O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг учинчи ялпи мажлиси тўғрисида ахборот

06.08.2015

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг учинчи ялпи мажлиси

2015 йил 6 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг учинчи ялпи мажлиси очилди. Мажлисда Вазирлар Маҳкамасининг таклиф этилган аъзолари, вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари, бошқа ташкилотларнинг, фуқаролик жамияти институтларининг, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари ҳозир бўлдилар.

Мажлисни Олий Мажлис Сенатининг раиси Н.Йўлдошев очди ва бошқарди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ялпи мажлиси Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 24 йиллигини нишонлаш арафасида бўлиб ўтаётганлиги таъкидланди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 17 июлда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ мамлакатимизда «Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним – Ўзбекистоним!» деб номланган эзгу ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маданий-маърифий ва ахборот-тушунтириш тадбирлари олиб борилмоқда. Ушбу тадбирлар энг улуғ, энг азиз байрамимиз бўлган Мустақиллик кунини юқори кўтаринки руҳда ўтказишга қаратилгандир. Ушбу тадбирларнинг амалга оширилиши жамоатчиликнинг Ватанимиз мустақиллигининг бетакрор қадр-қимматини, мустақиллик йилларида Ўзбекистон босиб ўтган машаққатли ва шу билан бирга шонли йўлнинг, кенг қамровли ислоҳотларнинг, фуқароларимизни янги марраларни забт этишга ундайдиган улуғвор муваффақиятларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини чуқур англаб етишида муҳим омил бўлди.

Олий Мажлис Сенати ялпи мажлисининг кун тартибига киритилган масалаларни муҳокама этиш чоғида сенаторлар таъкидлаганларидек, кўриб чиқилаётган қонунлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Олий Мажлис Сенатининг 2015 йил 22 январда ўтказилган биринчи мажлисидаги нутқида ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2015 йил 23 январда бўлиб ўтган қўшма мажлисидаги, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 16 январда бўлиб ўтган мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларига ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг устувор йўналишларига бағишланган мажлисидаги маърузаларида баён этилган вазифаларнинг рўёбга чиқарилишига кўмаклашади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 15 майдаги «Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонини ижро этиш мақсадида ишлаб чиқилган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни Олий Мажлис Сенати ялпи мажлисида сенаторлар томонидан кўриб чиқилган алоҳида муҳим масала бўлди.

Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган фармон ва унинг асосида ишлаб чиқилган мазкур қонун сўнгги йилларда ушбу соҳада ишлаб чиқилган ўз кўлами ва мазмунига кўра энг муҳим норматив ҳужжатлардан бири ҳисобланади, бу эса хусусий сектор фаолиятини кучайтириш ҳисобига республика иқтисодиётининг шиддат билан ривожланишига кучли туртки бериши шубҳасиздир.

Қонун билан давлат рўйхатидан ўтказиш, бизнес юритиш тартиби, назорат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органлари билан ўзаро муносабатлардан тортиб то уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга, шунингдек, жавобгарликни эркинлаштиришга қадар тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг деярли барча жиҳатларига дахл қиладиган 40 дан ортиқ қонун ҳужжатига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган.

Мажлисда таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг фармонига мувофиқ амалдаги қонун ҳужжатларига киритилаётган тузатишлар хусусий мулк ва тадбиркорлик фаолияти янада эркин ривожланишининг, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали механизмларини яратиш имконини беради. Қонун тадбиркорларнинг фаолиятига тўсқинлик қилганлик ва ноқонуний аралашганлик учун давлат органлари мансабдор шахсларининг жавобгарлигини анча кучайтиради.

Жумладан, сенаторларнинг фикрича, солиқ тўлашдан бўйин товлаш тарзида биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган шахс, агар жиноят аниқлангандан кейин ўттиз кун ичида давлатга етказилган зарарни тўлиқ қоплаган бўлса, пенялар ва бошқа молиявий санкцияларни тўлаган бўлса, унга нисбатан жиноий иш қўзғатилмаслигини назарда тутувчи норма ўта муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, қонунда ноқонуний тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланганлик ва савдо қоидаларини бузганлик учун жиноий жазо тайинланмаслиги, бунинг ўрнига маъмурий юрисдикция қўлланилиши назарда тутилмоқда, бундан йирик жиноятлар мустасно.

Сенаторларнинг фикрича, қонунда назарда тутилганидек хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахл қиладиган барча ҳуқуқбузарликлар учун, шу жумладан, тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилганлик, ноқонуний аралашганлик учун жавобгарлик тўғрисидаги моддаларнинг Жиноят кодексининг ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг алоҳида, мустақил бобларига бирлаштирилиши хусусий мулкни ҳимоя қилишнинг кафолатланишини кучайтиришга, мансабдор шахсларнинг ушбу соҳадаги жавобгарлигини оширишга кўмаклашади.

Таъкидланганидек, микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликларининг фаолиятини тўрт йилда кўпи билан бир марта, бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятини уч йилда кўпи билан бир марта текшириш мумкинлиги ҳақидаги тартибнинг белгилаб қўйилиши тадбиркорларни уларнинг хўжалик фаолиятига асоссиз аралашишдан ҳимоя қилишга, бизнес юритиш учун қулай шарт-шароитларни яратишга кўмаклашади.

«Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунга киритилаётган норма давлатимиз раҳбарининг фармонида белгилаб берилган вазифаларнинг яна бир тимсоли бўлди. Ушбу норма қонун ҳужжатларида тадбиркорлик субъектлари учун назарда тутилган имтиёз ва преференциялардан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга қаратилган. Қабул қилинаётган қонунга мувофиқ Ягона интерактив давлат хизматлари порталида Имтиёзлар ва преференцияларнинг ягона реестри яратилмоқда. Бу тадбиркорларга соҳадаги ўзгариш ва имтиёзлардан ўз вақтида хабардор бўлиш имконини беради.

Муҳокама чоғида қайд этилдики, маъмурий ёки жиноий иш бўйича тадбиркорларнинг қайд этилмаган товарлари давлат даромадига айлантирилган тақдирда Солиқ кодексида кўрсатилган молиявий санкцияларнинг тадбиркорларга нисбатан қўлланмаслигини назарда тутувчи норма улар мулкий манфаатларининг ишончли ҳимоя қилинишига, тадбиркорлик, кичик бизнеснинг жадал ривожланиши учун шарт-шароитлар яратилишига кўмаклашади. Таклиф этилаётган норма тадбиркорлар молиявий ҳолатининг ҳаддан ташқари ёмонлашишига йўл қўймасликка қаратилган.

Мажлисда қайд этилдики, ана шу ва бошқа янгиликларнинг қонунлар даражасида мустаҳкамлаб қўйилиши хусусий мулкни ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга, тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ва ғовларни бартараф этишга, тадбиркорларнинг фаолиятига тўсқинлик қилганлик ва қонунга хилоф равишда аралашганлик учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш, назорат ва бошқа давлат органлари мансабдор шахсларининг жавобгарлиги муқаррарлигини таъминлашга кўмаклашади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан сўнг сенаторлар томонидан Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини бажариш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган «Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни кўриб чиқилди.

Муҳокама чоғида сўзга чиққан сенаторлар қайд этганларидек, қонун инвестиция ва пай фондларини тузиш ва улар фаолиятини ташкил этишнинг ҳуқуқий механизмларини яратишга, республикада жамоа томонидан инвестициялар киритиш тизими яратилишини рағбатлантиришга қаратилган. Бу вақтинча бўш турган пул маблағларини ҳаракатга келтиришда, уларни турли иқтисодий, инвестициявий лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтиришда аҳоли ва тадбиркорлик тузилмалари учун шарт-шароитлар яратади.

Муҳокама чоғида сенаторлар таъкидлаганларидек, ушбу қонуннинг қабул қилиниши фонд бозори томонидан иқтисодиёт тармоқлари ўртасида капиталнинг эркин ўтказилишини таъминлаш каби вазифаларнинг самаралироқ бажарилишига, инвесторлар, тадбиркорлар ва аҳолининг кенг қатламларига капитал бозоридан эркин фойдаланиш имкониятини беришга, фонд маблағларини самарали бошқаришга, фуқароларнинг омонатларини шакллантириш ва уларни кўпайтиришнинг муқобил имкониятларини яратишга хизмат қилади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан сўнг сенаторлар «Соғлом бола йили» Давлат дастурини ижро этиш мақсадида тайёрланган «Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида»ги (янги таҳрирда) Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар ва маъқулладилар.

Мажлисда таъкидланганидек, қонунда янги қоидалар назарда тутилган бўлиб, улар жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги бошқарув тизимининг самарадорлигини оширишга, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини, давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва фуқаролик жамияти институтларининг ушбу соҳадаги ваколатларини ҳуқуқий тартибга солишга қаратилган.

Сенаторларнинг фикрича, ушбу қонуннинг қабул қилиниши аҳолини жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга кенг жалб қилишга, жисмонан ва ҳар томонлама етук ёшларни шакллантиришга, ушбу соҳа мутахассисларини тайёрлаш тизимининг самарадорлигини оширишга, замонавий ва самарали спорт инфратузилмасини шакллантиришга, юқори классдаги спортчиларни, шунингдек, спорт захирасини тайёрлаш учун зарур шарт-шароитлар яратишга, спортнинг миллий турларини ривожлантиришга кўмаклашади.

Сўнгра сенаторлар «Соғлом бола йили» Давлат дастурини рўёбга чиқариш доирасида Вазирлар Маҳкамаси томонидан парламентнинг қуйи палатасига киритилган «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар.

Таъкидлаб ўтилганидек, 1992 йилда қабул қилинган амалдаги «Давлат санитария назорати тўғрисида»ги қонуннинг ўрнига қабул қилинаётган ушбу қонун замонавий талабларни инобатга олган ҳолда мамлакатимизда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга, касалликларнинг олдини олишнинг самарали тизимини янада ривожлантиришга, аҳоли саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлашга, санитария нормалари ва қоидаларини бажаришга қаратилган. Шунингдек, қонунда ҳудудлар, иншоотлар, бинолар, ташкилотлар, бошқа объектларни сақлаш юзасидан санитария-эпидемиологик талабларни белгилашда фуқаролик жамияти институтлари кенг иштирок этишининг ташкилий-ҳуқуқий механизмлари назарда тутилмоқда.

Сенаторлар мазкур қонуннинг қабул қилиниши ушбу соҳада таъсирчан санитария-гигиеник ва эпидемияга қарши тадбирлар уюштирилиши ва ўтказилиши, жамоатчилик назоратининг кучайтирилиши учун ижро этувчи ҳокимият органлари ва назорат хизматларининг жавобгарлигини оширишга кўмаклашади, деб қатъий ишонч билдирдилар. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сенаторлар «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар.

Ушбу қонунни кўриб чиқиш жараёнида сенаторлар жиноят қонунчилигига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг ўта муҳимлигини қайд этдилар. Ушбу ўзгартиш ва қўшимчалар, шу жумладан, озодликни чеклаш деб номланган янги жазо чорасининг жорий этилиши жиноий жазолар тизимини янада такомиллаштиришга, эркинлаштиришга ва инсонпарварлик руҳи билан йўғиришга қаратилган.

Сенаторларнинг фикрича, ушбу ўзгартиш ва қўшимчалар жазонинг адолатлилик принципини тўлиқроқ рўёбга чиқаришга, айбдор шахсларни жамиятдан кескин ажратмаган ҳолда уларнинг қаттиқ пушаймон бўлиши ва тузалиши учун зарур шарт-шароитлар яратишга, моддий ва маънавий зарарнинг ўрнини қоплашга, шунингдек, халқаро стандартларни миллий қонун ҳужжатларига имплементация қилишни давом эттиришга кўмаклашади.

Сенаторлар, шунингдек, амалдаги қонун ҳужжатларига киритилиши ушбу қонунда назарда тутилган, қабул қилинган қонунларни, мамлакатимиз Президентининг қарорларини рўёбга чиқариш доирасида тайёрланган ҳамда давлат бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фаолиятида қонунийликни, шунингдек, хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлашнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини янада такомиллаштиришга қаратилган бир қатор бошқа ўзгартиш ва қўшимчаларни, шу жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги, «Прокуратура тўғрисида»ги, «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонунларга киритилаётган ўзгартишларни ҳам кўриб чиқдилар. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати учинчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни якунланди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

O'zbekcha | Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati