O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИДА УЧРАШУВ

01.04.2015

2015 йил 1 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Сенат Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси раиси С.Сафоевнинг ЕХҲТ ДИИҲБнинг Ўзбекистон Республикасида президент сайловини кузатиш бўйича Чекланган миссияси раҳбари Каетана де Зулуета, шунингдек Миссия раҳбарининг ўринбосари П.Русси ва Миссиянинг сайлов бўйича маслаҳатчиси А.Шлык билан учрашуви бўлиб ўтди.
          Таъкидланганидек, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ Ўзбекистонда ҳаётнинг барча жабҳаларини, шу жумладан сайлов тизимини демократлаштириш жараёни босқичма-босқич ва изчил тарзда олиб борилмоқда. Жаҳондаги айрим давлатлардан фарқли равишда Ўзбекистонда бу жараён ортга қайтмаслик хусусиятига эга ҳамда пухта амалга оширилмоқда. Охирги сайлов буни яна бир бор намойиш этди.
          Суҳбат чоғида меҳмонлар Ўзбекистонда ҳокимият тармоқларининг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлинишдан иборат конституциявий принципни рўёбга чиқариш механизмлари изчил мустаҳкамланаётганлигидан, мувозанат ва тийиб туриш тизими такомиллаштирилаётганидан, ҳам марказдаги, ҳам жойлардаги қонун чиқарувчи ва вакиллик ҳокимиятларининг ваколатлари ҳамда назорат функциялари кенгайтирилаётганидан хабардор этилди. Демократик ўзгартиришлар давлат ҳокимияти органлари тизимидаги парламентнинг роли ва аҳамиятини сезиларли даражада оширди. Шу муносабат билан  янги ташкил этилган Парламент палаталарининг халқаро фаолиятни кучайтириш, ривожланган демократик мамлакатлар парламентлари билан мулоқотни ривожлантириш, уларнинг иш тажрибасини ўрганиш борасидаги вазифалари ҳақида сўз юритилди.
          Ўз навбатида, ЕХҲТ ДИИҲБ Миссиясининг раҳбари Каетана де Зулуета тақдим этилган батафсил ахборот учун миннатдорчилик билдириб, президент сайловида уларнинг халқаро кузатувчилар сифатида иштирок этиши доирасида бундай учрашувларнинг ўтказилиши мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг ҳозирги ҳолатини, ислоҳотларнинг суръати ва йўналишларини чуқурроқ англаб етиш учун муҳим эканлигини қайд этди. Меҳмон сайловни кузатишга таклиф этилганлиги учун, шунингдек кўрсатилган ёрдам ва ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдирди.
          Президент сайлови якунлари ҳақида сўз юритар экан Каетана де Зулуета сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартишларда ЕХҲТ ДИИҲБнинг аввалги айрим тавсиялари инобатга олинганлигини, шунингдек сайловолди кампанияси ва овоз бериш тартиб-таомиллари юзасидан батафсилроқ нормалар жорий этилганлигини таъкидлади. У шунингдек, сайловни ўтказиш чоғида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қонунда белгиланган барча муддатларга риоя қилганини ва умуман ўз вазифаларини очиқ-ошқора бажарганини, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси сессиялари ОАВ, сиёсий партиялар вакиллари ҳамда халқаро кузатувчилар учун очиқ бўлганини ҳам маълум қилди.
          Ўзбекистонда парламентаризмни такомиллаштириш юзасидан амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз борганда Каетана де Зулуета мамлакат қонун чиқарувчи органининг ваколатлари анча кенгайтирилганлиги ва кучайтирилганлиги ҳақидаги фикрга қўшилди. Унинг фикрича, Ўзбекистон Парламентининг ЕХҲТ Парламентлараро Ассамблеяси билан ҳамкорлигини ривожлантириш, шунингдек Парламентлараро Ассамблея фаолиятида унинг иштирок этиши Ўзбекистон ва ЕХҲТ ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлади.
          Шунингдек, меҳмон тавсияларининг Ўзбекистон томонидан бажарилишини таҳлил қилиш ва бунга баҳо бериш билан бир қаторда ЕХҲТ ДИИҲБ Ўзбекистондаги сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг янада такомиллаштирилишига амалий ёрдам бериши зарур деган фикрга ҳам қўшилди. Шу ўринда томонлар ЕХҲТ ДИИҲБ батафсил якуний ҳисобот тақдим этганидан сўнг ЕХҲТ ДИИҲБнинг президент сайлови якунларига доир тавсияларини кўриб чиқиш ва муҳокама этиш юзасидан нодавлат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини кенг жалб қилган ҳолда қўшма тадбирлар (семинарлар, конференциялар ва давра суҳбатлари) ташкил этиш масаласини муҳокама этдилар.   
          «Мен мамлакатингизга 1996 йилда ташриф буюрган эдим ва ҳозир Ўзбекистонга келиб мамлакатингиз таниб бўлмайдиган даражада ўзгариб кетганлигини айтишим мумкин, –  деб қайд этди Каетана де Зулуета. – Шаҳарларнинг қиёфаси, одамларнинг онги, жамоатчиликнинг юз бераётган воқеаларга муносабати, шу жумладан Ўзбекистон ҳақидаги менинг фикрим ўзгарган».

Хулоса ўрнида Каетана де Зулуета бугун Ўзбекистонда юз бераётган демократик ислоҳотларни кузатаётиб, мамлакатда демократлаштириш жараёнлари, шунингдек Ўзбекистоннинг ЕХҲТ билан муносабатлари бундан-да ривожлантирилиши ва чуқурлаштирилишига ишонч билан қараётганини таъкидлади. Меҳмон ҳали ҳам эскирган қараш ва андазалардан келиб чиқиб хулосалар қиладиган одамлар топилишидан афсусда эканлигини билдирди.



Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
Матбуот хизмати

O'zbekcha | Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati