O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Жисмоний тарбия ва спортни оммалаштиришнинг муҳим шарти

01.08.2015

Юртимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, оммалаштириш ҳамда уни умуммиллий ҳаракатга айлантириш фуқаролар саломатлигини мустаҳкамлаш, ёш авлоднинг баркамол вояга етишида муҳим омил ҳисобланади. Шу боис юртимизда жисмоний тарбия ҳамда спортга давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири сифатида алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Соҳага оид қонунлар, Президентимиз Фармон ва қарорлари қабул қилингани, қолаверса, жисмоний тарбия ҳамда спортни оммалаштириш бўйича қатор ташаббуслар рўёбга чиқарилгани бу борада муҳим аҳамият касб этди. Чунончи, 2002 йил октябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилгани мазкур соҳанинг моддий-техник базасини шакллантиришда қўл келди. Зотан, болалар спортини ривожлантириш орқали эртамиз эгаларини соғлом ва баркамол этиб тарбиялашга доир мустаҳкам тизимнинг йўлга қўйилиши ҳар жиҳатдан тўғри бўлганини бугун ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб турибди. Бинобарин, жамғарма ташкил қилинганидан буён мамлакатимизда 1700 дан зиёд спорт объектлари барпо этилиб, улар замонавий спорт жиҳозлари ҳамда анжомлари билан таъминланди. Натижада фарзандларимизнинг спорт билан мунтазам шуғулланиб, саломатлигини мустаҳкамлашлари ва жаҳон майдонларида улкан ютуқларни қўлга киритиб, халқаро миқёсда Ватанимиз нуфузини янада оширишларига замин яратилди.
Эътиборли жиҳати, мамлакатимизда ушбу эзгу мақсад йўлидаги кенг кўламли ишлар изчил давом эттирилаяпти. Соғлом турмуш тарзини шакллантириш, оилаларни мустаҳкамлаш, оналик ҳамда болаликни муҳофаза қилиш каби йўналишлардаги ислоҳотлар бир-бирини тўлдириб, аҳоли саломатлиги ва ҳаёт сифатини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Шу кунларда Олий Мажлис Сенатининг учинчи ялпи мажлисида муҳокама қилиниши кутилаётган янги таҳрирдаги “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги Қонун ҳам ушбу йўналишдаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш, юртимизда жисмоний тарбия ҳамда спортни янада ривожлантиришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Сенатнинг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ушбу Қонунни дастлабки тарзда ўрганиб чиқиш учун амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни таҳлил қилиб чиқди, Қонун қоидалари экспертлар, жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида кенг муҳокама этилди ҳамда жойларда сенаторларнинг спортчилар, маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари ва соҳа мутахассислари билан учрашувлари ташкил қилинди. Уларда Қонуннинг ҳудудлар манфаатларига нечоғли мослиги ўрганиб чиқилди. Ҳақиқатан ҳам, жисмоний тарбия ҳамда спорт соҳасида тўпланган тажриба ва амалиёт таҳлили Қонуннинг бир қатор қоидаларини бугунги кун талаблари асосида такомиллаштириш, янги меъёрларни жорий этиш, ижро самарадорлигини янада ошириш зарурлигини кўрсатди.
Янги таҳрирдаги “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги Қонун аҳоли, аввало, ёшлар ҳамда хотин-қизларни ушбу ҳаракатга кенг жалб қилиш, соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги механизмларини яратиш, кадрлар тайёрлаш тизими, спорт инфратузилмаси самарадорлигини ошириш, юқори тоифали спортчилар ва спорт захирасини тайёрлаш, миллий спорт турлари ҳамда халқ ўйинларини ривожлантиришга қаратилган қоидаларни қамраб олган.
Мазкур Қонунда амалдагисидан фарқли ўлароқ, жисмоний тарбия ва спортга оид асосий тушунчалар таърифи батафсил очиб берилаяпти. Экспертлар фикрича, бу, тушунчаларни амалиётда бир хилда қўллаш ҳамда тушуниш имконини беради. Унда спортчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, мусобақаларда допингдан фойдаланишнинг олдини олиш ҳамда унга қарши курашишга оид алоҳида қоидалар ҳам мустаҳкамлаб қўйилган.
Шуни айтиш керакки, юртимиздаги барча спорт комплекси зарур инвентарлар ҳамда малакали мураббийлар билан таъминланаётгани туфайли улар фаолияти қамрови тобора кенгаймоқда. Бугун мамлакатимизда 2 миллиондан зиёд бола спортнинг 30 тури билан мунтазам шуғулланаётир. Битта спорт иншоотидан ўртача кунлик фойдаланиш вақти 9,8 соатни ташкил этаяпти. Қонуннинг амалиётга татбиқ қилиниши ушбу ишлар кўламини янада кенгайтиради.
Қонунда, шунингдек, жисмоний тарбия ва спортни изчил ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, хусусан, ногиронлар ҳамда жисмоний имконияти чекланган бошқа шахсларга оид спорт турлари, яъни паралимпия, сурдалимпия, махсус олимпиада ва бошқаларнинг ривожланишига шароит яратиш борасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналалишлари белгилаб қўйилган.
Қонуннинг яна бир муҳим жиҳати, унда Ўзбекистон миллий спорт турлари ҳамда халқ ўйинлари мазмуни очиб берилаётганидир. Сир эмас, мустақиллик йилларида миллий спорт турлари ва халқ ўйинларини тиклаш, уларни ривожлантириш, оммалаштириш ҳамда халқаро миқёсда турли мусобақаларни ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қонунга мувофиқ, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жисмоний тарбия ва спорт ташкилотлари ҳамда бошқа муассасалар Ўзбекистон миллий спорт турлари ва халқ ўйинларини ривожлантиришга ҳар томонлама кўмаклашиши белгилаб қўйилаяпти. Бу, шак-шубҳасиз, уларни аҳоли кенг қатламлари ўртасида оммалаштириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, миллий спорт турлари ҳамда халқ ўйинларининг халқаро миқёсдаги нуфузини мустаҳкамлашга ёрдам беради.
Хулоса ўрнида айтганда, янги таҳрирдаги Қонунда жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ислоҳ қилиш, мутахассисларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, самарали спорт инфратузилмасини яратиш, айниқса, олимпия турларини янада ривожлантириш, халқаро спорт мусобақалари ҳамда Олимпия ўйинларида спортчиларимизнинг муносиб иштирок этишини таъминлаш масалаларига урғу берилган. Бу, ўз навбатида, ёшлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш ҳамда ривожлантириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида турли спорт тадбирлари ва мусобақаларини ўтказиш, болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида машғулотларни янада самарали йўлга қўйишда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Гавҳар АЛИМОВА,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари.

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati