O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Санитария-эпидемиологик осойишталик соҳасидаги ҳуқуқий асос янада такомиллашди

03.09.2015

Мамлакатимизда кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом ва узоқ умр кечириши учун қулай турмуш шароитини яратишга қаратилаётган доимий эътибор инсон манфаатларини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.

Хусусан, санитария-эпидемиология  назоратини самарали ташкил этиш, хавфли юқумли касалликларнинг четдан кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш, эмлаш орқали юқумли касалликларга қарши курашишда сезиларли натижаларга эришилмоқда. 

Бугунги кунда санитария-эпидемиология хизматининг моддий-техника базаси тобора мустаҳкамланиб, жойларда фаолият юритаётган санитария назорати пунктлари томонидан юртимизга четдан юқумли касалликлар кириб келиши ва аҳоли орасида тарқалишининг олдини олиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ишлари тизимли бажарилаётир. Болаларни юқумли касалликларга қарши бепул эмлаш бўйича миллий тақвим янги вакциналар билан бойитилаяпти. Соҳага йўналтирилаётган Давлат бюджети маблағлари йилдан-йилга оширилмоқда. Ичимлик суви сифати ва очиқ сув ҳавзалари устидан мониторинг олиб бориш, бозорлар, овқатланиш шохобчалари, жамоат жойларида санитария ҳолатини яхшилаш, чиқиндиларнинг инсон саломатлигига салбий таъсирининг олдини олиш, атроф-муҳит мусаффолигини сақлаш чора-тадбирлари ҳам доимий эътиборда турибди.

Глобаллашув жараёни тобора чуқурлашаётган, тараққиёт кундан-кунга илгарилаётган ҳозирги даврда бу борадаги ишларни янада такомиллаштириш айни заруратдир. Шу маънода, яқинда кучга кирган “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни мазмун-моҳияти ва аҳамиятига кўра ғоятда долзарб ҳисобланади. Айтиш жоизки, мазкур ҳужжат билан ушбу соҳада профилактика тадбирларини ўтказишда санитария-гигиена меъёрлари ва қоидаларига риоя қилишнинг барқарор тизими яратилди.

Қонунда санитария-эпидемиологик осойишталик соҳасидаги муносабатлар тартибга солиниб, бу борадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб берилган. Санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари, давлат санитария назоратини амалга оширувчи органлар ва уларнинг ваколатлари, давлат санитария назоратини амалга оширувчи мансабдор шахсларнинг  ҳуқуқ ва мажбуриятлари, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларидан ташқари фуқаролик институтларининг иштироки аниқ кўрсатилган. Шунингдек, атроф-муҳитни соғломлаштириш, инсоннинг овқатланиш, меҳнат қилиш, дам ва таълим-тарбия олиш шарт-шароитларини яхшилашга қаратилган санитария-гигиена ишлари, эпидемияга қарши комплекс чора-тадбирларни ташкил этиш, аҳолининг санитария маданиятини юксалтиришда ҳамкорлик масалаларига ҳам муҳим эътибор қаратилган.

Қонунга кўра, санитария-эпидемиология соҳасида жисмоний ва юридик шахсларнинг, якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари билан биргаликда уларнинг жавобгарлиги ўз ифодасини топгани яна бир эътирофли жиҳатдир. Мамлакат ҳудудининг санитария муҳофазаси, юқумли ва паразитар касалликлар ўчоқларида ўтказиладиган чора-тадбирлар, профилактик эмлашлар, дезинфекция тадбирлари, мажбурий тиббий кўриклар, фуқароларни гигиеник ўқитиш ва тарбиялаш санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирлар сифатида келтирилади. 

Дарҳақиқат, янги Қонун соғлиқни сақлаш тизимини ва бошқа тузилмаларни ислоҳ қилишни чуқурлаштириш, тиббиёт муассасалари ҳамда бошқа дахлдор ташкилотларнинг ушбу соҳадаги фаолияти самарадорлигини ошириш, замонавий талаблар ва стандартларга мувофиқ аҳолига юқори сифатли тиббий ёрдам кўрсатишни таъминлаш саъй-ҳаракатларини яна бир юқори поғонага олиб чиқади. Шу билан бирга, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларининг санитария-гигиеник ва эпидемияга қарши тадбирлар амалга оширилишига кўмаклашиши, бу борада жамоатчилик назоратини амалга ошириши, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларида тегишли ҳудудда яшовчиларнинг кенг равишда иштирок этишини ташкиллаштириши  мақсадга мувофиқдир. Қолаверса, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасидаги давлат дастурларини амалга оширишда ўз ваколатлари доирасида иштирок этиши, бу соҳадаги ҳудудий дастурларни тасдиқлаши ва рўёбга чиқариши, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг тегишли ҳудуд аҳолисининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириб бориши, шунингдек, ҳудудларнинг санитария-эпидемиологик ҳолатини яхшилаш ва тозалигини сақлашга, аҳолининг санитария маданияти даражасини оширишга доир чора-тадбирларни изчил олиб бориши ўзининг ижобий самарасини беради, албатта.

Хулоса ўрнида айтганда,  санитария-эпидемиологик осойишталикни кафолатлаш соҳасида ҳар томонлама чуқур ўйланган, миллий хусусиятларимиз ва илғор халқаро тажрибаларга таянган ҳолда ишлаб чиқилган мазкур Қонуннинг амалиётга татбиқ этилиши инсон саломатлигини асраш, аҳолининг осойишта ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашдек эзгу мақсадга хизмат қилади. Зеро, мамлакат тараққиёти жамиятнинг соғломлиги ва ундаги барқарорлик билан узвий боғлиқдир.

Гавҳар АЛИМОВА,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари.

 

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati