O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Қимматли қоғозлар бозори такомиллаштирилмоқда

07.05.2015

Маълумки, 15 май куни Олий Мажлис юқори палатасининг иккинчи ялпи мажлиси очилади. Унда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг турли жабҳаларида ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, аҳоли фаровонлигини юксалтиришга қаратилган қатор масалалар кўриб чиқилиши режалаштирилмоқда.

Янги таҳрирдаги “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги Қонун ҳам ана шундай муҳим ҳужжатлардан бири бўлиб, бугунги кунда Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси томонидан жойларда кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинаяпти. Мухбиримиз Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Фахриддин УМАРОВ билан ушбу Қонуннинг мазмун-моҳияти хусусида суҳбатлашди.
— Президентимиз томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида мавжуд қонунларимизнинг аксариятини уларни қўллаш амалиёти ва мамлакатимизда бозор муносабатлари ривожланишининг ҳозирги даврдаги янги реал ҳолатидан келиб чиқиб, жиддий қайта кўриб чиқиш зарурлиги таъкидлаб ўтилган, — деди сенатор. — Дарҳақиқат, мустақиллигимизнинг илк йилларидан республикамиз бозор иқтисодиётининг асосларини, авваламбор, қонунчилик базасини шакллантириш учун шарт-шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилди.
Кенг кўламли ва тадрижий ислоҳотлар натижасида юртимиз молия бозори шаклланиб, унинг самарали ишлаши учун тегишли шарт-шароитлар яратилди, қимматли қоғозлар бозори ривожи учун ташкилий, институционал ва ҳуқуқий асос юзага келди. Пировардида ҳозирги кунда мамлакатимизда йирик тадбиркорлик субъектлари акциядорлик жамиятлари шаклида муваффақиятли фаолият юритиб келмоқда, энг муҳими, бу хусусий мулкдорлар ҳуқуқларини кафолатлаш, аҳолининг бўш турган маблағларини ҳамда хорижий инвесторларни жалб қилишнинг энг қулай ва ишончли усули эканлигини амалда намоён этди.

— Қонунни янги таҳрирда қабул қилишга қандай зарурат бор эди?
— Мамлакатимиз ва жаҳон иқтисодиётида юз бераётган сўнгги тенденциялар, ахборот технологияларининг жадал ривожланиши қонунчиликни ушбу ўзгаришларга доимий равишда мослаштириб боришни тақозо қилмоқда. Айни пайтда эмиссиявий қимматли қоғозлар билан боғлиқ тартиб ҳамда тамойилларни соддалаштириш, шу жумладан, янги молиявий инструментларни жорий этиш ва уларни чиқариш, жойлаштириш билан боғлиқ тартиб ҳамда шартларни белгилаш бугуннинг долзарб талабларидан биридир. Шу билан бирга, соҳани замонавий электрон технологияларни кенг жорий қилиш ҳисобига янада ривожлантириш, қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчиларига ўрнатилган талабларни қайта кўриб чиқиш, бу борадаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик масалаларини такомиллаштириш ҳам кун тартибига чиқмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, янги таҳрирдаги “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни парламентимиз қуйи палатаси томонидан соҳа вакиллари, сиёсий партиялар фракциялари, олимлар, амалиётчилар иштирокида кенг кўриб чиқилди. Ўз навбатида, АҚШ, Германия, Жанубий Корея ва бошқа мамлакатлар тажрибаси, шунингдек, Қимматли қоғозлар комиссиялари халқаро ташкилоти тавсиялари ва тамойиллари таҳлил этилиб, илғор ютуқлари ҳисобга олинган.

— Қонуннинг мазмун-моҳияти хусусида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
— Ҳақиқатан ҳам, қимматли қоғозлар бозорининг фаоллашуви ҳамда муваффақиятли иш юритиши мамлакатимизни барқарор иқтисодий ривожлантиришнинг зарур омилларидан биридир. Жадал тараққий топиб бораётган фонд бозори турли тоифадаги инвесторлар, жумладан, аҳолига бўш пул маблағларини қимматли қоғозлар сотиб олишга йўналтириш ва даромад олиш имконини бераяпти. Қонунда кўзда тутилган барча янгиликлар, шубҳасиз, қимматли қоғозлар бозоридаги инвестиция ҳамда рақобат муҳитини яхшилаш, инвестиция ва инновация лойиҳаларини молиялаштириш учун корхоналарнинг акция ҳамда корпоратив облигациялардан унумли фойдаланишига хизмат қилади. Шу маънода айтганда, мазкур Қонуннинг асосий ғояси молия бозорида ва умуман, иқтисодиётда қимматли қоғозларнинг роли ҳамда аҳамиятини оширишдан, шунингдек, унинг рақобатбардошлигини таъминлашдан иборатдир. Ушбу мақсадга эришиш учун Қонунда замонавий ахборот технологияларига ўтиш орқали республика фонд бозорини модернизация қилиш, шунингдек, қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича жаҳондаги энг яхши тажрибаларни мамлакатимизда татбиқ этиш назарда тутилмоқда.
Янги таҳрирдаги Қонунга биноан, қимматли қоғозлар бозорига қатор янгиликлар жорий қилинаяпти. Хусусан, Қонунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 7 январдаги қарори билан тасдиқланган 2011 — 2015 йиллар даврида Ўзбекистон иқтисодиётида ислоҳотлар масштабини кенгайтириш ва чуқурлаштириш, мамлакатда тадбиркорлик муҳитини шакллантириш бўйича мезонлар ва баҳолар тизимини аниқлаш ва амалга оширишга доир чора-тадбирлар дастурида белгиланган инвестиция лойиҳаларига капитални жалб қилиш, ишлаб чиқариш қувватини модернизациялаш, инфратузилма лойиҳаларини рўёбга чиқариш ҳамда саноатга инвестицияни ошириш заруратидан келиб чиқиб, қимматли қоғозларнинг янги турини — инфратузилмавий облигацияларни чиқариш кўзда тутилаяпти. Бу давлат корхоналари ва хўжалик жамиятларига ишлаб чиқариш ҳамда бошқа инфратузилмаларни барпо этиш ва қайта тиклашни молиялаштириш учун пул маблағларини жалб қилиш учун қулай шарт-шароит яратади.
Шу билан бирга, мазкур ҳуқуқий ҳужжатда инвесторга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш учун кафолат фонди тузилиши белгиланган. Бу янгилик инвесторларни инвестиция воситачилари (брокерлар) айби билан етказилиши мумкин бўлган зарарлардан муҳофаза этади. Кўплаб ривожланган ва ривожланаётган давлатларда брокернинг айби билан етказилган зарарни қоплаш мақсадида махсус кафолат фонди ташкил қилинган. Шак-шубҳасиз, қонунчиликдаги ушбу янги норма инвесторлар учун қўшимча кафолатлар механизмини яратиб, инвестиция воситачиларининг масъулиятини оширади. Натижада ҳудудларга жалб этилаётган инвестиция оқими кўпайиб, ижтимоий инфратузилма, иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизация қилиш борасидаги лойиҳаларнинг ҳаётга муваффақиятли татбиқ қилинишига замин яратади.
Хулоса ўрнида айтганда, мазкур Қонун республикамиз қимматли қоғозлар бозорининг ишлаш механизмини янада такомиллаштиради. Бунинг натижасида мамлакатимиз иқтисодий ўсиш суръатларининг бардавомлиги таъминланади. Қимматли қоғозлар эгаларининг ҳуқуқлари ҳимояси янада мустаҳкамланади. Қимматли қоғозлар бозори иштирокчилари томонидан ахборотлар замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда ошкор этилиши тартибининг аниқлаштирилиши акциядорлар ва потенциал инвесторларга, хусусан, чет эллик сармоядорларга республикамиз қимматли қоғозлар бозори фаолияти тўғрисидаги ахборотларни олиши учун кенг имконият яратади.

Қобил ХИДИРОВ суҳбатлашди

 

O'zbekcha | Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati