O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Ветеринария қонунчилиги такомиллашуви — давр талаби

01.12.2015

 

Мамлакатимиз иқтисодиётининг муҳим тармоғи ҳисобланган қишлоқ хўжалигида изчил ислоҳотларнинг амалга оширилиши аҳоли турмуш фаровонлигини тобора юксалтириш, истеъмол бозорини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш имконини бермоқда.

Бунда истиқлолнинг илк кунлариданоқ томорқа учун ер майдонлари ажратиш, деҳқон ва фермер хўжаликларини ривожлантириш, гўшт, сут, тухум ҳамда бошқа зарур қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари таъминотини яхшилаш учун кенг имкониятлар яратилгани, ветеринария хизмати давр талабларига мувофиқ ташкил қилингани муҳим аҳамият касб этаётир.

Ана шундай самарали чора-тадбирлар туфайли сўнгги беш йилда қўй-эчкилар 120 фоиз, қорамоллар 121 фоиз, парранда 150 фоиз кўпайди. Натижада гўшт ишлаб чиқариш ҳажми 130, сут 138 ва тухум етиштириш 162 фоиз ўсди.

Бугунги кунда ветеринария тизими ходимлари юртимиз ҳудудига ҳайвонлар орасида учрайдиган ўта хавфли юқумли касалликлар кириб келишининг олдини олиш, гўшт, сут, тухум ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг хавфсизлигини таъминлаш, чорва молларни юқумли касалликларга қарши ўз вақтида профилактик эмлаш каби муҳим вазифаларни бажариб келаяпти. Бу эса мамлакатда барқарор эпизоотик вазият сақланишини таъминлаётир.

Туман ва шаҳар давлат ветеринария бўлимлари қошида замонавий ветеринария шифохоналарини очиш ишлари жадал олиб борилмоқда. Хусусан, Бухоро, Самарқанд, Фарғона ва Хоразм вилоятларида ветеринария шифохоналари фойдаланишга топширилган.

Албатта, глобаллашув жараёни жадаллашган айни пайтда озиқ-овқат хавфсизлиги масалалари долзарблик касб этиб борар экан, бу соҳага оид қонунчиликни ҳам такомиллаштириш зарурати юзага келаяпти. Бинобарин, дунёнинг турли минтақаларида ҳайвонлар хасталиклари, жумладан, инсонлар учун ҳам хатарли бўлган юқумли касалликлар турлари кўпайган, уларнинг тарқалиш хавфи ортган бир шароитда юртимиз аҳолисини бундай хавф-хатарлардан ҳимоя қилиш, эл дастурхонига сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини етказиш асосий масалалардан бири ҳисобланади.

Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартибига киритилган янги таҳрирдаги “Ветеринария тўғрисида”ги Қонун ҳам ушбу йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Қонун моҳиятига кўра, мамлакатимизда аҳолининг ҳаёти ва саломатлиги муҳофазасини кафолатлашга, ҳайвонлар ўртасида юқумли касалликлар пайдо бўлишининг, тарқалишининг олдини олишга хизмат қилади.

Ветеринария хизмати сифатини ошириш, республика ҳудудининг ветеринария жиҳатдан осойишталигини, давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарларнинг ветеринария, ветеринария-санитария хавфсизлигини таъминлашга қаратилган фаолиятни янада такомиллаштириш ҳам янги таҳрирдаги Қонунда кўзда тутилган вазифалардан саналади.

Қонунда Вазирлар Маҳкамасининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Давлат ветеринария бош бошқармасининг ветеринария соҳасидаги ваколатлари аниқ кўрсатилган. Шунингдек, унга кўра, ветеринария тадбирларини ўтказишга фуқаролик жамияти институтлари ҳам жалб этилиши эътиборлидир. Хусусан, давлат ветеринария хизматининг шаффофлигини, тегишли ҳудудда ветеринария соҳасида жамоатчилик назорати амалга оширилишини таъминлаш мақсадида ветеринария тадбирларини ўтказишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқароларнинг иштирок этиши назарда тутилган.

Қонунга мувофиқ, тизимда мавжуд бўлган давлат, идоравий ветеринария хизматлари қаторига ишлаб чиқаришдаги ветеринария хизмати тушунчаси киритилмоқда. Бу кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик кенг ривожланаётган ҳозирги кунда чорвачиликни ташкил этиш ҳамда юритиш, ҳайвонларни сақлаш, келиб чиқиши ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хом ашёни, озуқаларни, озуқабоп қўшимчаларни ҳамда ҳайвонларни даволаш учун мўлжалланган ветеринария дори воситаларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сақлаш, ташиш ва реализация қилишга ихтисослаштирилган корхоналар, муассасалар, ташкилотлар фаолиятида ветеринария қонунчилигига риоя қилиниши устидан тизимли давлат ветеринария мониторинги олиб борилишини таъминлайди.
Ветеринария соҳасидаги лаборатория текширувларининг давлат ветеринария лабораториялари ҳамда бошқа ветеринария лабораториялари томонидан ўтказилиши, ветеринария лаборатория-ташхис қўйиш ишлари юридик ва жисмоний шахслар томонидан лицензия асосида амалга оширилиши қонун билан белгилаб қўйилиши ветеринария соҳасида лаборатория текширувлари ўтказиш ишларини ҳуқуқий тартибга солади.

Хулоса ўрнида айтганда, мазкур Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши келгусида ветеринария хизмати ривожланишига, аҳоли ҳамда ҳайвонларни юқумли касалликлардан ҳимоя қилиш тизимининг янада такомиллашишига замин яратади, пировардида мамлакатимизда эпизоотик барқарорлик ва санитария-эпидемиологик осойишталикни сақлаш ишлари янги босқичга кўтарилади.

Б. ТАЖИЕВ,
Олий Мажлис Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси ўринбосари.

 

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati