O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Аҳоли фаровонлиги, Ватан равнақи — пировард мақсад

04.12.2015

Кеча Тошкентда Олий Мажлис Сенатининг тўртинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади. Унда юқори палата аъзолари мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ҳаётининг барча соҳасини изчил ислоҳ қилиш ва либераллаштириш, молиявий барқарорликни мустаҳкамлаш, аҳоли кенг қатлами ҳуқуқ ҳамда эркинликларини муҳофаза этиш, манфаатларини таъминлаш, турмуш даражасини янада юксалтиришга қаратилган кўплаб долзарб масалаларни муҳокама қилишмоқда.

Мухбиримиз Сенат ялпи мажлиси кун тартибига киритилган масалалар юзасидан сенаторлар билан суҳбатлашиб, уларнинг мазмун-моҳияти, аҳамияти ҳақида қизиқди.

Ботир МАТМУРОТОВ, Олий Мажлис Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси:
— Давлатимиз раҳбарининг тақдимномасига мувофиқ, Сенат Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма уч йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисидаги қарорни қабул қилди. Амнистия акти мамлакатимизда рўёбга чиқарилаётган бағрикенглик ва миллий қадриятларга ҳурмат сиёсатининг яққол ифодасидир. Зотан, билиб-билмасдан жиноят йўлига кириб қолганларни кечириш, уларга инсонпарварлик актини қўллаш бундай шахснинг ҳар қандай қилмиш учун жазонинг муқаррарлигини англаб етишида жуда муҳимдир. Умуман, юртимизда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари моҳиятига ҳам айнан мазкур ғоя сингдирилган. Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, амнистия акти қадимдан амал қилиб келинаётган қадриятларни, қолаверса, кишилар эъзозлайдиган бағрикенглик, мурувват ҳамда инсонпарварлик каби олий фазилатларнинг нозик қирраларини ўзида мужассамлаштирган.

Гулнора ТЎРАЕВА, Олий Мажлис Сенати аъзоси:
— Мустақилликнинг илк йиллариданоқ аёлларнинг жамиятдаги мавқеини юксалтириш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, бандлигини таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза этиш масалаларига давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида эътибор қаратиб келинмоқда. Аёл, энг аввало, меҳрибон она, оила қўрғонининг таянчидир. Бинобарин, оилада, фарзанд тарбиясида аёлнинг ўрни катта. Билиб-билмай қилган баъзи хатолари, ҳаётда адашганликлари туфайли жиноят содир этиб, жазо муддатини ўтаётган хотин-қизларимиз ортида ҳам оиласи, фарзандлари ва яқинларининг тақдири турибди. Шу сабабли Сенатнинг амнистия тўғрисидаги қарори хотин-қизларимизга жамият эътиборини қаратишда, адашганларга эса яна бир имконият берилишида айни муддао бўлди. Биз, албатта, жойларда амнистия актининг аҳамияти, давлатимизнинг ғамхўрлиги ҳақида кенг тушунтириш ишларини олиб борамиз.

Шоҳида АРИПОВА, Олий Мажлис Сенати аъзоси:
— Бағрикенглик, кечиримлилик халқимизнинг маънавий фазилатларидан бири саналади. Истиқлол шарофати билан авлоддан-авлодга ўтиб келаётган эзгу амалларимиз, асрий анъана ҳамда қадриятларимиз янада кенг қулоч ёзди. Шу жумладан, хато қилганни кечириш, йиқилганни суяш, тўғри йўл кўрсатиш, инсон сифатида қаддини тиклаб, қайтадан жамиятнинг фаол аъзосига айланиши учун кўмаклашиш давлатимизнинг одилона сиёсатларидан биридир.
Сенатнинг амнистия тўғрисидаги Қарори ижросини тўлиқ таъминлашда суд-ҳуқуқ органлари билан бир қаторда вакиллик органлари, хусусан, депутат ва сенаторлар зиммасига катта масъулият юкланмоқда. Уларнинг ушбу жараёнда фаол иштирок этиши амнистияни қўллашнинг барча босқичида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, жамоатчилик назоратини мустаҳкамлаш имконини беради. Шу боис фуқаролик жамияти институтлари билан биргаликда ижтимоий шериклик муносабатлари асосида мазкур амнистия акти ижросини таъминлашда фаол қатнашишимиз, жонбозлик кўрсатишимиз ва масъулият билан ёндашишимиз жуда муҳимдир.

Турғун ИСКАНДАРОВ, Олий Мажлис Сенати аъзоси:
— Ялпи мажлис муҳокамасига киритилган Ўзбекистон Республикасининг 2016 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари сенаторлар томонидан атрофлича кўриб чиқилди. Қайд этиш жоизки, жаҳонда давом этаётган молиявий инқироз шароитида юртимизда чуқур ўйланган бюджет ҳамда солиқ сиёсати юритилаётганлиги туфайли иқтисодий ўсиш ва макроиқтисодий барқарорлик таъминланмоқда. Келгуси йилда мамлакатимизни янада ислоҳ этиш ва модернизациялаш, иқтисодиётнинг барқарор юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолиш бўйича комплекс чора-тадбирлар татбиқ қилиниши назарда тутилган. Бу эса, ўз навбатида, иқтисодиётнинг рақобатдошлигини ошириш, аҳоли фаровонлиги ҳамда турмуш даражасини янада юксалтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни тизимли равишда, босқичма-босқич рўёбга чиқаришга хизмат қилади.
Шу нуқтаи назардан, давлатимизнинг асосий молиявий ҳужжатида иш ҳақи, стипендиялар, ижтимоий нафақалар ва пенсияларнинг ошиб боришини таъминлаш билан бирга, кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликнинг ривожланишини янада рағбатлантириш, уларнинг эркин фаолият юритишларини таъминлаш ва туризм ҳамда сервис соҳаларини иқтисодиётнинг истиқболли йўналишлари сифатида қўллаб-қувватлаш борасидаги чора-тадбирлар қабул қилинаяпти. Бу келгусида мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларини бажариш, жамият ҳаётининг барча соҳасида ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришда долзарб аҳамият касб этади.

Сайёра АБДИКАРИМОВА, Олий Мажлис Сенати аъзоси:
— Мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабки йилларидан кучли ижтимоий сиёсат олиб борилмоқда. Аҳоли турмуш сифати ҳамда даромадлари изчил оширилаяпти. Соғлиқни сақлаш, жумладан, она ва бола саломатлигини асраш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Таълим тизимидаги ислоҳотлар туфайли ёшларимиз хорижий тилларни чуқур ўрганиб, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган икки-уч касбни эгаллашмоқда. Бу соҳалардаги ютуқ ҳамда натижаларимизни халқаро ҳамжамият, нуфузли экспертлар тан олаяпти.
Сенаторлар томонидан кўриб чиқилган 2016 йилги Давлат бюджетида ҳам илгариги йилларга ўхшаб жами харажатларнинг асосий қисмини, яъни қарийб 60 фоизини ижтимоий соҳага йўналтириш анъанаси сақлаб қолинади. Дунё мамлакатларида молиявий таназзул оқибатида ижтимоий соҳа харажатлари кескин қисқартирилаётганини инобатга олсак, бу юртимизда инсон манфаатлари устунлигидан, давлатимиз ғамхўрлигидан далолатдир.
Келгуси йилда 28 та янги мактаб қуриш, 339 та умумтаълим мактаби ва 120 та академик лицей ҳамда тиббиёт муассасаларини мукаммал таъмирлаш кўзда тутилаяпти. Давлат бюджетининг ижтимоий йўналтирилганлигининг яна бир тасдиғи сифатида таъкидлаш лозимки, келгуси йилда юртимизнинг ҳар бир туман ва шаҳарида камида биттадан, жами 280 та болалар боғчаси мукаммал таъмирланади ҳамда жиҳозланади. Бунинг учун қарийб 200 миллиард сўм ажратилади.

Ёлқин КАБУЛНИЯЗОВ, Олий Мажлис Сенати аъзоси:
— Янги иш ўринларини яратиш мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг янада фаровон яшашини таъминлашда долзарб аҳамиятга эга. Бинобарин, 2009 йилдан буён юртимизда ҳар йили иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурлари қабул қилиниб, унинг ижроси изчил таъминланмоқда. Хусусан, жорий йилнинг тўққиз ойида республика бўйича жами 748,7 мингта янги иш ўрни яратилгани ҳамда уларнинг 60,3 фоизи қишлоқ жойлари ҳиссасига тўғри келгани эътиборга моликдир.
Ялпи мажлис кун тартибидаги 2016 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури сенаторлар томонидан муфассал кўриб чиқилди. Таъкидлаш жоизки, мазкур Дастурга мувофиқ, келаси йилда юртимизда қарийб бир миллионта иш ўрни яратилиши кўзда тутилмоқда. Бунда ҳудудлар ҳамда иқтисодиёт тармоқларининг ишлаб чиқариш имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш, аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини фаол қўллаб-қувватлаш, меҳнат ресурсларини тўлиқ ишга солиш механизмларини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Мамат ҲАЙДАРОВ, Олий Мажлис Сенати аъзоси:
— 2016 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурида меҳнат бозорида талаб ҳамда таклифнинг чуқурлаштирилган баҳоси амалга оширилгани, барча туман ва шаҳарлар учун касблар кесимида эҳтиёжлар аниқлаштирилгани ўқув муассасалари битирувчилари, аёллар, кам таъминланганлар, имконияти чекланганлар, вақтинча ишсизларни ишга жойлаштириш бўйича мавжуд имкониятлар ҳамда йўналишларни конкретлаштириш имконини беради.
Бундан ташқари, иш ўринларини ташкил этиш янги объектларни ишга тушириш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, қайта жиҳозлаш ва мавжуд қувватлардан янада тўлиқроқ фойдаланиш, ишламаётган корхоналар фаолиятини, аввало, саноатда, хизматлар кўрсатиш ҳамда сервис соҳаларида тиклаш, инфратузилма, коммуникация ва уй-жой объектлари қурилиши кўламини ошириш ҳисобига, шунингдек, кичик бизнесни, шу жумладан, якка тартибдаги ҳамда оилавий тадбиркорликни, деҳқон ва фермер хўжаликларини ривожлантириш ҳамда касаначилик меҳнатининг имкониятларини кенгайтириш орқали амалга ошириш мўлжалланяпти.
Қисқача айтганда, мазкур ҳужжатда белгиланган чора-тадбирларнинг рўёбга чиқарилиши аҳоли ҳаёт даражасини янада юксалтиришга, ижтимоий фаровонликни таъминлашга хизмат қилади.


Қобил ХИДИРОВ

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati