон Республикаси ижтимоий сиёсатининг устувор йўналишларидан бири” мавзуида семинар бўлиб ўтди. Тадбир Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилди.

Семинарда сенаторлар, Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари Андижон вилояти, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, вилоят давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари, Мудофаа, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вакиллари, 1941 — 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, журналистлар қатнашди.
Тадбирда сўзга чиққанлар мустақиллик йилларида кекса авлод вакилларини эъзозлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганини таъкидлашди. Хусусан, “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур ҳужжатда нуронийларни моддий ҳамда маънавий қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш, ёши улуғ инсонлар, айниқса, 1941 —1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларига ижтимоий, пенсия таъминоти ҳамда тиббий хизмат кўрсатишни такомиллаштириш, ёшларни миллий қадрият ва анъаналар руҳида тарбиялашда уларнинг ўрнини мустаҳкамлаш юзасидан муайян чора-тадбирларни кўриш назарда тутилган.
Анжуманда шу кунларда 9 май — Хотира ва Қадрлаш кунини, шунингдек, Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Fалабанинг 70 йиллигини нишонлашга мамлакатимизда қизғин тайёргарлик кўрилаётганлиги қайд этиб ўтилди. Ушбу байрам муносабати билан тинчлик-тотувликни таъминлашга, ёшларни она-Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашга бениҳоя катта ҳисса қўшган кекса авлодга ҳурмат ҳамда эҳтиром кўрсатилмоқда. Бу эса юртимизда нуронийларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган улуғвор ишлар мисолида ҳам яққол намоён бўлаётир.
Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 13 октябрдаги “1941 — 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ҳамда бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг санаторий-соғломлаштириш муассасаларида уруш ҳамда меҳнат фахрийлари бепул соғломлаштирилмоқда.
Қолаверса, Президентимизнинг жорий йил 19 февралда имзоланган “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари — 1941 — 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини “Иккинчи жаҳон урушидаги Fалабанинг 70 йиллиги” эсдалик юбилей медали билан мукофотлаш тўғрисида”ги ҳамда 2015 йил 6 мартдаги “1941 — 1945 йиллардаги уруш қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармонлари кексаларимизга кўрсатилаётган муносиб эҳтиромнинг ёрқин ифодасидир.
Семинарда мазкур фармонлар ва “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури ижросини сўзсиз таъминлаш, бу борада жойларда парламент, депутатлик, жамоатчилик назоратини кучайтириш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Ёши улуғ инсонлар, айниқса, 1941 — 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларининг ижтимоий ҳимоя қилинишини таъминлаш, уларга кўрсатилаётган ижтимоий ҳамда маиший хизматлар кўламини кенгайтириш борасида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, вазирликлар ҳамда идоралар, корхоналар ва ташкилотлар, Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди бўлимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини янада кучайтириш зарурлиги айтиб ўтилди.
Тадбир иштирокчилари уруш ҳамда меҳнат фронти фахрийларига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликни ошириш, пенсия таъминоти ҳамда ижтимоий муҳофаза самарадорлигини янада юксалтириш юзасидан тегишли таклифлар билдиришди.

Саидаҳмад ШУКУРОВ

 

O'zbekcha | Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati