O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Кекса авлодга ғамхўрлик кўрсатиш — улуғ фазилат

Маълумки, ислоҳотларнинг босқичма-босқичлиги, изчиллиги, бозор иқтисодиётининг ижтимоий йўналтирилганлиги, унинг сиёсатдан устуворлиги, кучли ижтимоий сиёсат, қонун устуворлиги ва давлатнинг бош ислоҳотчи сифатидаги ролининг мустаҳкамланиши тараққиётнинг “ўзбек модели” асосий тамойиллари ҳисобланади. Шунга мувофиқ, мамлакатимизда амалга оширилаётган беқиёс янгиланишлар, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш борасида олиб борилаётган ишларда ижобий самараларга эришилаяпти.

Бинобарин, мустақиллигимизнинг илк йилларидаёқ юртимизда инсонга ғамхўрлик кўрсатиш олий қадриятга айланди. Унинг саломатлигини асраб-авайлаш, бахтли болалик ва ёшликни таъминлаш, шу асосда ҳамюртларимизнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашлари, касб-ҳунар ва ижодда ўзини кўрсатишлари учун барча шарт-шароит яратилди. Шуларга уйғун тарзда истиқлол кексаларнинг ҳаётини бахту саодатга тўлдирди.

Республикамизда аниқ ижтимоий йўналишда ҳар бир йилга ном берилиши ва шу муносабат билан кенг кўламли чора-тадбирлар қамраб олинган Давлат дастурининг қабул қилиниши бунга яна бир ёрқин мисолдир. Яқинда тегишли қарор билан “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури тасдиқланди. Унда кекса авлод вакилларининг ҳаёт даражаси ҳамда сифатини янада яхшилаш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш, ёши улуғ инсонлар, айниқса, 1941 — 1945 йиллардаги уруш ҳамда меҳнат фронти фахрийларига ижтимоий, пенсия таъминоти ва тиббий хизмат кўрсатишни такомиллаштириш, оила ҳамда жамиятда, ёшларни ўзбек халқининг кўп асрлик қадрият ва анъаналари руҳида тарбиялашда кексаларнинг ўрнини мустаҳкамлаш кўзда тутилган. Дастурда давлат ҳамда жамият томонидан кекса авлод вакилларини қўллаб-қувватлаш даражасини янги босқичга кўтариш борасида аниқ чора-тадбирлар белгилаб берилди.

Мазкур ҳужжатда келгусида кексаларга ғамхўрлик кўрсатиш ва эътиборни кучайтириш, уларнинг ҳаёт даражаси ҳамда сифатини ошириш учун қулай ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратишга қаратилган қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий база, пенсия таъминоти, ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, ёши улуғ инсонларга ижтимоий хизмат кўрсатишнинг энг қулай тизимини шакллантиришга йўналтирилган қатор вазифалар муҳим ўрин эгаллайди.

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида мамлакатимизда ҳар бир инсон қариганда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эгалиги кафолатланган. Асосий Қонунимизда ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида, вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбур эканликлари ёзиб қўйилган.

Кекса авлод вакилларига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш халқимиз оилавий қадриятларида катта ўрин тутадиган ва менталитетига хос хусусиятдир. Бувиларимиз, боболаримиз, ота-оналаримиз хонадон боши ҳисобланади. Уларнинг маслаҳатлари, дуолари билан доимо эзгу ишга бел боғланади.

Юқоридагиларга муштарак тарзда, халқимизнинг урф-одатлари миллий қонунчиликда ҳам ўз инъикосини топган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг вазифалари оилани мустаҳкамлаш, оилавий муносабатларни ўзаро муҳаббат, ишонч ва ҳурмат, ҳамжиҳатлик, бир-бирига ёрдам бериш ҳамда оила олдида унинг барча аъзоларининг масъуллиги ҳисси асосида қуриш каби йўналишларга қаратилган бўлиб, унда фарзандлар, невараларнинг кекса ота-оналари, бобо ва бувиларига ғамхўрлик кўрсатишлари ҳамда таъминот беришлари бўйича мажбуриятлари кўрсатиб ўтилган. Ўз навбатида, қонун ҳужжатларида оилавий муносабатларни тартибга солишга оид тегишли нормалар бўлмаган тақдирда, Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари тамойилларига зид бўлмаган маҳаллий урф-одат ва анъаналар қўлланилиши ҳам ўз аксини топган.

1993 йилда қабул қилинган “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонун эса Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг қариганда ижтимоий таъминоти бўйича конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш тартибини белгилайди. Унда Ўзбе-кистон Республикаси фуқаролари давлат томонидан пенсия билан таъминланиш ҳуқуқига эгалиги мустаҳкамланган. Шу ўринда қайд этиш жоизки, биргина ўтган йили пенсия миқдори даражаси 23,2 фоиз ўсди. Ҳозирги вақтда дунёдаги камдан-кам давлатлар қаторида мамлакатимизда пенсияга ажратиладиган маблағнинг миқдори ўртача ойликнинг 41 фоизидан зиёдини ташкил этмоқда.

2004 йилда қабул қилинган “Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунга биноан, жисмоний шахсларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳисоблаб чиқарилган даромад солиғининг тегишлича камайтирилган суммаси ҳисобига жамғариб бориладиган мажбурий пенсия бадалларини иш берувчи ҳар ойда тўлаб боради. Шунингдек, иш берувчига ўзининг маблағлари ҳисобидан ўз ходимларининг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига қўшимча бадаллар тўлаш ҳуқуқи берилади. Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағидаги маблағларга ҳар йили фоизлар қўшилади. Шу асосда пенсия ёшига етган фуқарога пенсия тайинланган пайтда у ушбу жамғариб борилган маблағни олиш имконига эга бўлади.

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида, шунингдек, қариялар ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга нафақалар тўлаш, иш стажига эга бўлмаганлар учун пенсия тайинлаш лозимлиги кўзда тутилган.

Юртимизда кекса ёшдаги инсонларни ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг самарали институционал тизими яратилган. Хусусан, 1996 йилда Ўзбекистон Республикасида фахрийларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш борасидаги давлат сиёсатининг роли ҳамда самарадорлигини ошириш, уларнинг республикамиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, ҳуқуқий давлат қуриш, ижтимоий-сиёсий ва жамият ҳаётида фаол иштирокини таъминлаш мақсадида “Нуроний” жамғармаси ташкил этилди.

Бугунги кунда кекса авлод вакилларига ғамхўрлик кўрсатишда фуқаролик жамияти институтлари, чунончи, аҳолини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш йўлида фаолият юритиб келаётган “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, жойлардаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар ва муассасалар фахрийлари, ёлғиз қарияларни кенг қўллаб-қувватлаб келаётган Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ҳамда бошқа кўплаб ташкилотлар муҳим роль ўйнамоқда.

“2011 — 2015 йилларда ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қабул қилинган қарор ижроси доирасида Саховат ва Мурувват уйлари, қариялар ва ногиронлар учун санаторийлар, уруш ҳамда меҳнат фахрийлари учун Республика уруш ва меҳнат фахрийлари пансионати ташкил этилиб, уларнинг фаолияти яхшиланди. Ўз навбатида, қарияларимизга профилактик, диагностик, даволаш-маслаҳат ёрдамлари мунтазам кўрсатиб борилаётир.

2014 йил 13 октябрда қабул қилинган “1941 — 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти -фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон асосида тиббий ҳамда ижтимоий хизмат кўрсатиш даражаси ҳамда сифатини ошириш, шунинг ҳисобига фахрийлар ва ёши улуғ инсонлар саломатлигини мустаҳкамлаш учун қулай шароитлар яратиб берилаяпти.

Ҳар бир оилада, маҳаллада, корхона ёки ташкилотда иш қанчалик кўп ва тиғиз бўлмасин, ёши улуғ инсонларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатишга ҳамиша вақт топилади. Қувонарлиси, бу ғамхўрлик ҳамда эътибор, яқинларига кўмак беришга интилиш ҳисси ҳар бир инсоннинг чин юрагидан, қайноқ қалбидан чиқади.

“Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурининг ҳаётга татбиқ этилиши кексаларнинг ҳаётида ҳамон учраб турган масалаларни ечиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтиришга хизмат қилади. Конституциямиз қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимда таъкидланганидек, барчамизни оқ ювиб, оқ тараган, она юртимизнинг оғир юкини, унинг қувонч ва ташвишини умр бўйи елкасида кўтариб келган мўътабар боболаримиз ва момоларимизни, ота-оналаримизни рози қилиш, уларнинг дуосини олиш дунёдаги энг улуғ, энг савобли ишдир.

Шундан келиб чиқиб, ёши улуғ инсонларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлашни кучайтириш борасидаги чора-тадбирларни амалга ошириш, ёш авлодни кексаларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, бу борада тегишли меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, республикамиз ҳудудларида қонунлар ижроси устидан назорат-таҳлил фаолиятини рўёбга чиқариш парламентнинг бугунги кундаги асосий вазифаларидан бири саналади. Шубҳасиз, бошқа йиллар қаторида Кексаларни эъзозлаш йили ҳам мамлакатимиз фуқароларининг муносиб ва бахтли ҳаёт кечиришларини таъминлаш йўлидаги яна бир муҳим қадамга айланади.

Эгамберган РЎЗМЕТОВ,
Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

O'zbekcha | Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati