O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Аҳоли фаровонлигини юксалтиришнинг муҳим омили

06.08.2015

Аввал хабар қилинганидек, кеча Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг учинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади. Сенаторлар ялпи мажлиснинг биринчи иш кунида мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга қаратилган бир қатор қонунларни атрофлича кўриб чиқдилар ва маъқулладилар.

Айниқса, Президентимизнинг шу йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижроси доирасида ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун қизғин муҳокамага сабаб бўлди. Чунки, сенаторларнинг қайд этишича, мазкур Қонун юртимизда хусусий тадбиркорлик миллий иқтисодиётни жадал суръатлар билан ривожлантириш ҳамда аҳоли фаровонлигини янада юксалтиришнинг муҳим омили эканининг яққол ифодасидир. Буни уларнинг қуйидаги фикр-мулоҳазаларидан ҳам билиш мумкин.

Муҳаммаджон МАҚСУДОВ,
Олий Мажлис Сенати аъзоси:
— Мустақиллик йилларида мамлакатимизда иқтисодиётни либераллаштириш, бозор тамойиллари ва механизмларини кенг жорий этиш, қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги ортиқча бюрократик тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Биргина 2012 — 2014 йилларда Ўзбекистон Республикасининг хусусий мулк мавқеини юксалтириш ҳамда уни ҳимоя қилиш, ишбилармонлик муҳити ва бизнес юритиш шароитларини янада яхшилашга қаратилган ўн бешдан ортиқ қонунлари қабул қилинди.
Сенаторлар томонидан кенг муҳокама этилган ўзгартиш ҳамда қўшимчалар ҳам хусусий мулкни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, тадбиркорликни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш, тадбиркорлик субъектларига берилган имтиёз ва преференцияларни сўзсиз қўллаш, республика иқтисодиётида кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик ўрнини мустаҳкамлашда катта роль ўйнайди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига ўзгартишлар киритилаётир. Уларга мувофиқ, тадбиркорнинг моддий аҳволи ва солиққа оид ҳуқуқбузарлик қилиш шароитини инобатга олиб, суд молиявий санкцияни энг кам қисмидан ҳам камроқ, бироқ белгиланган энг кам миқдорнинг 25 фоизидан кам бўлмаган миқдорда қўллашга ҳақли экани белгиланаяпти. Бу нормалар тадбиркорлик субъектлари фаолияти кўламини янада кенгайтириб, уларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашдаги ролини кучайтиради.

Шоҳида АРИПОВА,
Олий Мажлис Сенати аъзоси:
— Бугун мамлакатимизда хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик миллий иқтисодиётимизнинг том маънодаги локомотивига айланди. Ўзим сайланган Сурхондарё вилояти мисолида оладиган бўлсак, жорий йилнинг биринчи ярмида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 2 триллион 687 миллиард сўмни ташкил этди, шунинг қарийб 62,5 фоизи кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳиссасига тўғри келди.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, парламентимиз юқори палатасида маъқулланган Қонун юртимизда сўнгги йилларда хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбикорликнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш, хусусий секторнинг мамлакат ижтимоий-иқтисодий тараққиётидаги ўрни ва ролини янада ошириш, соҳа фаолиятига ғов бўлаётган бюрократик тўсиқлар ҳамда камчиликларни бартараф этиш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишлар самарадорлигини кучайтиришга хизмат қилади. Қонун давр талаблари, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга тўлиқ жавоб беради, умуман, самарали бизнес юритиш ва иқтисодий ўсиш учун кенг қулайликлар яратади.

Хайрулло БОЗАРОВ,
Олий Мажлис Сенати аъзоси:
— Қонун асосида амалдаги бир қатор қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилмоқда. Ушбу ўзгартишларда хусусий сектор фаолиятини ташкил қилиш ва ривожлантиришнинг барча босқичи, жумладан, хусусий тадбиркорлик субъектларининг назорат, ҳуқуқ-тартибот ҳамда бошқа давлат органлари билан муносабатлари сингари муҳим жараёнлар қамраб олинган.
Ушбу ҳуқуқий ҳужжатга биноан, тадбиркорлик субъектлари солиқ ва божхона қонунчилигини бузганлиги муносабати билан уларнинг мулкини мусодара қилиш, тўловчи томонидан эътироз бўлганда, қўшимча ҳисобланган божхона тўловларини ундириш фақат суд қарори билан амалга оширилади. Хўжалик судларига назорат этувчи органнинг шикоят қилинаётган ҳаракати (қарори) ижросини тўхтатиб туриш ҳуқуқи берилди, хўжалик судлари томонидан даъво аризасини кўриб чиқишга қабул қилиш ҳамда ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисидаги ажрим чиқариш муддати 10 кундан 5 кунгача қисқартирилди.
Қўзғатилган жиноят ишлари доирасида назорат органлари томонидан хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг текширувлари хўжалик юритувчи субъектлар томонидан жалб этилган адвокатлар иштирокида амалга оширилишини назарда тутувчи тартиб жорий қилинмоқда.
Бу саъй-ҳаракатлар юртимизда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг ўзига хос ифодаси бўлиб, тадбиркорлар ҳуқуқлари устуворлигини рўёбга чиқаришда муҳим аҳамият касб этади.

Мирзахмат ШАИМОВ,
Олий Мажлис Сенати аъзоси:
— Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик нафақат даромад манбаи, балки одамларнинг ижодий ҳамда интеллектуал қобилиятини рўёбга чиқариш воситаси ҳамдир. Бу соҳа ҳар бир кишига ўз истеъдоди ва имкониятларини намоён этиши учун замин туғдирмоқда, шу тариқа ташаббускор, мустақил фаолият юрита оладиган, ўз олдига қўйган мақсадларига эришишга қодир инсонлар тоифасини шакллантиришга хизмат қилаяпти.
Шуни қайд этиш керакки, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга киритилаётган ўзгартиш ҳамда қўшимчалар соҳа вакилларига янги имкониятлар эшигини очади. Чунончи, унга мувофиқ, тадбиркорлик субъектларига кичик тадбиркорлик субъектлари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар ва преференциялар, кафолатлар ҳамда ҳуқуқлар ваколатли органларга ва ташкилотларга ёзма равишдаги мурожаатларсиз берилиши кўзда тутилмоқда. Сабаби, Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида Тадбиркорлик субъектлари учун имтиёзлар ва преференциялар ягона реестри яратилади. Бундай қулайлик тадбиркорларга соҳадаги барча ўзгаришлардан ўз вақтида хабардор бўлиш, ортиқча бюрократик сансалорликларнинг олдини олиш, вақтини ҳамда ресурсларини тежаган ҳолда, диққат-эътиборини ўз бизнесини ривожлантиришга йўналтириш имконини беради.
Умуман олганда, қонунчиликка киритилаётган бундай ўзгартиш ва қўшимчалар тадбиркорларимизнинг вақти ҳамда маблағи сарфини камайтириб, асосий эътиборини бизнесни ривожлантиришга қаратиши ва шу орқали мамлакатимиз иқтисодиётини янада юксалтиришга муносиб улуш қўшишига хизмат қилади.

Бахадир ТАЖИЕВ,
Олий Мажлис Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раисининг ўринбосари:
— Юртимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ этиш, судларнинг мустақиллиги ҳамда эркинлигини мустаҳкамлаш, қонун устуворлигини, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, жиноят ишини юритишда суд назоратини мустаҳкамлаш, ҳимоя ҳамда айблов тортишувини таъминлаш тизими ва механизмларини такомиллаштиришда “Хабеас корпус” институти қўлланишини кенгайтириш ишлари олиб борилмоқда.
Айниқса, жиноий жазо тизимини либераллаштириш, бунда бағрикенглик ҳамда инсонпарварлик, жазонинг муқаррарлиги тамойиллари рўёбини таъминлаш мақсадида жиноят қонунчилиги изчил такомиллаштирилмоқда. Сенаторлар томонидан кўриб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун ана шу мақсадларга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Унга мувофиқ, жиноий-ҳуқуқий сиёсатни либераллаштириш мақсадида жазолар тизимига янги турдаги жазо, яъни озодликдан чеклаш жазоси киритилмоқда. Қонунда озодликни чеклаш жазоси ҳамда бу жараёнда қўлланилиши мумкин бўлган чекловлар, умуман, уни амалда қўллаш механизмлари аниқ белгилаб қўйилмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бу норма шахснинг жамиятдан ажралмаган ҳолда тузалиш йўлига кириши, энг муҳими, ўз оиласи бағрида бўлиши, фарзандлари тарбияси билан шуғулланиши учун ҳам катта имконият беради.

Қобил ХИДИРОВ

 

O'zbekcha | Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati