O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Хусусий мулк ва мулкдорлар ҳуқуқларининг муҳим кафолати

05.08.2015

Маълумки, бугунги кунда иқтисодиётнинг муҳим таркибига айланган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси ички бозорни зарур товар ҳамда хизматлар билан тўлдиришнинг асосий манбаи бўлиб хизмат қилмоқда. Мазкур тармоқ иқтисодиётни диверсификациялаш ва барқарор суръатлар билан ривожлантиришни таъминлашда ҳам ўта муҳим роль ўйнайди.

Шунинг учун мамлакатимизда иқтисодиётни модернизация қилиш ва либераллаштириш жараёнида хусусий мулк, кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш ҳамда қонуний манфаатларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, 2010 йил ноябрь ойида Президентимиз ташаббуси билан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси ижроси доирасида 2012 — 2014 йилларда хусусий мулк мавқеини ошириш ҳамда уни ҳимоя қилиш, ишбилармонлик муҳити ва бизнес юритиш шароитларини янада яхшилашга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг ўн бешдан ортиқ қонунлари қабул қилинди.
Шу саъй-ҳаракатлар натижасида юртимизда қулай ишбилармонлик муҳити ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик равнақи учун янада кенг имконият яратилди. Хусусан, мулкни рўйхатга олиш, ер участкалари ажратиш, айрим фаолият турлари билан шуғулланиш учун лицензия олиш, қурилишга рухсат бериш ҳамда электр таъминоти тармоқларига уланишда “ягона дарча” тамойилини амалиётга жорий этиш тобора кенгайиб бораётгани диққатга сазовор. Кичик бизнес субъектлари томонидан статистик ва солиқ ҳисоботларини тақдим қилиш механизмлари сезиларли даражада соддалаштирилди. Натижада мустақилликка қадар юртимизда умуман мавжуд бўлмаган кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик соҳаси бугунги кунда ялпи ички маҳсулотнинг 56 фоизидан ортиғини ишлаб чиқараяпти, мазкур тармоқда жами иш билан банд аҳолининг 75-77 фоизи меҳнат қилаётир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони хусусий тадбиркорликнинг иқтисодиётдаги роли ҳамда ўрнини тубдан ошириш, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш йўлидаги мавжуд тўсиқ ва чекловларни тугатиш, хусусий мулкнинг ялпи ички маҳсулотда, жумладан, хориж сармояси иштирокидаги улушини изчил ошириш учун янада қулай иқтисодий, ҳуқуқий шароит ҳамда рағбатлар яратиш билан бир қаторда, соҳа тараққиётида янги босқични бошлаб бергани билан ҳам аҳамиятлидир.
Сенатнинг учинчи ялпи мажлисида муҳокама қилиниши кутилаётган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун ана шу Фармон талаблари асосида ишлаб чиқилган. Сенат қўмиталари томонидан ушбу Қонунни ялпи мажлисга тайёрлаш жараёнида Ҳукумат, тегишли вазирлик ҳамда қўмиталар, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, илмий тадқиқот марказлари экспертлари, олимлар, жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, ҳужжат қоидаларида ҳудудлар ва умумдавлат манфаатлари акс этганлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Мамлакатимизнинг бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритишни назарда тутадиган мазкур Қонуннинг мақсади хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтириш, шунингдек, давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, назорат органларининг тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашганлик учун жавобгарлигини оширишдан иборатдир.
Хусусан, агар шахс Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддасида назарда тутилган жиноятни (солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш) илк маротаба содир этиб, жиноят аниқланган кундан 30 кун давомида давлатга етказилган зарарни тўлиқ қоплаган, пеня ҳамда бошқа молиявий жарима турларини тўлаган бўлса, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилмаслиги ва шахс жавобгарликдан озод этилишини назарда тутувчи тартиб жорий қилинмоқда.
Савдо-сотиқ қоидалари, савдо ҳамда воситачилик фаолияти соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни жиноий юрисдикциядан маъмурий юрисдикцияга ўтказиш назарда тутилаяпти.
Қонун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини йўлга қўйишни соддалаштириш ва уларга қўшимча имкониятларни тақдим қилиши билан аҳамиятлидир. Мисол учун, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга киритилаётган ўзгартиш ҳамда қўшимчаларга мувофиқ, тадбиркорлик субъектларига кичик тадбиркорлик субъектлари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар ва преференциялар, кафолатлар ҳамда ҳуқуқлар ваколатли органларга ва ташкилотларга (давлат солиқ, божхона хизмати органларига, давлат статистика органларига, банкларга ҳамда бошқаларга) ёзма равишдаги мурожаатсиз берилади. Амалдаги қонунчиликда, албатта, тадбиркорлик субъекти бу ҳақда мурожаат этиши талаб қилинар эди.
Эндиликда кичик тадбиркорлик субъектлари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар ва преференцияларнинг рўйхати Ўзбекистон Республикасининг Интерактив давлат хизматлари ягона порталидаги Тадбиркорлик субъектлари учун имтиёзлар ва преференцияларнинг ягона реестрида эълон қилинади ҳамда доимий равишда янгилаб борилади.
Хулоса ўрнида айтганда, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун мамлакатимизда иқтисодиётни либераллаштириш, бошқарувнинг бозор тамойиллари ҳамда механизмларини жорий қилиш, қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги ортиқча бюрократик тўсиқ ҳамда ғовларни бартараф этиш борасидаги ислоҳотларни янги босқичга кўтаришда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Толибжон МАДУМАРОВ,
Олий Мажлис Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари.

 

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati