O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида

05.08.2015

6 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг учинчи ялпи мажлиси очилади.

Ялпи мажлис арафасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда бўлғуси ялпи мажлисни ўтказишга тайёргарлик тўғрисида ишчи гуруҳ раҳбарининг ахбороти тингланди.

Сенат қўмиталарининг раислари ўтказилган қўмита мажлислари тўғрисида ҳамда учинчи ялпи мажлис муҳокамасига киритилган қонунлар бўйича хулосаларнинг ҳамда бошқа масалалар бўйича қарор лойиҳаларининг тайёрлиги ҳақида маълумот бердилар, ялпи мажлис ишини ташкил этиш бўйича ўзаро фикр алмашдилар.

Кенгаш мажлисида қайд этилганидек, Сенатнинг бўлғуси ялпи мажлисида 11 та масала, шу жумладан, 6 та қонун кўриб чиқилиши кутилмоқда.

Кенгаш аъзолари қайд этганларидек, мажлис кун тартибига ижтимоий-сиёсий, социал, иқтисодий, бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш, мамлакатимизда фуқаролик жамиятини шакллантириш борасида аҳамияти катта бўлган қонун ҳужжатлари киритилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонини ижро этиш мақсадида ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг кўриб чиқилиши Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг бўлажак ялпи мажлисининг муҳим масалаларидан бири бўлади.

Мажлис давомида таъкидлаб ўтилганидек, мазкур қонуннинг қабул қилиниши хусусий мулкнинг ишончли ҳимоя қилинишини янада кучайтириш, тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги ғов ва тўсиқларни олиб ташлаш, тадбиркорлик субъектларига берилган имтиёзлар ва преференциялар сўзсиз қўлланилиши таъминланишига, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига тўсқинлик қилганлик ва қонунга хилоф равишда аралашганлик учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, назорат органларининг ҳамда бошқа давлат органлари мансабдор шахслари жавобгарлигининг муқаррарлиги таъминланишига олиб келади.

Кенгаш аъзоларининг фикрича, кун тартибига киритилган “Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни мамлакатимизда ишчанлик муҳити оширилишини таъминловчи, жамоа бўлиб инвестиция қилиш самарали тизими яратилиб, аҳоли ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар ва тадбиркорлар учун вақтинча бўш турган маблағларни турли устувор инвестиция лойиҳаларига киритиш имконини берувчи ташкилий-ҳуқуқий механизмлар яратилишига ёрдам беради.

Сенатнинг ялпи мажлиси муҳокамасига киритилаётган “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги (янги таҳрири), шунингдек, “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг долзарблиги ҳамда муҳимлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Кўрсатиб ўтилган қонунлар жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришнинг, аҳолини, айниқса, ёшларни жисмоний тарбия машғулотларига оммавий жалб этишнинг, бу соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш самарадорлигини оширишнинг, шунингдек, санитария, касалликларни олдини олиш, аҳоли саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлашнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада ривожлантиришнинг муҳим омили бўлиб қолади.

Бундан ташқари, Сенат аъзолари конституциявий ваколатларига мувофиқ ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2014 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни тинглайдилар.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг ваколатига киритилган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Муҳокама қилинган барча масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

O'zbekcha

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati