O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг муҳим кафолати

05.12.2015

Олий Мажлис Сенатининг тўртинчи ялпи мажлисида мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг бугунги талабларидан келиб чиққан ҳолда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини таъминлашга, аҳоли фаровонлигини юксалтиришга қаратилган қатор масалалар кўриб чиқилди.

Мухбиримизнинг парламент юқори палатаси аъзолари билан суҳбатида сенаторлар томонидан маъқулланган қонунларнинг мазмун-моҳияти хусусида сўз борди.

Зайниддин
НИЗАМХОДЖАЕВ,
Сенатнинг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси:
— Шу кунларда мамлакатимизда миллий давлатчилигимиз ҳамда тараққиётимизнинг мустаҳкам асоси — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма уч йиллигини нишонлашга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Дарҳақиқат, Асосий Қонунимиз бозор иқтисодиётига асосланган мустақил демократик давлат барпо этиш, инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари, қонун устуворлиги ҳамда мамлакатимиз барча фуқаролари учун қонун олдида тенглик тамойили таъминланадиган фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг мустаҳкам пойдеворини яратиб берди. Сенатнинг тўртинчи ялпи мажлисида маъқулланган қонунлар, кўриб чиқилган масалалар ҳам конституциявий қоида ва нормаларни ҳаётга татбиқ қилишга қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир. Бинобарин, қонунларимизда биз танлаган стратегия, яъни тараққий топган давлатлар қаторига кириш, халқимиз ҳамда келажак авлодимиз учун муносиб ҳаёт даражаси ва сифатини таъминлаш мақсади мужассамдир. Албатта, ушбу ҳуқуқий ҳужжатларни кенг тарғиб этиш, уларнинг бажарилиши устидан парламент назоратини кучайтириш олдимизда турган муҳим вазифалардан биридир.

Норқул СОДИҚОВ,
Олий Мажлис Сенати аъзоси:
— Сенаторлар томонидан атрофлича кўриб чиқилган ҳамда маъқулланган “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги Қонун давлат хизматларини кўрсатиш тизимини ривожлантириш соҳасидаги навбатдаги муҳим қадам бўлиб, у турли маъмурий тартиб-таомилларни янада соддалаштириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги ҳамда ошкоралигини таъминлаш, самарадорлигини ошириш учун ҳуқуқий асос яратади. Қонун “электрон ҳукумат” фаолиятини ташкил этишнинг асосий принципларини мустаҳкамлаб, “бир дарча” тамойили асосида электрон ҳужжат алмашиш имкониятларини кенгайтиради, аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро алоқанинг самарали механизмларини яратишни, электрон давлат харидлари тизимини ривожлантиришни назарда тутади.
Шуни қайд этиш керакки, жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳасида АКТни янада ривожлантириш, тадбиркорлик фаолиятида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда, давлат хизматларини кўрсатиш сифати ҳамда улардан фойдаланиш имкониятларини тубдан ошириш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, республикамизнинг барча туман ва шаҳарларида тадбиркорлик субъектларига “бир дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказларини ташкил қилиш ишлари жадал давом эттирилаяпти. Ушбу марказлар орқали тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатилиши натижасида тадбиркорларнинг идорама-идора сарсон бўлиб юришларининг олди олиниб, уларнинг вақтлари тежалмоқда, ортиқча сарф-харажатлар камайди.

Фаррух ДАДАХОДЖАЕВ,
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси:
— Ялпи мажлисда маъқулланган янги таҳрирдаги Божхона кодекси ҳам сенаторлар томонидан қизғин муҳокама қилинди. Шуни қайд этиш керакки, кодекснинг янги таҳрири божхона ишининг ягона ҳамда бир хиллаштирилган қонунчилик базасини янада ривожлантириш, божхона маъмурчилигининг барча босқичида ҳуқуқий норма ва механизмларнинг бир хилда қўлланилишини таъминлаш, божхона томонидан тартибга солишнинг ошкоралигини ошириш мақсадида ишлаб чиқилган. Божхона кодекси юкларни божхонада расмийлаштиришнинг халқаро стандартларига мувофиқлаштирилган божхона режимлари ҳамда тартиб-таомилларининг барча турини батафсил равишда, тўғридан-тўғри таъсир қилувчи нормалар асосида тартибга солади.
Кодексда рухсат этиш хусусиятига эга бўлган турли ҳужжатларни бериш тартиб-таомиллари, товарларни, шу жумладан, товарлар божхона ҳудудига келиб тушишидан аввал уларни декларациялаш ва расмийлаштиришда божхона тартиб-таомилларидан ўтказиш тартиби енгиллаштирилди, шунингдек, мазкур масалалар юзасидан божхона органларининг мансабдор шахслари томонидан қарор қабул қилиш учун белгиланган муддатлар анча қисқартирилди. Божхона назоратининг янги шакллари жорий этилди. Янги таҳрирдаги Божхона кодексининг қабул қилиниши мамлакатимиз ташқи иқтисодий фаолияти самарадорлигини ошириш, ички бозорни сифатсиз ҳамда контрабанда маҳсулотларидан ҳимоя қилиш, хўжалик юритувчи субъектлар, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари, шу жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик корхоналарининг жаҳон бозорларига чиқиши учун қўшимча қулай ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш имкониятини кенгайтиради.

Мақсуда ВАРИСОВА,
Олий Мажлис Сенати аъзоси:
— Маълумки, бугунги кунда мамлакатимизда ветеринария тизими ходимлари юртимиз ҳудудига ҳайвонлар орасида учрайдиган ўта хавфли юқумли касалликлар кириб келишининг олдини олиш, гўшт, сут, тухум ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг хавфсизлигини таъминлаш, чорва молларни юқумли касалликларга қарши ўз вақтида профилактик эмлаш каби муҳим вазифаларни бажариб келаяпти. Албатта, глобаллашув жараёни жадаллашган айни пайтда озиқ-овқат хавфсизлиги масалалари долзарблик касб этиб, бу соҳага оид қонунчиликни ҳам такомиллаштириш зарурати юзага келди. Сенатнинг тўртинчи ялпи мажлисида маъқулланган янги таҳрирдаги “Ветеринария тўғрисида”ги Қонун ушбу йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган. Қонунда ветеринария хизмати сифатини юксалтириш, республика ҳудудининг ветеринария жиҳатдан осойишталигини, давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарларнинг ветеринария, ветеринария-санитария хавфсизлигини таъминлашга қаратилган фаолиятни янада такомиллаштириш мақсади мужассамлаштирилган.
Унга кўра, ветеринария тадбирларини ўтказишга фуқаролик жамияти институтлари ҳам жалб этилиши эътиборлидир. Хусусан, давлат ветеринария хизматининг шаффофлигини, тегишли ҳудудда ветеринария соҳасида жамоатчилик назорати амалга оширилишини таъминлаш мақсадида ветеринария тадбирларини ўтказишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқароларнинг иштирок этиши назарда тутилган.

Халиджон КАМИЛОВ,
Олий Мажлис Сенати аъзоси:
— Янги таҳрирдаги “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Қонун тиббиёт соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш, аҳолининг саломатлигини янада мустаҳкамлаш, фармацевтика фаолиятини тубдан такомиллаштириш борасида ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар ушбу Қонунни қабул қилиш заруратини туғдирди.
Мазкур ҳуқуқий ҳужжат дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникага бўлган техник талабларни тартибга солишни халқаро амалиёт билан уйғунлаштириш, ушбу соҳадаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш бўйича етакчи хорижий давлатлар тажрибасини, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойилларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган. Қонун дори воситалари ҳамда фармацевтика фаолиятини янада такомиллаштириш, уларни тиббиёт амалиётига самарали татбиқ қилиш, аҳолини сифатли ва кафолатланган дори препаратлари билан таъминлаш, давлат ҳамда бошқа идораларнинг соҳадаги масъулиятини ошириш мақсадларини кўзлайди.
Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши мамлакатимизда аҳоли соғлиғини сақлаш, соғлом авлодни тарбиялаш ва тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишнинг комплекс тизимини мустаҳкамлашга кўмаклашади, ижро этувчи органлар ҳамда назорат қилувчи хизматлар фаолиятининг амалий самарадорлигини оширишга имкон беради.

Икром КАРАТАЕВ,
Олий Мажлис Сенати аъзоси:
— Ҳозирги пайтда мамлакатимиз аҳолиси сиёсий-ҳуқуқий маданияти ва ижтимоий онг даражасининг ўсиб бориши, жамиятни демократлаштириш ҳамда либераллаштириш жараёнларининг жадал ривожланиши, юртимизда кўппартиявийлик тизимининг тобора мустаҳкамланиши, иқтисодиётда хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликнинг ривожланиши қонун ҳужжатларини такомиллаштириб бориш учун зарур шарт-шароитларни юзага келтирмоқда. Сенатда маъқулланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун айни шу мақсадда ишлаб чиқилган.
Хусусан, “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунга киритилган тузатишлар мамлакатимизга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, акциядорлик жамиятлари фаолиятининг самарадорлигини тубдан яхшилаш, инвесторлар учун уларнинг очиқлиги ҳамда жозибадорлигини таъминлаш, замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий қилиш, корхоналарни стратегик бошқаришда акциядорлар ролини кучайтириш учун қулай шароитлар яратади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, Сенат ялпи мажлисида кўриб чиқилган масалалар мамлакатимиз иқтисодий ривожланишининг барқарор ўсиш суръатларини таъминлаш, аҳоли турмуш даражасини изчил ошириб бориш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини янада кучайтиришга хизмат қилади.

Қобил ХИДИРОВ

 

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati