O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Кенг имкониятлар ижодий изланишга ундайди

01.07.2015

Глобаллашув жараёни янада жадаллашган бугунги кунда дунёда кечаётган турли-туман воқеа-ҳодисалар ҳақида тезкор ва холис ахборотнинг, ҳаётий муаммолар, кундалик ташвишлар ҳамда уларни ҳал қилиш йўллари ҳақида журналист аҳли билдирадиган таъсирчан сўзнинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда.

Президентимизнинг Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган байрам табригида келтириб ўтилганидек, бугун биз яшаётган янги давр, янгича ижтимоий муносабатлар оммавий ахборот воситаларининг олдига тез суръатлар билан ўзгариб, ривожланиб бораётган жамиятимизнинг талабларига ҳар томонлама муносиб бўлиш, одамларни ўйлантираётган, безовта қилаётган муаммоларга жавоб излаш, уларни кун тартибига қўйиб, жамоатчилик фикрини шакллантириш бўйича ўта муҳим ва долзарб вазифаларни қўймоқда.
Дарҳақиқат, кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган оммавий ахборот воситалари барча жабҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти, ижтимоий-сиёсий фаоллигини юксалтириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш, давлат ва жамият ўртасида шаффоф муносабатни қарор топтиришда ҳал қилувчи аҳамият касб этаяпти.
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда мазкур соҳанинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси яратилиб, замон талабларига тўла жавоб берадиган моддий-техник базаси шакллантирилди. Рўёбга чиқарилган туб ўзгаришлар натижасида ўтган даврда миллий журналистикамиз, матбаачилигимиз сон ва сифат жиҳатидан яхшиланди. Ҳозирги вақтда юртимизда 1 минг 400 дан ортиқ  оммавий ахборот воситалари фаолият кўрсатмоқда. Эътиборлиси, анъанавий ахборот воситалари билан бир қаторда, интернет журналистикаси ҳам тез суръатда ривожланаяпти. Сўнгги беш йилнинг ўзида веб-сайтларнинг сони 2 баробар ортиб, 300 дан ошиб кетгани, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, мамлакатимиз миллий ахборот маконининг мазмуни ва манзарасини тубдан ўзгартиришга хизмат қилмоқда. 
Шунингдек, соҳада нодавлат сектор улуши ошиб бораётгани соғлом рақобат муҳити қарор топишига, соҳа ходимларининг интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Ҳозирги кунда юртимизда мавжуд телерадиоканалларнинг 67 фоизи, босма нашрларнинг эса 60 фоизга яқини нодавлат оммавий ахборот воситаларидир.
Президентимиз ташаббуси билан рақамли телевидениега ўтиш ишлари ҳам изчил олиб борилаяпти ва юртимиз аҳолисининг 54 фоизи рақамли телевидение имкониятларидан фойдаланмоқда. Жорий йилда юқори қувватга эга бўлган 84 та телеузаткич мосламаси ўрнатилиб, ҳудудларимизни 100 фоиз рақамли телевидение билан қамраб олиш назарда тутилмоқдаки, булар мамлакатимиз ахборот бозорининг замон билан ҳамнафас такомиллашиб бораётганидан далолат беради. 
Ахборот ҳар қандай воситадан-да кучли таъсирга эга экани қайта-қайта ўз тасдиғини топаётган бугунги шиддаткор даврда журналистлар зиммасидаги масъулият ҳам тобора ортиб бормоқда. Ахборот маконини “темир дарвоза” билан тўсиб бўлмагани каби, турли ғоя ва манфаатлар кураши авж олган бир шароитда ёлғонни ростдан фарқлай билиш, қуруқ сафсаталарга осонликча берилмаслик, ахборот хуружидан, унинг ортидан соядай эргашиб юрувчи маънавий таҳдидлардан жамиятни асраш ўта долзарб аҳамиятга эга. Бу эса матбуот ва ахборот соҳаси ходимларидан профессионал билим ва тажрибани, ҳушёрликни, айниқса, сўз эркинлиги масъулиятини янада чуқур ҳис этиб иш олиб боришни тақозо қилмоқда. 
Яна бир муҳим жиҳат. Давлатимиз раҳбари шу йил 23 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузасида “Биз қонунчиликни эркинлаштириш ҳақида кўп гапирамиз. Шу билан бирга, одамлар ўз ҳаётида бундай эркинлаштириш жараёнини қандай ҳис этаётганига, бу ҳақда журналистлар, шарҳловчилар нималарни гапираётганига  қараб, бу ишларнинг натижасига энг аниқ баҳо бериш мумкин”, дея қабул қилинаётган  қонунларнинг жойлардаги ижроси юзасидан ахборот алмашиш механизмини  такомиллаштириш масаласига  алоҳида  эътибор қаратди. Албатта, қонун ижодкорлиги, уларнинг муҳокамаси, қабул қилиниши жараёнлари билан боғлиқ журналистик  материалларга талаб ортиши табиий. 
Таъкидлаш керакки, Олий Мажлис палаталари, жумладан, Сенат фаолиятининг  очиқлигини, ошкоралигини таъминлашда матбуот ва оммавий ахборот воситалари алоҳида ўрин тутмоқда. ОАВ орқали сенаторлар ҳудудларда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар инсон ва  унинг манфаати учун хизмат қилишини жамоатчиликка кенг етказаяпти. Халқ вакиллари ислоҳотларнинг бориши, натижалар ва олға силжишга тўсиқ бўлаётган ғовларни олиб ташлашда оммавий ахборот воситаларининг таъсирчан кучига таянмоқда. Бошқача айтганда, ОАВ парламент ва аҳоли ўртасида демократик тамойилларга асосланган муносабатларнинг ўрнатилишига  кўмаклашмоқда. 
Айни пайтда парламент аъзолари қабул қилинадиган қонунлар сифатини ошириш, ислоҳотлар тақдири учун жавобгарликни ҳис қилиб фаолият олиб бориш баробарида, матбуот ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қамровини янада кенгайтирмоғи мақсадга мувофиқдир.
Жамиятни демократлаштириш ва модернизация қилиш жараёнини ОАВнинг фаол иштирокисиз тасаввур этиб  бўлмаганидек, ислоҳотлар самарадорлигига эришиш, бунинг учун эса ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш ҳамда мустаҳкамлашда матбуот ва ахборот соҳаси имкониятларидан оқилона фойдаланмоқ айни заруратдир.

Муҳаммаджон МАҚСУДОВ,  
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

 

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati