O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

«Электрон ҳукумат» тизимининг ҳуқуқий асоси

02.12.2015

 

Мамлакатимизда миллий ахборот тизимини шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳасида замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда телекоммуникация воситаларидан фойдаланиш кўламини кенгайтириш, “электрон ҳукумат”ни шакллантириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида аҳоли манфаатларига хизмат қилувчи, давлат органлари билан қулай ва самарали муносабатларни ўрнатувчи “электрон ҳукумат” тизими изчил татбиқ этилаяпти.

Бугун давлат органлари томонидан ўз фаолиятига ахборот тизими ҳамда ресурсларини жорий қилиш бўйича жадал иш олиб борилаётир. Натижада 320 дан ортиқ давлат ахборот ресурслари ва 465 дан зиёд давлат ахборот тизими фаолияти йўлга қўйилиб, улар орқали аҳоли ҳамда тадбиркорларга хизмат кўрсатилаяпти. Жумладан, 2013 йилда жорий этилган Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали аҳолининг узоғини яқин, оғирини енгил қилувчи 250 турдан ортиқ давлат хизматлари электрон шаклда кўрсатилаётир. Ўтган давр мобайнида улардан 380 мингдан зиёд аҳоли ва тадбиркорлар масофадан туриб фойдалангани эътиборлидир.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама этишда аҳоли ҳамда тадбиркорларнинг кенг иштирокини таъминлаш мақсадида махсус портал фаолияти йўлга қўйилди. Унда айни пайтга келиб, фойдаланувчилар томонидан 73 та давлат органининг 237 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси бўйича 350 дан ортиқ таклиф ва мулоҳазалар билдирилган. Бу эса қабул қилинаётган ҳужжатларнинг сифатини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Тадбиркорларга кенг қулайликлар яратиш мақсадида давлат органларига тақдим этиладиган ҳисоботларни электрон шаклга ўтказиш натижасида солиқ ҳамда статистика ҳисоботлари тўлиқ электрон тарзда топширилаяпти. Ҳисоб-китобларга кўра, солиқ ҳисоботларининг электрон шаклда топширилиши туфайли солиқ тўловчилар томонидан йилига ўртача 197 тонна қоғоз ва 9 миллиард сўм маблағ тежалишига эришилди.

Божхона юк декларацияларини расмийлаштириш ҳам тўлиқ электрон шаклга ўтказилиб, йил бошидан бери тадбиркорларнинг 174 мингдан зиёд ташқи иқтисодий шартномалари рўйхатдан ўтказилган.

Шу ўринда давлат органларининг ўзаро электрон муносабатини таъминловчи идоралараро электрон ҳамкорлик тизими жорий қилинганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Унда давлат органлари, уларнинг ҳудудий бошқармалари, таркибий бўлинмаларининг 14 мингдан ортиқ ходимлари уланган. Бу эса ушбу давлат органлари томонидан аҳоли ҳамда тадбиркорларга давлат хизматларини кўрсатишда бошқа давлат органлари билан электрон муносабатни тезлаштириш орқали хизматлар сифатининг ошишига имкон яратаяпти.

Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида муҳокама этилиши кутилаётган “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги Қонун ҳам ушбу мақсадларга қаратилгани билан долзарбдир. Қонун “электрон ҳукумат” тизимини жорий қилиш юзасидан олиб борилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлашга йўналтирилган.

Мазкур Қонун билан электрон давлат хизматларини кўрсатишда, шу жумладан, идоралараро электрон ҳамкорлик доирасида давлат органларининг юридик ва жисмоний шахслар билан ўзаро муносабатларини тартибга солиш кўзда тутилмоқда.

Ушбу ҳуқуқий ҳужжатда Қонуннинг мақсад ҳамда вазифалари, асосий тушунчалари, “электрон ҳукумат” тизимининг асосий принциплари, унинг ишини ташкиллаштириш, электрон давлат хизматларини кўрсатишга қўйиладиган талабларга оид нормалар қайд этилган. Шунингдек, Қонунда “электрон ҳукумат” инфратузилмаси, мазкур соҳадаги давлат бошқаруви, давлат органларининг “электрон ҳукумат” тизими доирасидаги ўзаро ҳамкорлигига оид муносабатлар тартибга солиниши белгиланган.

Унга мувофиқ, “электрон ҳукумат”, давлат хизмати, идоралараро электрон ҳамкорлик қилиш, электрон давлат хизмати, электрон давлат хизматининг регламенти, “электрон ҳукумат”нинг ягона идентификаторлари каби тушунчалар қонунчиликка илк бор киритилмоқда ҳамда уларга тегишли таъриф берилаяпти.

Қонунда “электрон ҳукумат” тизимининг асосий принциплари мустаҳкамланган. Давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги, электрон давлат хизматларидан ариза берувчиларнинг тенг равишда фойдаланиши, “бир дарча” принципи бўйича электрон давлат хизматларини кўрсатиш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш каби принциплар шулар жумласидандир.

Қонунда “электрон ҳукумат” соҳасини давлат томонидан тартибга солиш нормалари мустаҳкамланган. Унга кўра, Вазирлар Маҳкамасига “электрон ҳукумат” соҳасидаги ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаш, ушбу соҳадаги давлат дастурларини тасдиқлаш ва ижросини назорат қилиш вазифалари белгиланган.

Шуни қайд этиш керакки, Қонуннинг қабул қилиниши билан мамлакатимизда “электрон ҳукумат” тизимини жорий этиш ва ривожлантиришнинг ҳуқуқий асослари яратилади. Айни пайтда аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун давлат хизматлари сифати ва улардан фойдаланиш қулайликлари ошади. Бинобарин, бизнес соҳаси, ҳужжат айланиш механизмлари такомиллаштирилади, фуқароларга уйи ёки ишхонасидан туриб, электрон шаклда мурожаат қилиш, маълумотнома ҳамда бошқа ҳужжатларни олиш ёки тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш имкониятини берадиган интерактив хизматлар кўрсатилишини таъминлайди.

“Электрон ҳукумат тўғрисида”ги Қонуннинг амалиётга татбиқ қилиниши, шунингдек, мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш орқали чет эл инвесторларини жалб этиш, халқ фаровонлигини, юрт равнақини янада оширишга, мамлакатимизда барқарор иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлашга хизмат қилади ҳамда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Толибжон МАДУМАРОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси ўринбосари.

 

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati