O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Мукаммал қонунлар — тараққиёт гарови

01.05.2015

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 15-16 май кунлари бўлиб ўтадиган иккинчи ялпи мажлисига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Хусусан, парламент юқори палатаси йиғилиши кун тартибига киритилиши кутилаётган масалалар, қонунлар тегишли қўмиталарда соҳа мутахассислари, экспертлар, олимлар ҳамда амалиётчилар иштирокида дастлабки тарзда кўриб чиқилаяпти.

Олий Мажлис Сенатининг 2015 йилга ва ундан кейинги йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурига мувофиқ, юқори палатанинг иккинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилиши кутилаётган масалалар жойларда кенг жамоатчилик иштирокида атрофлича муҳокама қилиниб, ушбу ҳуқуқий ҳужжатларнинг ҳудудлар ижтимоий-иқтисодий ривожланишидаги аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бинобарин, Президентимиз жорий йил январь ойида парламент юқори палатасининг биринчи ташкилий мажлисида алоҳида қайд этганидек, Сенат, асосан, маҳаллий Кенгашлар, ҳудудларнинг вакилларидан иборат бўлишини ҳамда вакиллик вазифасини бажаришини инобатга олиб, умумдавлат ва ҳудудий манфаатлар мутаносиблигига эришиш кўзда тутилган.

Сенаторлар, доимий комиссиялар аъзолари, маҳаллий давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари, хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарлари ва соҳа мутахассислари иштирокида ўтаётган бундай тадбирларда янги таҳрирдаги “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги, “Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги ҳамда янги таҳрирдаги “Электрон тижорат тўғрисида”ги қонунлар муҳокама этилмоқда. Тадбирларда мазкур қонунлар мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритилиб, уларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга таъсири хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилаяпти.

— Бугун юртимизда жамият ҳаётининг барча соҳаси изчил ислоҳ қилинмоқда, иқтисодиётга ривожланган мамлакатларнинг ижобий тажрибалари, илғор ютуқлари татбиқ этилаётир, аҳоли фаровонлигини янада юксалтиришнинг бугунги талабларидан келиб чиқиб, қонунчилик жадал такомиллаштирилмоқда, — дейди сенатор М. Мақсудов. — Янги таҳрирдаги “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги Қонун ҳам иқтисодиётимиз ривожининг бугунги суръатлари билан уйғун ҳолда ишлаб чиқилган.

Қонуннинг Наманган вилоятида атрофлича ўрганиб чиқилгани ушбу ҳужжатнинг кенг муҳокамасини таъминлабгина қолмай, аҳоли турмуш даражасини яхшилашга, ҳудуд инвестициявий жозибадорлигини оширишга қандай ҳисса қўшишини аниқлаш имконини беради. Қисқача айтганда, мазкур ҳуқуқий ҳужжатнинг асосий ғояси молия бозорида ва умуман, иқтисодиётда қимматли қоғозларнинг роли ҳамда аҳамиятини ошириш ва рақобатбардошлигини таъминлашдан иборатдир.

Учрашувларда таъкидланганидек, бугун сайловчиларимиз халқ вакилларидан амалий ишларни талаб қилмоқда. Бу эса, шубҳасиз, барча бўғиндаги депутатлардан ҳам, сенаторлардан ҳам жонбозликни, фидойиликни, масъулиятни тақозо этади. Буни учрашувларда депутатларнинг фаоллиги мисолида ҳам кўриш мумкин.

— Бугун мамлакатимизда бутун дунёда ислоҳотларнинг “ўзбек модели” сифатида ўз эътирофини топган ислоҳ қилиш ҳамда ривожлантиришнинг тадрижий ва босқичма-босқич стратегияси изчил ҳамда аниқ мақсадга йўналтирилган ҳолда амалга оширилиши туфайли жаҳон миқёсида давом этаётган инқирозли ҳолатлар ва қарама-қаршилик кучайиб боришига қарамай, юртимизда макроиқтисодий барқарорлик ҳамда иқтисодий ўсишнинг барқарор суръатларини сақлаб қолиш таъминланаётир, — деди халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши депутати З. Жумаев. — “Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Қонун иқтисодий тараққиётимизнинг ҳозирги давр талабларига ҳамоҳанглиги билан катта аҳамиятга эга. У мамлакатимиз ҳудудида транспорт воситаларининг барча турида ташишни амалга оширишда йўловчиларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрни қопланишини кафолатлашга қаратилгани билан муҳимдир. Ўйлаймизки, Қонун парламент юқори палатасида сенаторлар томонидан маъқулланади. Бинобарин, бу ҳужжат ҳар бир ҳамюртимиз ҳаёти, соғлиғи ҳамда мол-мулкини ҳимоялашга йўналтирилган.

Сенаторлар кўриб чиқиши кутилаётган янги таҳрирдаги “Электрон тижорат тўғрисида”ги Қонун ҳам қизғин муҳокамага сабаб бўлди. — Қонунларнинг жойларда бундай муҳокамалари ташкил этилаётгани ушбу ҳуқуқий ҳужжатларнинг халқчиллигини, ҳаётийлигини таъминлайди, — деди Навоий вилояти ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Ф. Тешаев. — Янги таҳрирдаги “Электрон тижорат тўғрисида”ги Қонун тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш учун қўшимча шароитлар яратиш имконини беради, электрон тижоратни бундан-да ривожлантиришга, электрон савдода замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилишга, битимларни тузиш тартиб-таомилларини соддалаштиришга, электрон тижорат иштирокчилари ҳуқуқларини рўёбга чиқаришнинг ҳуқуқий механизмларини ўрнатиш ва муҳофаза этишга хизмат қилади.

Учрашувларда муҳокама этилган қонунларда белгиланган қоидалар умумдавлат ҳамда ҳудудлар тараққиётини таъминлашга салмоқли ҳисса қўшиши алоҳида таъкидланиб, уларнинг ижро механизмлари бўйича амалий таклифлар билдирилди.


«Халқ сўзи» мухбирлари
хабарлари асосида тайёрланди

 

O'zbekcha | Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati