O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

ДЕПУТАТЛИК НАЗОРАТИНИ ЯНАДА КУЧАЙТИРИШ МАСАЛАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

31.10.2014

2014 йил 31 октябрда Тошкент вилояти ҳокимлигида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси ва халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашининг қўшма мажлисида Тошкент вилояти халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг маҳаллий давлат ҳокимияти ижро этувчи органлари фаолияти, хусусан «Соғлом бола йили» Давлат дастурининг бажарилиши устидан депутатлик назоратини амалга ошириш борасидаги иш тажрибасини ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.

Мажлисда Сенат комиссияси аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг аъзолари, халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгаши депутатлари, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари доимий комиссияларининг раислари, Тошкент вилояти, туман, шаҳар ҳокимликлар ташкилий-назорат гуруҳларининг раҳбарлари, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Тошкент вилояти халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти ижро этувчи органлари фаолияти, хусусан «Соғлом бола йили» Давлат дастурининг бажарилиши устидан депутатлик назоратини амалга ошириш борасида муайян ишлар олиб борилганлигини сенаторлар қайд этиб ўтдилар.

Бугунги кунда Тошкент вилояти халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида жами 625 нафар депутат фаолият кўрсатиб келмоқда. Халқ депутатлари Тошкент вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сессиялари ва уларнинг доимий комиссиялари мажлисларида ҳудудлар учун долзарб ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бўлган масалалар тизимли равишда муҳокама қилиб келинмоқда. Хусусан, 2014 йилнинг ўтган етти ойи давомида Тошкент вилояти халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари томонидан жами 106 та сессия ўтказилиб, уларда 400 га яқин, шу жумладан ҳудудлар учун долзарб ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бўлган қарийб 150 та масала кўриб чиқилган. Барча масалалар батафсил муҳокама этилиб, улар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинган.

Хусусан, халқ депутатлари Тошкент вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари ва улар доимий комиссиялари томонидан «Соғлом бола йили» Давлат дастурининг ижроси билан боғлиқ 40 га яқин масала сессияларда, 80 дан зиёд масала эса, доимий комиссиялар мажлисларида муҳокама этилган. Ушбу Давлат дастурининг мазмун ва моҳиятини тушунтириш ва унда белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида 200 дан ортиқ учрашув, давра суҳбати, савол-жавоб кечалари ва бошқа тадбирлар ўтказилган. “Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши депутатлари мақоми тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 8-моддасига мувофиқ, депутатлар томонидан тегишли ҳудуддаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари мансабдор шахсларига 350 га яқин депутатлик сўрови юборилган. Бундан ташқари, депутатлар томонидан сайловчиларнинг 700 дан ортиқ мурожаати тегишлилиги бўйича кўриб чиқиш ҳамда уларда кўтарилган масалаларни ҳал этиш учун мутасадди тузилмаларга жўнатилган. Жорий йилнинг биринчи ярми давомида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг моҳияти, қонун ҳужжатларининг мазмуни ҳамда аҳамияти ва бошқа масалалар юзасидан  депутатлар томонидан оммавий ахборот воситаларида 663 та чиқиш қилинган.

Эътиборли жиҳати шундаки, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси, “Адолат” социал-демократик партияси ва Ўзбекистон Халқ-демкоратик партиясининг халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳлари томонидан халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиялари кун тартибига ҳудуд учун долзарб ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга молик масалалар киритиб борилган.

Таъкидлаш жоизки, маҳаллий давлат ҳокимияти ижро этувчи органлари фаолияти, хусусан «Соғлом бола йили» Давлат дастурининг бажарилиши устидан депутатлик назоратини амалга оширишда депутатлик сўрови институти имкониятларидан самарали фойдаланишда халқ депутатлари Бўстонлиқ, Қуйи Чирчиқ, Оҳангарон ва Янгийўл туман Кенгашлари депутатлари фаоллиги аҳамиятга моликдир.

Шу билан бирга, халқ депутатлари Тошкент вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг маҳаллий давлат ҳокимияти ижро этувчи органлари фаолияти, хусусан «Соғлом бола йили» Давлат дастурининг бажарилиши устидан депутатлик назоратини амалга оширишдаги фаолиятида айрим хато ва камчиликларга ҳам йўл қўйилганлиги муҳокама жараёнида сенаторлар томонидан таъкидлаб ўтилди. Айрим халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти ижро этувчи органларининг  фаолияти устидан, жумладан Ўзбекистон Республикаси қонунлари, шунингдек давлат дастурларининг ёш оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш, она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом болани парвариш қилишда тиббиёт ходимларининг масъулиятини янада оширишга доир фаолияти устидан таъсирчан депутатлик назоратини амалга оширишга етарлича эътибор қаратилмаган.

Муҳокама якуни бўйича тегишли қўшма қарор қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

Русский | O'zbekcha

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati